Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:23

Араблар тожикларга масжид қуриб бермоқчи


Тожикистонлик мусулмонлар эътирофича, кейинги пайтларда мамлакат расмий масжидларида салафий оқимига мансуб кишиларнинг ҳатто намоз ўқишларига ҳам тўсқинлик қилинмоқда.
Тожикистонлик мусулмонлар эътирофича, кейинги пайтларда мамлакат расмий масжидларида салафий оқимига мансуб кишиларнинг ҳатто намоз ўқишларига ҳам тўсқинлик қилинмоқда.

Тожик расмийлари мамлакатда чет эллик сармоядорлар пулига катта масжидлар қуриш баробарида айрим диний оқимлар фаолиятини чеклашга уриниб келмоқдалар.

Тожикистон пойтахти Душанбеда Марказий Осиёдаги энг йирик масжид қурилиши режалаштирилмоқда.

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, марказий осиёликлар ҳавасини келтирадиган мазкур масжид учун Қатар ҳукумати 500 миллион доллар ажратган.

Тожикистон ҳукумати Араб давлатлари билан ҳамкорликни мамлакат иқтисодиёти учун муҳим деб билишини таъкидлаган Ташқи ишлар вазири Зарифий ўтган ҳафта расмий сафар билан Душанбега келган Қатарнинг халқаро ҳамкорликлар бўйича вазири Холид ибн Муҳаммад билан музокаралар якунида бу масжид қурилиши борасида шартнома имзоланганини маълум қилди.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси, тожик парламенти депутати Муҳиддин Кабирийга кўра, аҳолисининг 95 фоизи мусулмон бўлган Тожикистон учун шундай бир масжиднинг қурилиши аҳамиятли.

- Аввало шуни айтиш керакки, пойтахтимизда шундай бир замонавий масжидни Тожикистоннинг ўзи қуриши керак эди. Аммо, афсуски, Тожикистон Марказий Осиё бошқа давлатларидан фарқли равишда намозхонларимиз учун муносиб масжид қура олмаган.

Кўпинча хориждан келган меҳмонлар ҳам нега аксарияти мусулмон бўлган Тожикистонда катта масжид йўқлигини сўрашади.

Агар Қатар биз учун масжид қуриб бермоқчи экан, бу қандай мақсадда қурилишидан қатъий назар, олқишга сазовор. Чунки бугун бизда катта масжид учун эҳтиёж катта, дейди Кабирий.

Ўзини Меҳринисо деб таништирган аёл араблар томонидан қурилиши айтилаётган масжид қурилганидан сўнг тожик аёлларига бу масжидда намоз ўқиш имконияти берилиши мумкинлигини айтади:

- Биз аёллар ҳам масжидда намоз ўқиш, хусусан, Жумъа намозлари ўқишни истаймиз. Ҳозир аёлларнинг масжидларга қўйилмаслигини масжидларда жой етишмаслиги билан изоҳлашади.

Кўпдан бери биз буни истаймиз. Мана ҳозир ислом уйғониш партияси ўз биносида Жумъа намозлари ўқишимизга шароит яратиб берган.
Бир йилдан ортиқ кузатувларимдан шуни айта оламанки, масжидда намоз ўқиш имкони туғилгандан сўнг ёмон йўлларга кириб кетган баъзи қизларимиз тўғри йўл танлай бошладилар.

Масжид аёллар, хусусан, қизлар тарбияси учун муҳим. Шу билан бирга Тожикистонда масжидларнинг кўпайиши мамлакатга файзу баракот олиб келади, дейди Меҳринисо.

Аммо ўз номини айтишни истамаган бошқа бир суҳбатдошимиз эса мамлакатда баракот, тўкин-сочинчилик бўлиши учун меҳнат ҳам қилиш кераклигини таъкидлайди:

- Мен ҳам беш вақт намоз ўқийман. Ўғлим 3-синфда ўқийди, ҳар ҳафта жума намозига боради.

Масжидлар бор. Унинг ўрнига ишхона, завод фабрика қурилсин. Халойиқ, хусусан, аёлларимиз бориб ишласин. Мана, болалар бекор. Ўғрилик, айғоқчилик камроқ бўлади ишхона бўлса, ҳамма бориб ишлайди, дейди суҳбатдошимиз.

Сўнгги икки йил мобайнида Тожикистондаги 300 дан зиёд масжидда намоз ўқиш таъқиқланди. Душанбе шаҳридаги ўндан ортиқ масжид бузиб ташланди.

Ҳукумат масъуллари буни мазкур бинолар учун тегишли идоралардан расмий рухсат олинмагани билан изоҳласалар-да, баъзи тожикистонликлар ва айрим сиёсий партия вакиллари бунинг Ислом динига нисбатан эълон қилинмаган уруш эканини айтиб келадилар.

Ўтган йили Тожикистон президенти Имомали Раҳмон бир қатор араб мамлакатларига расмий сафари чоғида араб оммавий ахборот воситалари мухбирларининг Тожикистонда масжидлар бузилаётганига доир саволига жавобан “бу ташқи душманларнинг уйдирмаси” эканини ва “фуқаролар диний эркинлиги чекланганига доир хабарлар ҳам бўрттирилган”ини айтганди.

Яқинда Тожикистон Олий суди ҳукми билан Салафия оқими расман таъқиқланди.

Бундан бир йил аввал “Ҳизбут-Таҳрир” партияси диний-экстремистик ва террористик ташкилот ўлароқ эълон қилинган эди.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотларга кўра, шу кунларда бу ташкилотга аъзоликда айбланган 500 га яқин тожикистонлик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Маҳаллий таҳлилчилар ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидича, уларнинг аксарияти Ҳизбут-Таҳрир ҳақида умуман тушунчага эга бўлмаган, фақат ҳижоби ёки диний қарашлари учун озодликдан маҳрум этилганлардир.
XS
SM
MD
LG