Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:38

Обама дипломатияни тирилтирмоқчи


Президент Обаманинг дунëнинг энг қайноқ нуқталаридаги икки қаноти Митчел ва Ҳолбрук бўладиган кўринади.
Президент Обаманинг дунëнинг энг қайноқ нуқталаридаги икки қаноти Митчел ва Ҳолбрук бўладиган кўринади.

АҚШ президенти Барак Обама ўзи устивор деб эълон қилган вазифалар ижросига зудлик билан киришди ва пайшанба куни яна икки муҳим қарорини эълон қилди.

Бу қарорга кўра¸ собиқ сенатор ва тажрибали музокарачи Жорж Митчел АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили этиб тайинланди.

Афғонистон ва Покистон бўйича махсус элчи вазифасига эса¸ Босния урушига барҳам берган тинчлик келишуви музокарачиси Ричард Ҳолбрук тайинланди.

Бу икки нуфузли ва узоқ тажрибага эга сиëсатчининг Яқин Шарқ ¸ шунингдек Афғонистон ва Покистон бўйича президентнинг махсус вакили этиб тайинланиши¸ Барак Обаманинг сайловолди ваъдалари ижросига шиддат ва қатъият билан киришганидан берилган навбатдаги далолат бўлди.

Пайшанба куни АҚШ Давлат котиби сифатида иш бошлаган Ҳиллари Клинтон¸ ўз идорасига кела солиб қилган баëнотида¸ дипломатиянинг Обама маъмурияти қўлида кучли қуролга айланажагини таъкидлади.

- Бугун биз Америка қаддини қайта тиклаш ва нафақат 21 аср синовларига муносиб жавоб топиш¸ балки қаршимиздаги янги имконларни бой бермаслик йўлида қаттиқ ишга киришдик. Президентимиз дипломатия ва тараққиëтни мудофаа билан бир қаторда ташқи сиëсатимиз устунлари қилиб белгилади¸ деди Клинтон хоним.

Барак Обама президент сифатида иш бошлар экан¸ унинг олдида халқаро майдондаги ўта чигал ва мураккаб халқаро жумбоқлар чигалини ëзиш вазифаси турибди.

Бу жумбоқларнинг энг оғири эса¸ Яқин Шарқ ва Афғонистонда тинчлик ўрнатишдир.

Шу боис¸ ҳам АҚШ ичкариси¸ ҳам хорижда уста музокарачи ва маҳоратли дипломат сифатида ном қозонган Жорж Митчел билан Ричард Ҳолбрукни айни шу жабҳаларга жалб қилиш¸ таҳлилчилар фикрича¸ нафақат Обаманинг юксак заковати¸ балки унинг аниқ стратегияси ифодаси ҳамдир.

67 яшар Ричард Ҳолбрук Босния урушига нуқта қўйган Дейтон тинчлик шартномаси имзоланишини ҳозирлаш учун Белград¸ Загреб ва Сараеводаги ғанимларни бир жойга тўплаш ва уларни охир-оқибат келишув остига имзо қўйишга кўндирган сиëсатчидир.

Билл Клинтон даврида Давлат котиби лавозимига келиши кутилган Ҳолбрук¸ бунинг ўрнига АҚШ нинг БМТ даги элчиси этиб тайинланган эди.

Ҳолбрукни Афғонистон ва Покистон бўйича ўз элчиси қилиб тайинлаш орқали президент Обама¸ бу минтақада давомли тинчлик ўрнатиш йўлида ҳарбий куч билан баробар кучли дипломатияни ҳам ишга солажагидан мужда берди.

- Айни шу минтақа бизнинг террорчилик ва экстремизмга қарши давом этаëтган курашимиздаги марказий жабҳадир. Бу ерда ҳам¸ худди Яқин Шарқдаги каби¸ биз муаммоларни якка ҳолда ҳал қила олмаймиз.

Афғонистон муаммосига Ал-Қоида ва Покистон сарҳадларига толибон базаларини мағлуб этмай туриб ечим топиб бўлмайди.

Айни пайтда¸ Афғонистон ва Покистон халқига яхши яшаш имконлари берилмас экан¸ бу минтақада давомли тинчлик ўрнатиб бўлмайди¸ деди Обама Ҳолбрукни бу минтақадаги ўз элчиси этиб тайинлаш қарорини эълон қила туриб.

Бундан буëн Обаманинг Яқин Шарқдаги махсус вакили сифати фаолият юрғизадиган Жорж Митчел ҳам музокарачилик маҳорати бобида Ҳолбрукдан ўтса-ўтадики¸ қолишмайди.

Шимолий Ирландиядаги католик ва протестантларни тинчликка олиб келган Митчел¸ айни пайтда Яқин Шарқ муаммосидан ҳам яхши огоҳ ва президент Клинтон даврида Фаластин-Исроил можаросига ечим топиш топиш вазифаси билан шуғулланган.

2001 йили Митчел¸ Исроилни Фаластин ҳудудларида яҳудийлар учун маҳалла қуришни тўхтатиш¸ фаластинликларни эса¸ терроризмга қарши кескинроқ курашишга чақирувчи ҳисобот эълон қилган эди.

Қасамëдга келтирилган куни Обама араб ва Исроил раҳбарларини тинчлик учун фаол жараëн бошлашга даъват қилди.

Пайшанба куни президент Обама айни шу мақсадини яна такрорлади.

- Исроил ва фаластинликлар¸ қолаверса Исроил ва унинг араб қўшнилари учун давомли тинчлик барпо этиш менинг маъмуриятимнинг фаол сиëсати бўлади¸ деди президент Обама пайшанба куни.


XS
SM
MD
LG