Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:44

Раҳмон матбуотни қўлламоқчи


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон тожик матбуотидаги биронта танқид жавобсиз қолмаслиги кераклиги ҳақида фармон берди.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон тожик матбуотидаги биронта танқид жавобсиз қолмаслиги кераклиги ҳақида фармон берди.

Тожикистон президентининг янги фармони давлат мулозимларига бундан буён журналистларнинг танқидий ҳамда таҳлилий мақолаларига албатта муносабат билдириш мажбуриятини юклади.

Ўз навбатида оммавий ахборот воситалари вакиллари президент томонидан имзоланган ҳужжатни олқишлаб, Раҳмон ҳокимиятга келганидан бери илк маротаба матбуотга бу каби эътибор қаратганини айтмоқдалар.

Тожикистонда курсиси баландроқ ва юмшоқроқ мулозим ва унинг идорасини қаламга олган журналистлар бошида таёқ синар эди.

Журналистлар ва таҳлилчилар фикрича, агар давлат раҳбарининг бу фармони ҳаётга тадбиқ этилса, жамиятда тўпланиб қолган муаммолар ўз ечимини топган бўлар эди.

- Шўро замонида журналистиканинг нақадар қадрли эканидан хабаримиз бор. Чунки ўша пайтларда агар газеталарда битта танқидий мақола нашр этилса туман раҳбарлари ишдан олинарди. Энг катта мансабдорлар, вазирлар ҳам ишдан кетарди.

Бироқ афсуски сўнги йилларда матбуотга эътибор сусайди. Масалан, биз «Замондош» рўзномасида ўқитувчилар маошлари ўз вақтида берилмагани, жумҳурият сил касалхонаси йўлининг таъмирланмагани, ўша касалхонада сув таъминотининг ёмонлиги каби мавзуларда кўплаб танқидий мақолалар ёздик. Бироқ масъул шахсларнинг эътиборсизлиги боис ҳеч қандай чора кўрилмади.
Лекин президентимизнинг кечаги фармонидан сўнг бу соҳада силжишлар бўлади, деб ўйлаймиз, - деди журналист Абдулло Зуҳур.

Президент матбуот хизмати ҳам фармонни шарҳлар экан, фармондан асосий мақсад матбуот ва мустақил оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш эканини маълум қилди.

Бироқ айрим журналистлар мустақил матбуотда душман тимсолини кўришга одатланган расмийлар бу фармондан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкинлигидан ташвиш билдиришмоқда.

-Бу масаланинг бошқа томони ҳам бор. Чунки вазирлар орасида салла ўрнига калла келтирадиганлари ҳам учрайди. Шуни назарга олган ҳолда, бу фармон мустақил оммавий ахборот воситаларини судга тортиш ва уларга босим ўтказишнинг бир усули бўлиб қолишидан қўрқаман,- дейди «Фараж» мустақил рўзномаси бош муҳаррири Хуршед Атоуллоев.

Ҳар ҳолда бу фармоннинг матбуот учун зиёну фойдаларини билиш учун узоқ вақт талаб қилинмайди.

Уч-тўрт кундан сўнг танқидий ва таҳлилий мақолаларга бой тожик рўзномалари нашрдан чиқади. Янги ҳафтанинг қолган сўнги уч куни эса бу мақолаларни ўрганиш ҳамда зарур чоралар кўриб жавоб қайтариш учун давлат мулозимлари ихтиёрида бўлади.
XS
SM
MD
LG