Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:12

ЕИ Гуантанамо тутқунлари ҳимояси


Гуантанамодаги юзлаб тутқунлар¸ озод қилинган тақдирда ҳам¸ қаерга борарини билмай ҳайрон.
Гуантанамодаги юзлаб тутқунлар¸ озод қилинган тақдирда ҳам¸ қаерга борарини билмай ҳайрон.

Барак Обама 44-АҚШ президенти сифатида иш бошлаганидан бери илк бор ялпи йиғин ўтказаëтган Европа Иттифоқи¸ янги маъмуриятга хушхабар йўллашга уринмоқда.

Йиллардан бери Вашингтон раҳбариятини Кубанинг Гуантанамо оролидаги ҳарбий қамоқхонани ëпишга чақириб келган ЕИ сўрови¸ янги президент Обаманинг илк иш кунидаëқ қабул қилинди.

Гуантанамони бир йил ичида ëпишга фармон берган президент Обама¸ халқаро иттифоқчиларидан энди бу ердаги 250 ка яқин тутқун тақдири борасида амалий ëрдам кутмоқда.

Обама иш бошлаганидан бери илк бор тўпланаëтган Европа дипломатлари АҚШ янги президентининг бу борада қуруқ олқишдан кўра аниқ ëрдам кутаëтганини яхши биладилар.

Аммо уларнинг бу масалада Обама кутган ëрдамни беришга ҳам қўллари қисқалик қилмоқда.

Гуантанамони ëпишга қарор қилган Оқ уй маъмурияти¸ Европадаги иттифоқчиларидан бу ерда йиллардан бери судсиз сақлаб келинган тутқунларни¸ улар айбсиз деб топилган тақдирда¸ реабилитация учун қабул қилишни сўрамоқда.

Аммо 27 давлатдан иборат иттифоқнинг бу сўровга ижобий жавоб бериши¸ ички бўлиниш туфайли¸ ҳозирча эҳтимолдан йироқ кўринмоқда.

22 январ куни иттифоқ номидан ягона баëнот эълон қилган жорий президент Чехия ҳукумати¸ Гуантанамонинг бекитилиши юксак рамзий аҳамиятга эга экани ва бундай қарорнинг евроатлантика ҳудудларидаги террорчиликка қарши курашдаги ҳамкорликни кучайтириши таъкидланди.

Брюссел йиғинига келар ҳамоно Финляндия ташқи ишлар вазири Александр Стуб ҳам¸ Обама маъмуриятининг бу қарорини ижобий муқаддима дея атади.

- Ҳозирча америкаликлар бизга ҳеч қандай сўров юборгани ëки қайсидир тутқунни қабул қилишимизни илтимос ҳам қилганича йўқ. Аммо бундай сўров бўлса¸ ишончим комилки¸ биз унга жуда жиддий ëндашамиз.

Мен буни жуда муҳим сиëсий масала деб биламан ва Гуантанамони ëпиш қарори учун АҚШ қўлини сиқиб табриклашимиз лозим. Бу янги ва тоза бир муқаддима. Гуантанамони ëпиш қароридан биз жуда бахтиëрмиз¸ деди Ҳелсинки дипломатлари раҳбари.

ЕИ га аъзо Португалия ва Испания¸ АҚШ да маҳкамага тортила олмайдиган¸ айни пайтда террорчи деган ëрлиқ туфайли ўз ватанида ҳам тазйиққа учрайдиган Гуантанамо тутқунларини нормал ҳаëтга қайтаришда ëрдам бериш истагида.

Айни шу иккала ҳукумат¸ ЕИ дан¸ Гуанатанамодан озод этиладиган бу каби тутқунларга бошпана бериш борасида ягона ëндашув ишлаб чиқишни талаб қилмоқда.

Аммо ЕИ қонунларига кўра¸ кимгадир сиëсий бошпана бериш борасида қарор қабул қилиш иттифоқнинг эмас¸ балки ҳар бир аъзо давлатнинг ўз ички иши.

Ана шу қонунга асосланган Германия ҳукумати¸ агар Гуантанамо тутқунлари ичида асли германияликлар бўлса¸ уларни қабул қилиши¸ акс ҳолда бу тутқунларнинг кейинги тақдири борасида қарор бериш¸ АҚШ га ҳавола эканини билдирди.

ЕИ нинг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Хавъер Солана ҳам¸ Гуантанамо тутқунлари борасида иттифоқнинг Америка олдида ҳеч қандай мажбурияти йўқлигини таъкидлади.

- Гуантанамо Америка муаммоси ва уни Американинг ўзи ҳал қилмоғи лози. Аммо биз унинг имкон қадар тезроқ ëпилишига¸ имкон қадар ëрдам берамиз¸ деди жумладан Солана.

Иттифоқнинг Швеция¸ Дания ва Ҳолландия каби бошқа аъзолари Гуантанамо тутқунларини мафкуравий асосда қабул қилишдан бош тортмоқдалар. Улар фикирча¸ Гуантанамо тутқунларини қабул қилиш¸ келажакда яна шу каби террорчиликда гумонланганларни халқаро қонунларга зид равишда қўлга олиш ва ушлаб туришга йўл очиши мумкин.

ЕИ нинг яна бир гуруҳ аъзолари¸ Ал-Қоидага алоқадорликда гумон этиб¸ йиллардан бери Гуантанамода сақлаб келинган мусулмонларни қабул қилиш¸ ўз юртига эҳтимолий террорчилиларни жалб қилишидан чўчиб¸ бундай сўровни рад этмоқдалар. АҚШ нинг шарқий Европадаги аксар иттифоқчилари¸ айнан шу тоифага мансуб.

Франция ва Британия каби Вашингтоннинг яқин ҳамкорлари айрим Гуантанамо тутқунларини қабул қилишга ҳозирлигини билдира туриб¸ ЕИ дан бу борада қарор беришни ҳар бир аъзо давлат ихтиëрида қолдиришга оид ягона ëндашув ишлаб чиқишни сўрамоқдалар.

Буюк Британия ҳозирга қадар Гуантанамодаги 7 ўз фуқаросини қайтариб олди¸ шунингдек мамлакатда яшаш ҳуқуқига эга бўлган яна 4 тутқунга бошпана берди.

Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Милибанд¸ ўз ҳукумати иттифоқнинг бошқа аъзолари билан бу борадаги тажрибасини ўртоқлашишга ҳозирлигини билдирди.

- у соҳада Британияда муайян тажриба бор. Бугунги йиғинда мен нафақат Гуантанамо тутқунлари масаласида Британия позицияси¸ балки бу тутқунларни нормал ҳаëтга қайтариш борасидаги тажрибамиз ҳақида ҳам гапираман¸ деди Милибанд ўз ҳамкасблари билан учрашиш арафасида.

Ирландия ҳукумати ҳам¸ Гуантанамодан озод этилган тутқунларнинг айримларига бошпана бериш истагини билдирди.

Ирландиядан бошпана топадиганлар орасида¸ Гуанатанамодаги ўзбек тутқунларидан бири - Ойбек Жабборовнинг ҳам бўлиши кутилмоқда.

Қатор халқаро ташкилотлар¸ хусусан Халқаро амнистия гуруҳи¸ ўз ватани Ўзбекистонга қайтса¸ Гуантанамодагидан ҳам ëмонроқ тазйиққа учраши аниқ бўлган беайб Жабборовга бошпана беришни сўраб¸ махсус кампания ўтказиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG