Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:25

Пул ва куч ўртасидаги ихтилоф


Бугун "силовик"лар босими остида қолган Россия Молия вазири Алексей Кудрин¸ бош вазир Путиннинг ўнг қўл бўлмаса-да¸ ҳар қалай чап қўл вазирларидан бири ҳисобланади.
Бугун "силовик"лар босими остида қолган Россия Молия вазири Алексей Кудрин¸ бош вазир Путиннинг ўнг қўл бўлмаса-да¸ ҳар қалай чап қўл вазирларидан бири ҳисобланади.

Халқаро молиявий бўҳрон туфайли нефтдан келаётган даромад камайиб, Россия иқтисоди путурдан кетган сари сиёсий элита орасидаги ички ихтилоф ҳам кучая бошлади.

Қарийб ўн йилдан бери Владимир Путин режимининг асосий устунлари бўлиб келган махсус хизмат вакиллари ва иқтисодчилар энди ўзаро бюрократик қарама-қаршиликка тўқнаш келган кўринади.

Шу ой бошида Молия вазирлигига нисбатан коррупция айбловларининг яна илгари сурилаётгани бунинг далилидир.

Кўпчилик таҳлилчилар сиёсий, деб атаётган бу жиноий иш, Молия вазири Алексей Кудриннинг ҳукумат эълон қилган аксил-бўҳрон чораларига зид равишда қарзга ботиб кетган ширкатлар учун ёрдамни тўхтатиб қўйишидан бир ҳафта ўтиб очилди.

Кудриннинг қарори ҳокимият доираларига алоқадор ширкатлар учун ҳам давлат ёрдамини кесиб қўйди.

Молия вазирлигига қарши бошланган ҳужум, инқирозга юз тутган иқтисоднинг Россия элитаси орасидаги ихтилофни кучайтираётганига яна бир мисолдир, демоқда таҳлилчилар.

Лэвед Саттер Ҳадсон институтининг Россия бўйича шарҳловчиси ва “Тонгдаги зулмат: Россияда жиноий давлатнинг шаклланиши” номли китоб муаллифи.

- Путин яратган шароитда на шаффофлик, на адолат ва на фуқаровий жамият анъаналари кафолатланган. Ва кўпинча кимнингдир манфаатларини таъминлашнинг энг осон йўли муаммоларни яратаётган шахсга нисбатан қалбаки жиноий ишни қўзғаш бўлиб қолган, дейди Россия сиёсати бўйича таҳлилчи.

Молия вазирлигидаги технократлар ва “силовиклар”, хусусан махсус хизмат ветеранлари орасидаги қарама-қаршилик кўп йиллик тарихга эга. Лекин Россия бошига кутилмаганда ëғилган нефт долларлари эвазига тўкин-сочинлик бўлган даврда бу қарама-қаршиликни жиловлаб туриш осонроқ бўлган.

Иқтисодий бўҳрон туфайли Кудриннинг обрўси тушиб бораётган шароит эса, “силовиклар”, хусусан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Игор Сечинга Молия вазирига қарши янги ҳужум бошлаш учун янги фурсат яратди.

Шу ой бошида Россия прокуратураси қошидаги тергов қўмитаси бошлиғи Александр Бастрикин Молия вазирлигини Россиянинг Жазоир олдидаги қарзи билан боғлиқ келишув доирасида 18 миллион АҚШ долларини ўзлаштирганликда айблади. Бастрикин бу ишга алоқадорликда гумон қилинган Молия вазири ўринбосари Сергей Сторчак ва Молия вазирининг собиқ ўринбосари Вадим Волков устидан тергов деярли якунланганини хабар қилди.

Сторчак ўтган йилнинг октябрида судгача ҳибсдан озод қилинган бўлса¸ Волков ҳамон тергов изоляторида қолмоқда.

Кудрин анчадан бери “силовиклар” ва уларга алоқадор ширкатларнинг жиғига тегиб келаëтган эди ва бу ишнинг Сточак, Волков ёхуд Жазоирга алоқаси йўқ, дейди Санкт-Петербургдаги Европа университети қошидаги тадқиқот маркази директори Дмитрий Травин.

- Сечин билан Кудрин орасидаги қарама-қаршилик анчадан бери давом этиб келади. Сечин Кудринни ишдан кетказиб, Молия вазирлигига ўз одамини қўйишни истайди. У тергов қўмитаси ва ўзининг яқин маслакдоши бўлмиш Бастрикин воситасида Кудринни обрўсизлантирмоқчи, дейди санкт-петербурглик бу таҳлилчи.

Лекин, дейди Травин ва у каби бошқа кузатувчилар, Кудринни ишдан кетказиш осон бўлмайди. Боиси Кудриннинг Путин билан дўстона алоқалари кўпчиликка маълум.

- Менимча, Путин билан Кудриннинг шахсий муносабатлари яқин бўлгани туфайли, Кудрин ҳали ҳам лавозимидан олиб ташланмади. Бўлмаса, Сечиндек қудратли шахс, уни аллақачон ишдан олиб, ўрнига бошқа одамни қўйган бўларди. Кудриндан қутилиш осон бўлмайди. Лекин Путин Кудринни ишдан олиш сиёсий жиҳатдан мақсадга мувофиқ, деб ҳисобласа, уни Молия вазирлигидан олиб, бошқа лавозимга тайинлаши ҳам мумкин, дейди Травин.

Айни пайтда, Кудринни обрўсизлантириш мақсадида Сторчак ва Волковга нисбатан очилган жиноий ишнинг заиф ва мантиққа мос келмайдиган томонлари кўп, дейди “Эхо Москвы” радиосининг сиёсий шарҳловчиси Юлия Латинина каби кузатувчилар.

- Бу жуда шубҳали жиноий ишдир. Бастрикин экспертлар ва терговчилар ҳисоб- китобига кўра, фалон хулосага келинди, деган гапларни айтади. Лекин негадир ҳар доим, бир-биридан фарқ қилувчи рақамларни беради. Улар ҳозир 18 миллион доллар ҳақида гапиряпти. Ундан аввалги интервьюсида эса, Бастрикин 80 миллион деяётган эди. Кечирасизу бу терговни “бўғирсоқлар” олиб бораётган кўринади, дейди сиёсий шарҳловчи Юлия Латинина.
XS
SM
MD
LG