Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:20

Ироқ "қонун давлати"га айланади


Мамлакатда хавфсизлик вазиятининг бир оз яхшилангани¸ кузатувчиларга кўра¸ сайловчилар фаоллигини рағбатлантирган.
Мамлакатда хавфсизлик вазиятининг бир оз яхшилангани¸ кузатувчиларга кўра¸ сайловчилар фаоллигини рағбатлантирган.

Ироқда бўлиб ўтган маҳаллий ҳокимият идораларига сайловлар ироқликларнинг ўз давлатини демократик тарзда идора қилиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

31 январ куни Ироқ маҳаллий ҳокимият идораларига ўтказилган сайлов натижалари расман эълон қилинмаган бўлса-да, норасмий ҳисоб-китобларга кўра, бу сайловда бош вазир Нурий ал-Маликий етакчилигидаги партия шиаларнинг исломий қарашдаги партияларидан олдинда бормоқда.

Шанба кунги сайловларнинг бошқа бир диққатга сазовор томони, мазкур сайловларни аввалига бойкот қилган сунний мусулмонларнинг ўз қарорини ўзгартириб, овоз бериш жараёнида иштирок этгани бўлди.

Ироқ Марказий сайлов комиссияси раиси Фараж ал-Ҳайдарийнинг билдиришича, маҳаллий ҳокимият идораларига ўтказилган сайловнинг дастлабки натижалари жорий ҳафта якунига қадар эълон қилинади.

- Жами 14 миллион 900 фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга. Шанба кунги сайловларда 7¸5 миллион фуқаро овоз берди. Бу - сайловчиларнинг 51 фоиздан ортиғи овоз бериш жараёнида иштирок этганини англатади. Сайловнинг якуний натижалари эса икки ёки уч ҳафта ичида эълон қилинади, деди Ироқ Марказий сайлов комиссияси раиси.

Айни пайтда¸ кўпгина маҳаллий ахборот агентликлари ва мустақил кузатувчилар ўз маълумотларига таяниб¸ бош вазир Нурий ал-Маликий етакчилигидаги “Қонун давлати” иттифоқи ушбу сайловларда яхши натижага эришаётганини билдирмоқдалар.

Бағдодлик сайловчи Ҳошим ал-Тҳаҳабий сайловчилар кайфиятини мана бундай изоҳлайди:

- Сайловлар эркин ва демократик тарзда ўтказилди. Бундан ташқари сайловларнинг ташкилий масалалари ҳам менда қониқиш ҳосил қилди. Фикримча¸ бош вазир Нурий ал-Маликий етакчилигидаги иттифоқ ушбу сайловда ғалаба қозонади, дейди бағдодлик сайловчи.

Айни пайтда, ҳукумат матбуот вакили Али ал-Даббаҳ башорат қилинаётган натижалардан ҳайратга тушгани ва ҳаттоки “Қонун давлати” иттифоқи аъзолари бундай натижаларни кутмаганини айтади.

Али ал-Даббаҳ сўзларига кўра, иттифоқ аъзолари мамлакат жануби, жумладан, Басра, Нoсирия, Самава ва Кут шаҳарларида кўпчилик овозига сазовор бўлганлар.

Ройтерс ахборот агентлиги сайлов комиссияси расмийларидан бирига таяниб маълум қилишича, Нурий ал Маликий иттифоқи жанубий вилоятларда 50 фоиз овоз тўплашга муяссар бўлган. Ироқ олий исломий кенгаши етакчиси эса ўз ҳаракати мазкур вилоятларда 20 фоиз тўплай олганини тан олган.

Басралик сайловчи нима учун “Қонун давлати” иттифоқи учун овоз берганини мана бундай изоҳлади:

- Мен, барча яқинларим, биродарларим ва қўшниларим aл- Маликий иттифоқи учун овоз бердик. Бизга хавфсизлик ва барқарорлик олиб келган ушбу иттифоқдир, дейди басралик сайловчи.
XS
SM
MD
LG