Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:33

"Диндорлар қамоқдан чиқмасин! "


Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ўзбек қамоқхоналарида диндорларни қийнаш рағбатлантирилади.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ўзбек қамоқхоналарида диндорларни қийнаш рағбатлантирилади.

Марказий Осиëнинг уч давлатидаги қамоқхоналар аҳволи ҳақда ҳисобот ҳозирлаган халқаро гуруҳ¸ Ўзбекистондаги аҳволни ўрганиш имконсиз¸ деган хулосага келди. Бироқ...

Марказий Осиёда сўнгги икки йил ичида қийноқлар билан боғлиқ вазият ижобий тарафга ўзгарган.

Бу ҳақда Freedom House Europe ташкилотининг Қозоғистон¸ Қирғизистон ва Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари билан биргаликда ўтказган икки йиллик лойиҳаси якунига бағишланган ҳисоботида айтилади.

Гарчи Freedom House Europe ташкилоти ҳомийлик қилган “Марказий Осиёда қийноқларга қарши кураш” лойиҳаси минтақа давлатларидаги қийноқлар мавзусига бағишланган бўлса-да, унда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон қамоқхона ва тергов ҳибсхоналаридаги қийноқлар бўйича мониторинг натижалари акс этган, Ўзбекистон ва Туркманистондаги вазият эса ҳисоботга кирмай қолган.

Лойиҳа иштирокчиларига кўра, бунинг ўзига яраша сабаблари бор.

- Чунки бу лойиҳани Ўзбекистонда амалга ошириб бўлмайди. Бу мутлақо ёпиқ тизим бўлиб, Ўзбекистонда қамоқхоналарга ҳам, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига ҳам киришнинг ҳеч ҳам иложи йўқ.

Шунингдек, Ўзбекистонда бу лойиҳани қонуний йўл билан амалга оширадиган биронта ҳам нодавлат ташкилоти йўқ.

Шунинг учун Ўзбекистон ва Туркманистонда бу лойиҳа амалга оширилмади, деди мазкур лойиҳа иштирокчиларидан бири бўлган қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтис.

Аммо Ўзбекистонда сўнгги йилларда қийноқлар кўлами кенгайганини қайд этган ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов қозоғистонлик ҳамкасби фикрларига қўшилмаслигини айтади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбарига кўра, гарчи ҳуқуқ ҳимоячиларида Ўзбекистон қамоқхоналарига кириш имконияти бўлмаса-да, мамлакатда қийноқлар вазияти бўйича мониторинг юритиб келинади ва бунда ҳуқуқ ҳимоячилари турли воситалардан фойдаланадилар.
Ўзбек тутқунлари ўзларига нисбатан қўлланилаëтган қийноқлар далили сифатида яқинларига ўз қонли кўйлакларини узатмоқдалар.
- Маҳбусларнинг ўзлари қамоқдан хат ёзиб, қариндошлари ёки адвокатлари орқали бу хатларни бизга бериб юборишади. Аммо қамоқхонадан ҳам ўша хатни олиб чиқиш осон кечмайди.

Ҳаттоки адвокатлар ҳам қўрқитилган, шу сабаб фақат жасур адвокатлар ўша маҳбусларнинг қийноққа учратилгани бўйича ҳужжатларни исбот-далиллари билан бизга олиб келади, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Суръат Икромов ҳозирда Ўзбекистон қамоқхоналарининг барчаси, ҳаттоки вояга етмаганлар колониялари ва аёллар сақланадиган қамоқхоналарда ҳам қийноқлар мавжудлигини айтади.

Унга кўра, олиб борилган мониторинг натижаларига мувофиқ, ҳозир айнан диний мотивлар бўйича қамалган одамлар қийноқ энг кўп қўлланадиган маҳбуслар ҳисобланади:

- Гап шундаки, диндорларни иложи борича қўпроқ қийнаш бўйича “тепадагилар”дан махсус буйруқ келган бу қамоқхона ходимларига.

Қолаверса, ўша диндор маҳбусларни қийнаб, иложи борича ўлдириб юбориш топшириғи берилган. Бу бўйича менда исбот-далиллар ҳам бор.

Ҳаттоки қамоқхона ходимлари ўша диндорларни қийноққа солишга мажбурлангани, акс ҳолда, ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантириш ҳам олганини очиқдан-очиқ гапиришади, дейди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси фикрича, маҳбусни қийноққа солган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини жиноий жавобгарликка тортиш механизми Ўзбекистонда ҳали-ҳануз самарасизлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG