Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:16

Душанбе Тошкентга демарш ҳозирламоқда


Президент Раҳмоннинг АҚШ элчиси билан дўстона ва ўзаро англашинув руҳида ўтгани айтилаëтган жума кунги учрашув¸ маҳаллий матбуот томонидан кенг ëритилмоқда.
Президент Раҳмоннинг АҚШ элчиси билан дўстона ва ўзаро англашинув руҳида ўтгани айтилаëтган жума кунги учрашув¸ маҳаллий матбуот томонидан кенг ëритилмоқда.

АҚШ нинг Марказий Осиëда янги иттифоқчига муҳтожлигини англаган Тожикистон раҳбарияти¸ Вашингтон воситасида ўз қўшниси билан ҳисобни тўғирлашга уринмоқда.

Қирғиз ҳукумати АҚШ ҳаво базасини мамлакатдан чиқариш ҳақда баëнот бериши билан Вашингтон минтақадаги бошқа давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтирмоқда.

Манас базаси атрофидаги баҳслар қизиб бораëтган айни кезда АҚШ элчиси президент Раҳмон билан ўтказган учрашувнинг матбуотда кенг ëритилаëтгани¸ Бишкекка " сан бўлмасанг¸ санамжон" қабилида берилаëтган ўзига хос огоҳлантирувдир.

Мазкур учрашув тафсилотларидан аëн бўлишича¸ АҚШ Тожикистоннинг Фархор туманида мамлакатни Афғонистон билан боғлайдиган кўприк қуриб бермоқчи.

Айни пайтда АҚШ ҳукумати Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Турсунзода туманида ҳарбий машқ лагери ҳам қуриб беришни режаламоқда.

Бунинг эвазига Тожикистон АҚШ юклари транзити учун ҳаво йўлаги очиб беради.

6 феврал куни президент Имомали Раҳмон қабулида бўлган АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Трейси Жейкобсон хоним Тожикистон раҳбари билан шу ва бошқа масалаларни муҳокама қилди.

Президент Имомали Раҳмон қабулидан чиққанидан сўнг журналистлар саволига жавоб берган Трейси Жейкобсон хоним АҚШ Афғонистондаги вазиятни куч ишлатиш йўли билан эмас, балки мамлакат иқтисодиётининг тикланишига кўмаклашиш орқали изга солиш ниятида эканини билдирди.

- Шу мақсадда, - деди АҚШнинг Тожикистондаги элчиси, - Афғонистонга тижорат моллари, озиқ-овқат, ёнилғи маҳсулотларини етказиб беришда Тожикистон кўмагига эҳтиёж сезамиз.

Жейкобсон хонимнинг айтишича, Тожикистон президенти америкаликларнинг ноҳарбий юкларни Афғонистонга ташишда Қуйи Панж кўпригидан кечаю-кундуз тўхтовсиз фойдаланишлари учун розилик берган.

Айни пайтда, америкалик дипломатга кўра, АҚШ томони шу кунларда Тожикистоннинг Фархор туманида мамлакатни Афғонистон билан боғловчи янги кўприк лойиҳасини ҳам ўрганиб чиқаяпти.

- Ўтган ҳафтада Тожикистон ҳукумати янги кўприк лойиҳасининг расмий вариантини топширди. Ҳозирда биз бу лойиҳани ўрганмоқдамиз. Аммо бу кўприкнинг қачон битиши ва унга қанча маблағ сарфланиши ҳақида ҳозирча аниқ гап айтолмайман, деди Жейкобсон хоним.

Хатлон вилоятига қарашли Фархор туманининг Кокул қишлоғида қурилажак бу кўприк нафи ҳақида сўнгги пайтларда тожик расмийлари ҳам кўп гапираяптилар.

Чунончи, январ бошида Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий мазкур кўприк нафақат Афғонистон, балки Тожикистон иқтисодиёти учун ҳам ўта аҳамиятли эканини таъкидлаган эди.

- Тожикистон импорт ва экспортининг тахминан 40 фоизи бизни Афғонистон билан туташтирувчи Қуйи Панж кўприги устидан ўтади. Жорий йилдан бошлаб Америка ҳукумати томонидан қурила бошланажак Фархор кўприги бу имкониятларимизнинг кенгайишига ёрдам беради, деган эди Ҳамрохон Зарифий.

АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Трейси Жейкобсоннинг яна маълум қилишича, Тожикистон-АҚШ ҳарбий ҳамкорлиги доирасида Қўшма Штатлар мамлакатнинг Турсунзода туманида тожикистонликлар учун ҳарбий машқ лагери қуриб беради.

Айни пайтда, элчи хонимга кўра, президент Имомали Раҳмон Тожикистоннинг АҚШ юклари транзити учун ҳаво йўлаги очиб беришга тайёрлигини тасдиқлаган.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра¸ 6 феврал куни АҚШ элчисини қабул қилган президент Имомали Раҳмон ҳам Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик масаласида Тожикистон ўз позициясини ўзгартирмаслигини таъкидлаган.

Тожикистон президенти ҳузуридаги стратегик марказ масъули Сайфулло Сафаров Имомали Раҳмоннинг фикрини мамлакат ташқи сиëсатининг кўп йўналишли экани билан изоҳлади.

- Гарчи айрим давлатлар баъзида бизнинг миллий манфаатларимизга нисбатан ҳурматсизлик қилаётган бўлсалар-да, биз Тожикистоннинг стратегик шериклари сифатида тан олинган Эрон ёки Россия Американинг душмани деб, АҚШ билан ҳамкорликни узмоқчи эмасмиз, деди стратегик тадқиқотлар маркази масъули.

Айни пайтда Сайфулло Сафаров¸ АҚШ Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Турсунзода туманида ҳарбий машқ лагери қуриб беришига КХШТ муносабати масаласига ҳам тўхталди.

- Масалан, Қирғизистон КХШТда бўла туриб ҳам Манас аэропортидан Америка ҳарбийларига жой берди. Ўзбекистонни ҳам шунга мисол келтириш мумкин.

Шу боис¸ бундай машқ лагерлари сиёсий ёки мафкуравий жиҳатдан бирор кишига зарар етказади, деган фикрга қўшилмайман.

Қолаверса, бу лагердан КХШТга аъзо давлатлар ҳам биргаликда фойдаланиши мумкин, дейди стратегик тадқиқотлар маркази раиси ўринбосари Сафаров.

Аммо мустақил таҳлилчилар бу борада ўзгача фикрдалар.

Таҳлилчи Туйғун Камолов Тожикистон давлат раҳбарининг бу қарори Ўзбекистон билан муносабатларнинг буткул бузилишига туртки бўлиши мумкинлигини айтади.

- Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида кузатилган сўнгги воқеаларни эътиборга олган ҳолда шуни айтиш мумкинки, Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудда америкаликларга ҳарбий машқ лагери қурдириши бу Раҳмоннинг демарши сифатида қабул қилинади.

Менимча, Ўзбекистон билан шусиз ҳам совиб бораётган муносабатларни янада совитиб юбормаслик учун ҳозирча бундай тадбирларни ортга суриб туриш ўринли, дейди таҳлилчи Туйғун Камолов.
XS
SM
MD
LG