Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:09

"Самарқанд руҳи" га қайтилмоқда..?


Россия президенти Самарқанднинг Сиëб бозорига бориб¸ ўзбек неъматларидан татиб кўрди.
Россия президенти Самарқанднинг Сиëб бозорига бориб¸ ўзбек неъматларидан татиб кўрди.

Пайшанба куни Россия президентининг Ўзбекистонга бошлаган илк ташрифи¸ икки давлат алоқаларининг қай аҳволда экани ва қай томон кетаëтганига оид қатор саволларни ўртага қўйди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ташрифга оид тафсилотларни ошкор қилмади.

Россия президенти матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, президент Медведев ўз ташрифининг биринчи кунини Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов туғилиб- ўсган Самарқанд шаҳрида ўтказади.

Кремл пресс-релизида айтилишича, пайшанба куни Самарқандда икки давлат раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтади.

Медведев давлат ташрифи доирасидаги расмий учрашувлар ташрифнинг иккинчи куни Тошкентда ўтказилади.

Россия раҳбарининг давлат ташрифи Андижон воқеаларидан кейин мисли кўрилмаган даражага чиққан Тошкент-Москва муносабатларида совуқлик кузатилаётган пайтга тўғри келмоқда.

Шу сабабдан баъзи кузатувчилар кейинги бир йил давомида Россиядан узоқлашиб, нигоҳини Ғарб томон бурган Каримовнинг Медведев билан икки томонлама муносабатларга оид муҳим келишувларга эришишига шубҳа билан қарамоқда.

Россиядаги “Время новостей” газетасининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Аркадий Дубнов гапиради.

- Тошкент билан Москва ўртасидаги муносабатларда ҳеч қандай олға силжиш бўлмайди. Тошкент ҳукумати мазкур ташрифдан икки давлат ўртасидаги муносабатлар илиқлигини шунчаки намойиш қилиш мақсадида фойдаланиши мумкин.

Қандайдир келишувлар ҳам имзоланар, лекин бу келишувлар Ўзбекистон раҳбарияти учун муҳим аҳамиятга эга бўлмаган ҳужжатлардан иборат бўлади. Шу билан Тошкент томонидан Москвага нисбатан ўзига хос мулозамат рамзи бўлган қадамлар қўйилади.

Давлат ташрифининг биринчи кунида Самарқандда номрасмий учрашувлар ўтказилаётгани ҳам бунинг тасдиғидир. Улар Каримовнинг туғилиб ўсган шаҳрида матбуот вакилларисиз шунчаки шаҳар томоша қилишади.

Улар кечқурун Тошкентга келишади, яъни ташрифнинг асосий қисмига бир кун вақт ажратилган холос, дейди россиялик таҳлилчи Дубнов.

РИА новости агентлигининг сиёсий шарҳловчиси Санобар Шерматова эса, Ўзбекистон-Россия муносабатларида совуқлик эмас, танаффус бўлгани ва Медведевнинг пайшанба куни бошланган ташрифи танаффуснинг тугашига туртки бўлиши мумкин, деган фиркда.

- Бу танаффусга, президент Медведев ўзининг салафи Путиндан фарқли ўлароқ Ўзбекистон билан муносабатларни ўзининг устивор масалаларидан, деб билмагани сабаб бўлди.

Медведев президент бўлганидан кейин минтақадаги барча давлатларга бориб улгурди. Ўзбекистонга эса биринчи марта келмоқда.

Ташрифнинг Самарқанддан бошланаётгани эса, менимча, Ўзбекистон томонидан кўзланган рамзий мақсад боисидан бўлса керак.

Чунки эсингизда бўлса, 2003 йилда Ўзбекистоннинг Қўшма Штатлар билан яқинлашуви энг юқори паллага чиққан пайтлари президент Путин Самарқандга ташриф буюрди ва Каримов шахсан ўзи унга шаҳарни кўрсатди.

Ўшандан кейин икки томонлама муносабатларда қандайдир силжишлар кузатила бошлади. Ҳатто ўшанда Москва ва Тошкент муносабатларига қўлланадиган “Самарқанд руҳи” атамаси ҳам пайдо бўлганди.

Менимча, Ўзбекистон ҳукуматининг Медведевга давлат ташрифини Самарқанддан бошлашни таклиф қилганида, бу ташрифнинг икки томонлама муносабатларга туртки бўлувчи бир омил бўлишига оид яхши ниятини кўриш керак, дейди таҳлилчи.

Тошкентдаги “Сиёсат” таҳлил марказининг шарҳловчиси Ғофур Жамолов Россия билан Ўзбекистондаги муносабатлар шундоқ ҳам юқори даражада, деган ишончда.

Унинг айтишича, президент Медведевнинг давлат ташрифи эса бу муносабатларнинг янада ривожланишига туртки бўлади.

Чоршанба куни президент Каримов Россиянинг Лукойл ширкати раҳбари Вагит Алекперовни қабул қилгани бунга ёрқин далил бўлиши мумкин, деб давом этади таҳлилчи Жамолов.

- Мен эҳтимоллар ниҳоятда юқори деб айтган бўлардим. Чунки Россия давлат раҳбарининг ташрифи бошланишидан бир кун аввал Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистон республикаси президенти Ислом Каримов Лукойл раҳбари Вагит Алекперовни қабул қилди.

Шу қабул ва қабул давомида Ўзбекистон-Россия ўртасида ëқилғи энергетика соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга урғу берилгани ва шу билан боғлиқ бўлган бир қанча масалаларнинг муҳокама қилинганининг ўзиëқ бугун Россия Ўзбекистонга катта қизиқиш билан қараëтганини кўрсатади.

Бу нафақат ëқилғи энергетика балки тўқимачилик¸ қишлоқ хўжалиги ва бошқа жуда кўплаб соҳаларда Ўзбекистонни ишончли ҳамкор сифатида кўраëтганлигини кўрсатади¸ дейди Жамолов.

Кремл матбуот хизмати Озодликка берган маълумотномасида айтилишича, жума куни Тошкентда бошланадиган музокараларда президентлар ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик, наркотиклар савдосига қарши кураш ва қатор бошқа масалаларни муҳокама қилади.

Кремл пресс-релизида давлатлараро келишувларнинг имзоланиши ҳақида, ҳеч нарса айтилмаган.

Кўплаб таҳлилчиларнинг Ўзбекистон-Россия муносабатларида Андижон воқеаларидан кейин кузатилган илиқлик сўниб боряпти, қабилидаги хулосаларига кейинги бир йил давомида Ўзбекистоннинг АҚШ ва Европа Иттифоқига мулозамат муждаларини юбораётгани ҳамда ўтган йилнинг охирида Россия назоратидаги Евроосиё Иқтисодий ҳамжамиятидаги иштирокини тўхтатиб қўйгани ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасидаги муҳим ҳужжатларни қабул қилмай келаётгани сабаб бўлган.

Россияпараст сиёсатшунослар Андижон воқеаларидан кейин ёғилган халқаро танқидлардан қутулиб олган Каримов ҳукумати учун бугун Кремл ҳомийлиги керак бўлмай қолди, қабилидаги фикрларни айтмоқда.

Аркадий Дубнов Москва ҳомийлигидан катта умидлари бўлган ва охир-оқибат бу умидлари пучга чиққан Каримовни тушунса бўлади, дейди Озодлик билан суҳбатда.

- Чунки Москва кейинги пайтларда Қозоғистон билан муносабатларни муҳимроқ, деб ҳисоблай бошлади.

Чунки Қозоғистон сўнгги йилларда хом -ашё ва молиявий жиҳатдан аҳамият ошиб борди. Ва бу вазиятда Каримовнинг Қозоғистонга нисбатан рашки кела бошлади ва Москвадан ҳафсаласи пир бўлди.

Айниқса, Россия, Қозоғистон ва Беларус иштирокидаги божхона иттифоқи тузилгани бу рашкни янада кучайтирди.

Натижада, Тошкент Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятидан чиқди ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги ҳамкорликни оширишга ҳам ошиқаётгани йўқ¸ дейди россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов.

Россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов, Медведевнинг давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда жиддий силжишга сабаб бўлмаслигига икки президентнинг шахсий хусусиятлари ҳам йўл қўймайди, деб хулоса қилади.

- Улар иккита турли авлод лидерларидир. Уларнинг қизиқишлари ва қарашлари ҳам турлича.

Бундан ташқари, Путиндан фарқли ўлароқ Медведев Тошкент раҳбарига ишончсизлик ва беписандлик билан қарайди.

Бу ташриф шунчаки Каримов учун Россия президенти бизникига ҳам давлат ташрифи билан келди, дея олишига баҳона бўлади холос, дейди “Время новостей” газетасининг шарҳловчиси Аркадий Дубнов.
XS
SM
MD
LG