Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:18

Ҳамма “қозоғистонлик” бўлади


Агар қозоғистонликлар паспортга миллатни ёздирмаслик бўйича расмийлар таклифига кўнсалар, кўп ўтмай мамлакат фуқаролари орасида кимнинг қайси миллатга мансуб эканини фақат улар байрамларда киядиган миллий кийимларга қараб билса бўлади, холос.
Агар қозоғистонликлар паспортга миллатни ёздирмаслик бўйича расмийлар таклифига кўнсалар, кўп ўтмай мамлакат фуқаролари орасида кимнинг қайси миллатга мансуб эканини фақат улар байрамларда киядиган миллий кийимларга қараб билса бўлади, холос.

Қозоғистонда жорий қилинган биометрик паспортда фуқаро миллий мансублигининг кўрсатилмаслиги мамлакат жамоатчилиги орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлаяпти.

Жорий йил бошидан бошлаб Қозоғистонда янги биометрик паспорт жорий қилинди. Бу паспортнинг аввалгисидан фарқи унинг ичига микрочип ўрнатилганидадир.

64 килобайтли ушбу микрочипда пасторт эгаси бўлган Қозоғистон фуқароси ҳақида тўла маълумот жамланган.

Мамлакат адлия вазирлиги вакилларига кўра, янги биометрик паспорт халқаро меъёрларга жавоб бериб, унинг жорий қилиниши Қозоғистон паспортини қалбакилаштириш имконини деярли йўққа чиқаради.

- АҚШдан кейин яна 27 давлат ана шундай биометрик паспорт қабул қилди. Жумладан, Австрия, Австралия, Буюк Британия, Германия, Италия ва яна бир қанча давлатларда биометрик паспорт амал қилади.

Қозоғистон ҳукумати 2008 йилнинг 24 декабр куни мамлакатда биометрик паспорт жорий қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

2009 йилнинг 5 январидан бошлаб биз фуқароларнинг янги паспорт олиш учун топширган аризаларини кўриб чиқишни бошладик, дея маълум қилди Озодликка Олмаотанинг Олмали туман адлия департаменти раҳбари Кулбиби Мусаева.

Мамлакат ҳукумати янги жорий қилинган паспортда Қозоғистон фуқаросининг миллатини кўрсатмасдан, унда шунчаки “қозоғистонлик” деб ёзиш таклифини ҳам илгари сурди.

Аммо бу таклиф қозоғистонлик аксар зиёлиларда кескин норозилик уйғотди:

- Янги паспортда ҳукумат фуқаронинг миллати кўрсатиладиган графани олиб ташламоқчи.

Ҳукумат мамлакатда яшаётган, шундоқ ҳам кўп бўлмаган қозоқларни бошқа миллат вакилларига қўшиб юборишни мақсад қилган, бу қозоқларни миллат сифатида йўқ қилишга қаратилган жараён бошланганидан даракдир, дейди жамоат арбоби Мухтор Шаханов.

Қозоғистонда бир қанча миллат вакиллари қатори этник ўзбеклар ҳам истиқомат қиладилар. Хусусан, Жанубий Қозоғистон вилоятида яшовчи аҳолининг 20 фоизини ўзбеклар ташкил қилади.

Жанубий Қозоғистондаги ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Икром Ҳошимжоновга фикрича, янги жорий қилинган биометрик паспортда ярим миллиондан зиёдроқ қозоғистонлик ўзбеклар учун миллат кўрсатилиши лозим.

- Албатта, ҳар бир миллат ўз тили, маданияти ва урф-одатини сақлаб қолиш учун паспортда ўз миллатини ёздиргани дуруст. Бугунги кунда барча миллат вакилларининг истак-талаблари мана шундай, дейди Икром Ҳошимжонов.

Бироқ Қозоғистонда яшаётган этник озчилик вакиллари, хусусан, этник ўзбеклар орасида янги биометрик паспортда фуқароларнинг миллати кўрсатилмасдан, уларнинг барчаси қозоғистонлик деб ёзилиши тарафдорлари ҳам талайгина. Чимкентлик Ғайбулла ота ҳам шундай фикрда.

- Қозоғистонлик деб ёзгани яхши. Ҳамма миллат вакиллари бирдек бўлиши керак. Бўлмаса, миллатчилик кўпайиб кетади.

Агар қозоғистонлик дея ёзилса, ҳаммамиз бирдек бўламиз. Бу мамлакатда тинчликни сақлаш мақсадида қилинаётганини англатади.

Бу орқали урф-одатимиз ҳеч ҳам ўзгармайди. Аввал қандай бажариб келган бўлсак, урф-одатларимизни, ҳозир ҳам шу йўсинда давом этаяпти, дейди Ғайбулла ота.

Айни пайтда, 13 феврал куни Қозоғистон ҳукумати янги биометрик паспортда фуқаронинг қозоғистонлик экани ёзилиши шартлиги, бироқ фуқаро хоҳишига қараб, паспортига ўз миллатини ҳам қўшимча равишда ёздириб қўйиши мумкинлиги ҳақида қарор чиқарди.
XS
SM
MD
LG