Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2020, Тошкент вақти: 17:58

Халқаро хабарлар

Афғонистонда норозилик намойишлари ўтди

Бугун минглаб афғонистонликлар тинч фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлган навбатдаги ҳарбий амалиётдан норозилик билдириб, президент Ҳамид Карзай ва АҚШ га қарши намойиш ўтказди.

Айни пайтда Афғонистон ва АҚШ расмийлари мамлакат шарқидаги Лағмон вилоятида амалга оширилган ҳарбий амалиёт юзасидан қўшма тергов ишларини бошлаб юборди.

АҚШ ҳарбийларига кўра, шанба куни эрталаб ўтказилган ҳарбий операция давомида 15 нафар қуролланган жангари йўқ қилинган, бироқ маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, амалиёт чоғида 10 нафар тинч фуқаро нобуд бўлиб, жангари гуруҳ аъзолари сифатида гумон қилинган 3 киши ўлдирилган.

- Коалиция кучлари Лағмон вилояти марказидаги нишонларга зарба берди. Ушбу ҳужум оқибатида 3 террорчи ўлдирилди ва минг афсуслар бўлсинки, аёллар ва болалардан иборат 10 нафар тинч фуқаро нобуд бўлди, – деди Лағмон вилоятининг ҳокими Лутфулло Машъал “Озодлик” радиосига.

АҚШ ҳарбийлари эса мазкур амалиёт давомида бир гуруҳ жангарилар билан тўқнаш келганликларини айтмоқда. Уларга кўра, 11 жангари отишма давомида ўлдирилган бўлса, ҳаводан берилган зарбалар натижасида яна 4 нафари йўқ қилинган.

Кун янгиликлари

АҚШдаги тожик чойхонаси тарихий обида сифатида эълон қилинди

Душанбедаги чойхоналардан бири.

АҚШнинг Колорадо штатидаги Боулдер шаҳар кенгаши “Боулдер-Душанбе” чойхонасини тарихий обида деб эълон қилди. Мазкур чойхона давлат ҳимоясига олиниши тўғрисида қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Мазкур чойхона Душанбе шаҳри томонидан 30 йил аввал Боулдерга тортиқ қилинган эди. Мазкур чойхонани тожикистонлик усталар қуриб берган. Боулдер Душанбе билан биродарлашган шаҳар ҳисобланади.

Чойхонани тарихий обида деб тан олиш тўғрисидаги таклиф шаҳар кенгаши аъзолари ўртасида ўтказилган онлайн овоз беришда бир овоздан қўллаб-қувватланди. Бу масалада якуний қарор 3 декабрда қабул қилинади.

Мэр Сэм Уивер тожик чойхонасини “Боулдернинг маданий хазинаси”, деб атади. Мазкур чойхонани тарихий обида сифатида ҳимоя остига олиш ташаббуси октябрь ойида “Боулдер-Душанбе чойхонаси дўстлари” жамоат ташкилоти томонидан кўтарилганди.

“Ислом давлати террор гуруҳи Ислом маданий ва тарихий обидаларини яксон қилаётган пайтда, биз бу чойхонани Ислом маданияти объекти сифатида ҳимоя қилишимиз зарур”,-дейилади ташкилот баёнотида.

Ташкилот чойхонани таъмирлаш учун шаҳар мэриясини тожикистонлик усталарни таклиф қилишга чақирди.

Мазкур чойхона қурилиши 1987 йилда бошланиб, 1990 йилда якунланган эди. Чойхона қурилишида Тожикистондан келган 40 нафар уста иштирок этган. Мазкур чойхонадаги нақшлар ва безакларнинг барчаси ҳеч қандай замонавий ускуналарсиз, қўлда бажарилган.

Хитой Ойга яна бир коинот кемасини учирди

Ўтган йили Хитойнинг Чанъэ-4 станцияси Ойга пахта уруғини олиб чиққан эди.

Хитой 24 ноябрь куни коинотга Ойдан тупроқ намуналарини олиб ерга қайтувчи космик кемани учирди. Чанчжэн-5 ракетаси Ойга Чанъэ-5 аппаратини олиб чиқади.

Парвоз Хайнан вилоятидаги коинот марказидан 24 ноябрь куни соат 4:30 амалга оширилди.

Агар парвоздан кўзланган мақсад амалга оширилса, Хитой АҚШ ва Совет Иттифоқидан кейин Ойдан тупроқ намуналарини олган учинчи мамлакат бўлади.

Хитой коинотга бошқариладиган космик станцияни ва Ойга одамларни чиқариш реажасини олға суриб келмоқда.

2019 йилнинг январида Хитой Ойга юборган станция бортидаги пахта уруғи ўсиб чиққани ва ўсишда давом этаётгани эълон қилинганди.

Ойга пахта уруғини ўша йилнинг январь ойи бошларида Чанъэ-4 станцияси олиб чиққан. Пахта станция бортидаги идиш ичида ўсмоқда.

Тарихда илк маротаба фазода ўсаётган ўсимлик суратларини Чунсин университетининг Мураккаб технологияларни ўрганиш институти эълон қилган эди.

Оқ Уй Жо Байденга ҳокимиятни топшириш жараёнини бошлашга тайёр

Вашингтон, Оқ уй.

АҚШнинг Умумий хизмат кўрсатиш соҳасини бошқариш федерал агентлиги раҳбари Эмили Мерфи 23 ноябрь куни сайланган президент Жо Байденни ҳокимиятни янги маъмуриятга топшириш жараёнини амалга ошириш учун қонунда белгиланган тартибда давлат маблағлари ва ресурсларидан фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Бу 3 ноябрда ўтган сайловдан сўнг Дональд Трамп маъмуриятининг Жо Байденни илк бор расман тан олиши бўлди.

Бундан буён Жо Байден командаси ўтиш даврида Дональд Трамп маъмурияти билан ахборот алмашиниш, Федерал тергов бюроси билан ҳамкорликда Оқ Уйдаги юқори лавозимга тайинланиши кутилаётган номзодларни текшириш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, Жо Байден командасига ўтиш даврини молиялаштириш учун 6 миллион 300 минг доллар берилади.

Умумий хизмат кўрсатиш соҳасини бошқариш федерал агентлиги раҳбари Эмили Мерфи Жо Байденга ёзган огоҳлантириш мактубида “ҳокимиятни топшириш жараёнини бошлашни бир оз кечиктириб туриш тўғрисидаги қарорни Оқ Уй босимисиз, ўз шахсий ташаббуси билан қабул қилгани”ни билдирди.

“Мен бу қарорни қабул қилиш муддатини узайтириш юзасидан ҳеч қандай кўрсатамалар олмадим, аммо бу қарорни эртароқ қабул қилишим шартлиги талаби билан менга турли таҳдидлар қилинди”,-деб ёзди Эмили Мерфи.

Дональд Трамп Мерфининг бу мактубига твиттер орқали муносабат билдирар экан: “Мен Эмили Мерфига мамлакатимиз қадриятларига содиқлиги ва мойиллиги учун миннатдорчилик билдираман. Унга таҳдид қилишди, уни ҳақорат қилишди ва мен бу ҳолат у билан, унинг оиласи билан қайта такрорланишини истамайман”,-деб ёзди.

Трамп Мерфини ҳокимиятни топшириш жараёнида қонунда назарда тутилган барча талабларни бажаришга чақирди.
Айни пайтда Дональд Трампнинг сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан ёзган аризалари турли штатлар судларида кўриб чиқилмоқда.

Жо Байден эса ўз командасини шакллантирмоқда. Душанба куни Байден ички хавфсизлик вазири лавозимига келиб чиқиши кубалик бўлган Алехандро Майоркас, давлат котиби лавозимига Тони Блинкен, АҚШнинг БМТдаги доимий вакиллигига Линда Томас-Гринфилд, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиликка Жей Салливан номзодларини кўрсатди.

Тоғли Қорабоғда мина портлаши оқибатида Озарбайжон офицери ҳалок бўлди, Россия офицери яраланди

Тоғли Қорабоғ маркази Степанакерт шаҳридаги манзара.

Тоғли Қорабоғда мина портлаши оқибатида Озарбайжоннинг бир нафар офицери ҳалок бўлди. Бундан ташқари Россиянинг бир нафар офицери ва маҳаллий давлат органлари вакилларидан тўрт киши яраланди.

Хабарда айтилишича, мина Россия, Озарбайжон ҳарбийлари, Тоғли Қорабоғ Фавқулодда вазиятлар бўлинмаси ходимлари ва Қизил Ҳоч халқаро ташкилоти 23 ноябрь куни Тертер туманидаги Мадагиз қишлоғи яқинида ҳалок бўлганлар жасадларини қидираётган пайтда портлаган.

ТАССнинг билдиришича, бу каби ҳамкор гуруҳлар икки ҳафтадан буён ҳалок бўлганлар жасадларини қидириб топиш билан шуғулланмоқда. Топилган жасадлар томонларга дафн этилиш учун топширилмоқда.

10 ноябрь куни Озарбайжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғда 27 сентябрдан бери давом этаётган урушни тўхтатиш тўғрисидаги шартномани Россия воситачилигида имзолаган эди. Мазкур битимга асосан Тоғли Қорабоққа Россия тинчликпарвар кучлари киритилган.

Исроил Бош вазири Саудия валиаҳд шаҳзодаси билан яширинча учрашди

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу 22 ноябрь куни биринчи марта Саудия Арабистонига келди. Нетаняҳу Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва АҚШ давлат котиби Майк Помпео билан махфий равишда учрашган.

France-Presse агентлигининг билдиришича, Нетаняҳу Исроил разведкаси - “Моссад” раҳбари Йосси Коэн билан хусусий самолётда Саудиянинг Табук вилоятига учган.

Исроил матбуоти бу ҳақда биринчи бўлиб хабар топди. Бу маълумотни France-Presse агентлигига ҳукуматдаги манба тасдиқлади. Аммо Бош вазир маъмурияти Саудия Арабистонига уюштирилган сафар тўғрисида маълумот беришдан бош тортди.

Саудия матбуотида бўлиб ўтган учрашув ҳақида бирорта маълумот эълон қилинмади. France-Presse сўровларига ҳам Саудия ҳукумати жавоб қайтармади.

Reuters агентлигининг билдиришича, Саудия ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон ал Сауд Нетаняҳу валиаҳд шаҳзода билан махфий учрашганини инкор қилди.

Бинямин Нетаняҳу Исроилга қайтганидан сўнг “Ликуд” партиясининг парламентдаги фракцияси йиғилишида бу борада берилган саволларга: “Шунча йилдан бери бу каби учрашувларни шарҳламаганман ва ҳозир ҳам шарҳламоқчи эмасман”,-деб жавоб берди.

АҚШ: Калифорниядаги черковда содир этилган ҳужумда икки киши нобуд бўлди

АҚШнинг Калифорния штатидаги Сан-Хосе шаҳрида жойлашган черковда пичоқ билан содир этилган ҳужум натижасида икки киши ҳалок бўлди.

Сан-Хосе полиция департаментининг Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилишича, 22 ноябрь оқшомида полициячиларга черковда пичоқ билан ҳужум қилинганига оид хабар етиб келган. Улар бир неча киши яралангани, айримларининг аҳволи оғирлиги ҳақида билдиришган. Кейинроқ полиция жабрланувчилардан икки нафари олинган жароҳатлар туфайли вафот этганини очиқлаган.

Полиция маълумотига кўра, ҳужум чоғида ибодат вақти бўлмаган, бироқ бу пайтда совуқдан сақлаш учун уйсиз олиб келинаётган бўлган. Ҳужум ким томонидан амалга оширилгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Жинсий озчиликлар байроқларини осганлиги учун Pussy Riot иштирокчилари жаримага тортилди

Мария Алёхина

Москвадаги икки туман суди давлат идоралари биноларига камалак тусидаги байроқлар осиш акцияси учун Pussy Riot иштирокчилари Вероника Никульшинага 10 минг рубль, Мария Алёхинага 15 минг рубль жарима белгилади. Бу ҳақда “Медиазона” нашрига Алёхинани ҳимоя қилган адвокат Дмитрий Захватов маълум қилган.

Шу йил 7 октябрида ўтказилган акциядан сўнг Никульшина ва Алёхинага қарши оммавий тадбирлар ўтказиш тартибини бузганликка оид баённомалар тузилган.

Никульшинанинг адвокати Сергей Тельнов “МБХ медиа” нашрига баённома тузган полициячилар байроқ осиш акциясини пикетга йўйганларини билдирган. Пикет ўтказиш пандемия важидан тақиқлангани учун суд Pussy Riot иштирокчиларини оммавий тадбирлар ўтказиш тартибини бузганликда айбдор, деб топган.

Pussy Riot гуруҳи 7 октябрда Россия президенти Владимир Путиннинг туғилган кунига атаб давлат гомофобиясига қарши акция уюштирганди. Фаоллар ФСБ (ФХХ), президент маъмурияти, Олий суд, “Басманний” ички ишлар бўлими ва Маданият вазирлиги биноларига камалак тусидаги байроқлар осиб кетишган.

Акциядан сўнг ўтган бир неча ҳафта мобайнида полициячилар унинг барча иштирокчиларини баённома тузиш учун тутиб кетишган. Иштирокчилардан Александр Софеев оммавий тадбирлар ўтказиш тартибини такроран бузганлик айблови билан 30 кунга ҳибс этилган.

COVID-19 га қарши AstraZeneca вакцинаси ўртача 70 фоиз самара берди

AstraZeneca ширкати коронавирусга қарши Оксфорд университети билан биргаликда ишлаб чиқилаётган вакцинаси 70 фоизни ташкил этгани ҳақида эълон қилди.

Ширкат хабарномасида айтилишича, синов чоғида эмловнинг икки варианти қўлланилган ва улар бир-биридан фарқ қилувчи натижалар кўрсатган.

Биринчи ҳолатда қарийб 3 минг одам дастлаб ярим дозадан, бир ойдан кейин эса тўла дозадан эмланган. Бундай эмлов 90 фоиз самара берган. Даставвал тўла доза, бир ойдан сўнг яна тўла доза шаклидаги эмлов эса 62 фоиз самара берган. Шу тариқа, иккала синов натижалари эътиборга олиниб, AstraZeneca томонидан ишлаб чиқилган вакцинанинг ўртача самарадорлиги 70 фоиз ўлароқ белгиланган. Хабарномада AstraZeneca вакцинаси 2 дан 8 градусгача температурада сақланиши мумкинлиги, эмлов чоғида эса алоҳида шароит талаб этилмаслиги урғуланган.

Агар вакцинадан фойдаланиш учун рухсат берилса, ширкат 2021 йили 3 миллиард дозагача вакцина ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирган.

18 ноябрь куни Pfizer ширкати Германиянинг BioNTech ширкати билан бирга ишлаб чиққан вакцинаси 95 фоиз самара берганини очиқлаган. Аммо бу вакцина -70 градус температурада сақланиши ва ташилишида лозимлиги айтилган.

Ноябрь ойда АҚШнинг Moderna ширкати синовларнинг учинчи босқичида ўз вакцинаси 94,5 фоиз самара берганини қайд этган.

Moderna ўз вакцинасининг битта дозасини 25 доллардан 37 долларгача, Pfizer тақрибан 18 долларга баҳолаган. AstraZeneca эса ўз вакцинаси асосий рақобатчиларида 4 долларча арзонроқ бўлишини маълум қилган.

Қирғизистонда президентликка номзодини кўрсатган 65 кишидан 17 нафарининг ҳужжатлари қайтарилди

Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Абдижапар Бекматов.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси муддатидан олдин ўтказиладиган президентлик сайловида иштирок этиш ниятини билдирган 65 кишидан 17 нафарининг ҳужжатини ортга қайтарди. Айни пайтда 48 номзоднинг ҳужжати кўриб чиқиш учун қолдирилди.

Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Абдижапар Бекматов 23 ноябрь куни Озодлик радиоси қирғиз хизматига 5 киши ҳужжатларни ўз хоҳиши билан чақиртириб олганини, 12 кишининг ҳужжатини эса комиссия ортга қайтарганини билдирди.

“Ҳозир банкда ҳисоб очиш, халқдан имзо тўплаш ва сайловда иштирок этиш учун гаров пулини тўлаш жараёни бормоқда. Бу жараён 3 декабргача давом этади. Номзодлар етишмаган ҳужжатларни 6 декабргача комиссияга топшириши шарт. 14 декабрда номзодларнинг ҳужжатларини текшириш ва рўйхатга олиш якунланади. 15 декабрдан бошлаб тарғибот-ташвиқот ишлари бошланади”,-деди расмий.

2017 йилда 6 йиллик муддатга президентликка сайланган Сооронбай Жээнбеков 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг юзага келган сиёсий бўҳрон ортидан истеъфо берган эди. Навбатдан ташқари президентлик сайлови 10 январга белгиланган.

2017 йилда ўтган президентлик сайловида 57 киши, 2011 йилда 87 киши номзод сифатида иштирок этган эди.

Путин Байденни сайловдаги ғалабаси билан нега ҳалигача табрикламаганини маълум қилди

Россия президенти Владимир Путин.

Россия президенти Владимир Путин 22 ноябрь куни “Россия 1” телеканалига берган интервьюсида АҚШнинг сайланган президенти Жо Байденни шу кунгача табрикламагани ортидан Москва ва Вашингтон муносабатлари ёмонлашмаслигини айтди.

“Муносабатларимиз шундоқ ҳам ёмонлашган. Ёмонлашган муносабатларни ёмонлаштириб бўлмайди”,-деди Путин.

Путинга кўра, “ички сиёсий қарама-қаршилик якунига етишини” кутиб тургани сабабли Кремль Байденни табриклашни кечиктирмоқда.

Шу кунгача Байденни сайловдаги ғалабаси билан Европа давлатлари лидерлари қутлаган.

Путин 2016 йилда ўтган сайловда Ҳиллари Клинтон устидан ғалаба қозонган Дональд Трампни овоз бериш якунланганидан 12 соат ўтиб табриклаган эди.

АҚШда сайловнинг якуний нуқтасини Сайловчилар коллегияси қўяди. Мазкур коллегия 14 декабрда сайлов ғолибини расман эълон қилади. Янги президентнинг инаугурация маросими январь ойида ўтказилади.

Беларусда норозилик намойишлари 106 кундан бери давом этмоқда

Минск, намойишчилардан бирининг қўлга олиниши.

Беларусдаги ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари 22 ноябрда ўтган норозилик намойишида камида 350 киши қўлга олинганини билдирди.

Президент Лукашенко истеъфоси талаб қилинган митингларнинг ташкилотчилари намойишларни марказлашмаган тарзда, Минск ва унинг атрофларида ўтказишга ҳаракат қилганларига қарамай, полиция уларга тўсқинлик қилган.

Беларусда норозилик намойишлари 106 кундан бери давом этмоқда. Мазкур жараёнда мухолифат ҳам, ҳукумат ҳам бир-бири билан муросага бормаслигини намойиш этмоқда.

Хабарларда таъкидланишича, қўлга олинганлардан камида 4 нафари полиция участкаларидан “Тез ёрдам” машиналарида касалхоналарга олиб кетилган.

Лукашенкога қарши намойишлар Гродно, Бобруйс,Волковиск,Смолевич, Гомел,Брест, Пинск, Новополоцк ва бошқа шаҳарларда ҳам бўлиб ўтди.

Байден Давлат котиби лавозимига Энтони Блинкенни тайинламоқчи

АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден 2021 йилнинг 20 январидан ўз ваколатини бажаришга киришади.

АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден ўзининг узоқ йиллик маслаҳатчиси ва тажрибали дипломат Энтони Блинкенни Давлат котиби лавозимига тайинламоқчи.

АҚШ матбуотининг 22 ноябрда маълум қилишича, Байден бу ҳақда 24 ноябрь куни расман билдиради. Байден шу куни ўз командасидаги бошқа тайинловлар ҳақида ҳам маълум қилиши кутилмоқда.

Собиқ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг ёрдамчиси Жейк Салливан Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси бўлиши таҳмин қилинмоқда.

Байден 2021 йилнинг 20 январида ўтадиган инаугурациядан сўнг ўз лавозимига киришади.

Байден президент сифатидаги фаолиятини бошлаши биланоқ АҚШни иқлим ўзгариши бўйича Париж шартномасига қайтаришни ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аъзолигидан чиқишни тўхтатишини билдирган.

ЮНИСЕФ коронавирусга қарши 2 миллиард дона вакцина сотиб олмоқчи

Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда UNICEF логоси акс этган граффити.

БМТнинг Болалар бўйича агентлиги - ЮНИСЕФ COVID-19га қарши 2 миллиард вакцина ва 1 миллиард дона бир марталик шприц сотиб олишни режалаштираётгани тўғрисида маълум қилди.

23 ноябрь куни ЮНИСЕФ тарқатган баёнотда таъкидланишича, мазкур вакцина ва шприцлар 93та ривожланаётган давлатга тақдим этилади. Бу ЮНИСЕФнинг бир вакцинани сотиб олиш бўйича мисли кўрилмаган “рекорд амалиёти” бўлади.

ЮНИСЕФ ҳар йили дунёнинг деярли юзта давлатида реажалаштирилган эмлаш ишларини олиб бориш учун турли касалликларга қарши 2 миллиард доза вакцина сотиб олади. Лекин шу кунгача битта касалликка қарши бунча миқдорда вакцина сотиб олинмаган.

ЮНИСЕФ COVID-19 вакцинасини давлатларга тезкор етказиб бериш ва уни белгиланган тартибда сақлашни таъминлаш мақсадида юзлаб ҳамкорлар билан музокараларни олиб бормоқда.

АҚШ қуроллар назорати ва текшируви бўйича "Очиқ осмон" шартномасидан чиқади

Брюсселдаги ҳарбий аэропортда турган Антонов самолёти, 13 август, 2002

22 ноябрдан Америка Қўшма Штатлари қуролларни назорат қилиш ва текшириш бўйича 18 йил олдин имзоланган «Очиқ осмон» шартномасидан чиқади.

Вашингтон Москвани келишув шартларини бузишда бир неча бор айблаган.

АҚШ президенти Дональд Трамп қурол назорати бўйича имзоланган келишувларни танқид қилиб келади.

21 май куни АҚШ Давлат котиби Майк Помпео АҚШнинг шартномадан чиқиш нияти борлигини эълон қилганди. Шартнома қоидаларига биноан, аъзо давлат уни тарк этишдан олдин қолган 34 аъзо мамлакатни 6 ой олдин огоҳлантириши керак.

Ҳозирча АҚШ Давлат департаменти мамлакат шартномадан расман чиқиб кетганини тасдиқлаб, билдирув эълон қилгани йўқ.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг бу қарорини қоралаб келади.

COVID-19: Европа Рождество арафасида карантин чораларини юмшатишга ҳозирланмоқда

Белграддаги черковнинг пандемия пайтида қўлқоп билан ибодатга борган зиёратчиси, 20 ноябрь, 2020, Сербия

Коронавируснинг шафқатсиз иккинчи тўлқини бошланганидан бир неча ҳафта ўтиб, айрим Европа давлатлари Рождество муносабати билан чекловларни бекор қилишни режалаштирмоқда.

Бу қарор, жорий қилинган чекловлар вирус тарқалишини секинлатгани кўринган бир пайтда қабул қилинди.

Боиси, қитъада чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари коронавирус чекловлари туфайли катта зарар кўрди. Давомли чекловлар Европа иқтисодиётини таназзулга етаклаши хавотирга сабаб бўлмоқда.

Франция Президенти Эммануэль Макрон келаси ҳафта вирус билан боғлиқ вазият ҳақида нутқ сўзлайди. Макрон 30 октябрь куни жорий қилинган карантин қоидалари қисман юмшатилишини эълон қилиши мумкин.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон 2 декабрь куни Англия бўйлаб жорий қилинган чекловларни бекор қилмоқчи.

Польшада эса бош вазир Матеуш Моравеский аҳолини байрам мавсумида саёҳат қилмасликка чорлади, аммо 28 ноябрдан бошлаб дўконларни тўлиқ очишга рухсат берилишини айтди.

Федерал судья Трампнинг Пенсильвания штатидаги шикоятини рад этди

Президент Дональд Трамп гольф майдонида, Виржиния, АҚШ

АҚШ президенти Дональд Трамп, Пенсильвания штатида почта орқали юборилган миллионлаб сайлов бюллетенини тасдиқламасликни сўраб киритган шикоятини Федерал судья рад этди.

Суднинг бу қарори қатор суд жараёни ва бошқа мисли кўрилмаган йўллар билан сайлов натижаларини бекор қилишга уринаётган Трамп учун навбатдаги зарба бўлди.

Судья Мэттью Бренн ўз қарорида Трамп кампанияси «асоссиз аргумент ва спекулятив айбловларни» келтиргани ҳақида ёзди.

«Америка Қўшма Штатларида бу битта сайловчининг овоз бериш ҳуқуқини бекор қилиш учун етарли эмас, аҳолиси энг кўп бўлган олтинчи штатдаги барча сайловчилар у ёқда турсин», - деб ёзди судья Бренн.

Эндиликда Пенсильвания расмийлари сайлов натижаларини тасдиқлаши мумкин.

Штатда Трампнинг рақиби Жо Байден тахминан 80 мингдан ортиқ овоз фарқи билан ғалаба қозонган эди.

Грузияда тўққиз одамни гаровга олган шахс қўлга олинди

MBC микрокредит ташкилотида гаровга олинган шахсларнинг барчаси озод қилинган.

Грузия пойтахти Тбилисида микрокредит ташкилотида тўққиз кишини гаровга олган шахс ҳибсга олинди.

20 ноябрь куни Тбилиси полицияси бошлиғи Важа Сирадзе MBC микрокредит ташкилотида гаровга олинган шахсларнинг барчаси озод қилинганини маълум қилди.

Аввалроқ полиция ходимлари ташкилот жойлашган бино атрофини ўраб олган эди.

Қуролланган шахснинг талаблари нима бўлганлиги ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Ўтган ойда Грузиянинг Зугдиди шаҳрида ниқобли шахс банкни талон-тарож қилиш пайтида 43 кишини гаровга олган эди.

Ўшанда ўмарувчи тўловни олиб, гаровдаги барча одамни озод қилгандан кейин ғойиб бўлган эди.

Шимолий Македония, Черногория ва Украина Беларусга қарши ЕИ санкцияларини дастаклади

Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган етти Европа давлати Беларусда август ойида бўлиб ўтган баҳсли президентлик сайловлари ортидан тинч норозилик намойишлари шафқатсизларча бостирилгани учун мамлакат амалдорларига қарши жорий қилинган санкцияларни қўллаб-қувватлади.

ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель 20 ноябрь куни эълон қилган баёнотга кўра, бу етти давлат орасида Македония, Черногория, Албания, Исландия, Лихтенштейн, Норвегия ва Украинани бор. Уларнинг барчаси ЕИга аъзо бўлишга номзод давлатлар ҳисобланади.

Беларусда 9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловида амалдаги президент Александр Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетди. Намойишчилар Беларусни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко истеъфосини, адолатли ва очиқ сайловлар ўтказилишини ҳамда сиёсий маҳбуслар озод этилишини талаб қилмоқдалар.

ЕИ, АҚШ ва бошқа давлатлар Лукашенкони легитим президент ўлароқ тан олишдан бош тортди ва кўплаб Беларусь амалдорларига қарши санкция жорий қилди.

Сайлов ортидан кўплаб намойишчи ҳибсга олинди ва қийноққа тутилди. Шунингдек, Беларусь мухолифати етакчиларининг аксари ҳибсга олинди ёки мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди, ўнлаб мухбир, шу қаторда Озодлик радиоси белорус хизмати ходимлари ҳибсга олинди

Эронда карантин кучайтирилди, корхона ва бизнеслар ёпилади

Эрон ҳукумати коронавируснинг иккинчи тўлқинига қарши кураш доирасида 21 ноябрдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб қатъий чекловларни жорий қилади.

Пойтахт Теҳронда ва 160 га яқин бошқа «қизил зона» ҳисобланувчи шаҳарда муҳим бўлмаган корхона ва бизнеслар ёпилади. Бу ҳақда 20 ноябрь куни Коронавирус инқирозига қарши кураш миллий маркази маълум қилди.

«Қизил зона» ҳисобланувчи шаҳарларга автомобиллар киритилмайди ва чиқарилмайди.

Касаллик тарқалиши хавфи озроқ бўлган «тўқ сариқ» ва «сариқ» шаҳарларда эса енгилроқ чекловлар жорий қилинади.

Янги чекловлар камида икки ҳафта давом этиши кутилмоқда.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат бўйлаб бугунга қадар COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони 43 896, вирусни юқтирганлар сони эса 828 377 кишига етган.

Беларусь махсус хизматлари Nexta муаллифларини “террорчилар” рўйхатига киритди

Степан Путило

Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитаси Nexta телеграм-канали муаллифлари Степан Путило ва Роман Протасевични “террорчилик фаолиятига алоқадор шахслар” рўйхатига киритган. Бу ҳақда “Наша Ніва” нашри хабар қилди.

Рўйхатда Беларусдаги норозилик акцияларини фаол ёритиб келаётган телеграм-канал муаллифларига оид шахсий маълумотлар акс этган. “Медиазона” нашрининг қайд этишича, 700 дан зиёд фамилия жой олган мазкур рўйхатда фақат Протасевич ва Путилогина Беларусь ватандошлари бўлиб, қолганлари чет элликлардир.

Путило ва Протасевич истиқомат қилаётган жой сифатида Польша кўрсатилган, Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги аввалроқ Варшавани Nexta муаллифларини Минскка топширишга чақирган.

Уларни рўйхатга киритишга оммавий тартибсизликлар ҳақидаги мақолалар бўйича Протасевич ва Путилога қарши очилган жиноят иши асос қилиб кўрсатилган. Nexta канали аввалроқ “экстремистик” каналлар рўйхатига киритилганди.

Мазкур канал Беларусдаги оммавий норозилик намойишларини фаол ёритиб келади. Унда, шунингдек, президент Александр Лукашенко ва унинг режими ҳақида танқидий хабарлар ҳам чоп этилиб келинган. Nexta Live каналининг 2 миллионга яқин обуначиси бор. Канал Беларусда шу йил 9 августида бўлиб ўтган президент сайловидан кейин норозилик чиқишлари бошланиб кетиши ортидан жуда машҳур бўлиб кетди.

“Нехта” (Nexta) сўзи беларус тилида “кимдир” деган маънони англатади. Каналга ҳозир 22 ёшда бўлган блогер Степан Путило асос солган. У ҳозир Варшавада яшайди. Роман Протасевич каналнинг бош муҳаррири бўлган, у мазкур лавозимдан сентябрь ойи охирида кетган.

Ереванда бош вазир истеъфосини талаб қилаётган норозилардан камида 25 нафари қўлга олинди

Арманистон пойтахти Ереванда полиция 20 ноябрь куни бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилаётган намойишчилардан камида 25 нафарини тутиб кетди.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, норозилар жума куни ҳам ўз автомобиллари билан Ереваннинг қатор марказий кўчаларини тўсиб қўя бошлаганлар.

Акция иштирокчилари шу тариқа Пашиняннинг Тоғли Қорабоғ масаласи бўйича Озарбайжон ва Россия президентлари билан биргаликда имзолаган битимига норозилик билдирмоқдалар.

“Интерфакс” агентлигининг хабар қилишича, 20 ноябрь куни Арманистоннинг катталиги жиҳатдан иккинчи шаҳри бўлган Гумрида ҳам норозилик акциялари бўлиб ўтган.

Арманистонда юзага келган сиёсий бўҳрон қабатида бир неча вазир истеъфога чиққан. Никол Пашиняннинг ўзи лавозимини тарк этиш нияти йўқлигини билдирган. РБК қайдича, 18 ноябрь куни у мамлакатда ўтказилажак ислоҳотлар режасини эълон қилиб, улар бўйича ярим йилдан кейин ҳисобот беришини очиқлаган.

Арманистонда бош вазир истеъфоси талаби билан норозилик намойишлари 10 ноябрга ўтар кечаси В. Путин, И. Алиев ва Н. Пашинян ўртасида Тоғли Қорабоғда жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида битим имзолангани эълон қилиниши ортидан бошланиб кетган. Мазкур ҳужжатга кўра, урушда иштирок этаётган томонлар эгаллаган позицияларида қоладилар. Шу тариқа аввал арман томони назорати остида бўлган катта ҳудуд Озарбайжон тасарруфига ўтадиган бўлган.

Пашинянга кўра, армия битим шартларини қабул қилган. Арманистон бош вазири ҳужжатни мамлакат учун оғриқли, деб атаган, бироқ бошқа чора ҳам бўлмаганини урғулаган. Айни пайтда ҳукумат алмашишини истаётган мухолифат тарафдорлари Тоғли Қорабоғ бўйича уч томонлама келишувни хоинлик ўлароқ баҳолаган.

Макрон имомларга республика қадриятлари хартиясини қабул қилиш учун 15 кун муҳлат берди

Франция президенти Макрон мусулмон лидерлари билан 18 ноябрда учрашди.

Франция президенти Эммануэль Макрон мусулмон лидерларини исломчиликка қарши туриш учун республика қадриятлари хартиясини қабул қилишга чақирди.

Расман билдирилишича, Макрон 18 ноябрь куни Мусулмон кенгаши вакиллари билан учрашган ва уларга хартияни қабул қилишлари учун 15 кун муҳлат берган.

Франция президенти хартияда республика қадриятлари акс эттирилиши лозимлигини, ислом эса сиёсий ҳаракат эмас, балки динлардан бири сифатида таъкидланиши кераклигини тавсия қилган.

Макрон хартияга Франция мусулмон ҳамжамияти фаолиятига хориж давлатларининг аралашуви тақиқланиши ҳақидаги модда киритилишини ҳам таклиф қилган.

Бундан ташқари Мусулмон кенгаши Имомлар давлат кенгашини шакллантириши лозим. Имомлар давлат кенгаши Франциядаги имомларни сертификатловчи махсус орган ҳисобланади. Имомлар давлат кенгаши хартияга зид фаолият олиб борган имомларни ишдан бўшатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Учрашувда Макрон мусулмонларнинг радикаллашуви олдини олиш мақсадида исломчиликка қарши қонун ишлаб чиқилаётгани ҳақида маълум қилди.

Макронга кўра, мазкур қонун билан болаларнинг уйларида диний таълим олишига чеклов ўрнатилади, диний нуқтаи назардан бошқа шахсларга таҳдид қилганларга жазо чоралари белгиланади.

Бу қонун ҳукумат томонидан 9 декабрда муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Дума Россия матбуотини модерация қилгани учун YouTube, Facebook ва Twitter тармоғини блок қилмоқчи

Депутатлар ижтимоий тармоқларни цензурада айбламоқда.

Давлат Думаси Россия матбуотига киришни чеклаётган хорижий ижтимоий тармоқларни блок қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошлайди. Мазкур қонун лойиҳаси 19 ноябрь куни парламентнинг ҳар икки палатаси депутатлари томонидан муҳокама учун қабул қилинди.

Қонун лойиҳасида инсон ҳуқуқлари, жумладан, Россия фуқаролари ҳуқуқларини бузган ахборот ресурси эгаси деган янги атамани жорий этиш таклиф қилинади. Интернет ресурс инсон ҳуқуқларини бузишга алоқадор кўрилса, у ҳолда Бош прокуратура Ташқи ишлар вазирлиги ва Роскомнадзор билан ҳамкорликда интернет ресурсни қисман ёки тўлиқ блок қилиш масаласини ҳал қилади.

Депутатларнинг билдиришларича, шу кунга қадар ижтимоий тармоқларда Россиянинг RT, "РИА Новости" ва "Крим 24" каби давлат нашрлари “дискриминация қилингани тўғрисида 20дан ортиқ факт мавжуд”. Қонун муаллифлари бу ҳолатни цензура сифатида баҳолашган.

Аввалроқ Роскомнадзор YouTube, Facebook ва Twitter тармоқларини Россия нашрларига чекловлар ўрнатганини танқид қилган эди. Жумладан, Роскомнадзор YouTube "России-1" телеканалининг Бесландаги мактаб террорчилар томонидан босиб олиниши тўғрисидаги фильмига ёш чеклови ўрнатганини цензура деб атаган.

Роскомнадзор Facebook, Google ва Twitter тармоқларига Россия матбуотини маркировка қилмаслик талаби билан бир неча марта сўров юборган.

Обаманинг китоби президентлар мемуарлари орасида энг кўп сотилиш бўйича рекорд ўрнатди

Обама китоби учун 65 миллион доллар бўнак олган.

АҚШ собиқ президенти Барак Обаманинг “Ваъда қилинган замин” китоби дўконларга чиқарилган биринчи куниёқ 900 минг нусхада сотилди.

Британиянинг The Guardian газетаси бу АҚШ президентлари томонидан ёзилган мемуарларнинг сотилиши бўйича ўрнатилган рекорд эканини билдирди. Бунга қадар собиқ президентлар Билл Клинтоннинг “Ҳаётим” китоби бир кунда 400 минг, Жорж Бушнинг “Қарор қабул қилиш нуқтаси” китоби 200 минг нусхада сотилган эди.

Обаманинг китоби Amazon ва Barnes & Noble интернет сервисларида ҳам энг кўп сотилган китоблар рўйхатининг 1 -поғонасини эгаллади.

Китобни нашр қилган Penguin Random House Обмага мемуарлари учун тарихда мисли кўрилмаган рекорд даражада бўнак - 65 миллион доллар тўлаган эди.

Барак Обаманинг 800 саҳифали “Ваъда қилинган замин” мемуари унинг учинчи асаридр. Бунга қадар Обаманинг “Отамнинг орзулари” ва “Умид қайсарлиги” китоблари миллионлаб нусхада сотилган эди.

БМТ пандемия муносабати билан жаҳон иқтисодида пастлаш бўлишини билдирди

Инқироз давом этадиган бўлса камида 130 миллион одам қашшоқлар сафига қўшилади.

Коронавирус пандемияси оқибатида жаҳон иқтисодиётининг пастлаши 2020 йилда 4,3 фоизни ташкил қилади. 2021 йилга бориб иқтисодиётнинг қайта тикланиши 4,1 фоиз бўлади. Бу ҳақда савдо ва тараққиётга бағишланган БМТ анжуманида маълум қилинди.

Ҳисоботда таъкидланишча, ривожланган мамлакатлар пандемиядан ривожланаётган мамлакатларга қараганда кўпроқ зарар кўрди. Агар инқироз давом этадиган бўлса камида 130 миллион одам қашшоқлар сафига қўшилади.

Ҳисобот муаллифлари жаҳоннинг қашшоқ давлатларида яшаётган аҳоли муаммоларига алоҳида эътибор қаратишни тавсия қилган.

Октябрь ойининг ўрталарида Халқаро валюта фонди 2020 йилда иқтисодиётнинг пастлаши 4,4 фоиз бўлишини, 2021 йилда иқтисодиёт тикланиши 5,2 фоиз бўлишини таҳмин қилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG