Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:00

Валютангизга ҳушëр бўлинг!


Кузатувчиларга кўра¸ Марказий банкнинг янги қарори Ўзбекистон ичида эркин муомаладаги валюта тақчиллиги олдини олиш чораларидан бири бўлиши мумкин.
Кузатувчиларга кўра¸ Марказий банкнинг янги қарори Ўзбекистон ичида эркин муомаладаги валюта тақчиллиги олдини олиш чораларидан бири бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Марказий банкининг ички бозордаги валюта олди-бердисига оид қабул қилган янги қарори¸ унга рисоладагидай шарҳ берилмаганидан бўлса керак¸ жамоатчилик орасида ташвиш уйғотмоқда.

Яқинда Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви Вазирлар маҳкамасининг “Биржадан ташқари валюта бозори фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғриси”да 2001 йил 10 июлдаги қарорига алоқадор валюта конвертациясига оид ҳужжат қабул қилди.

Унга кўра, хориждан маҳсулот импорт қилган ширкатлар ички бозорда валюта сотиб олганидан кейин 7 кун ичида валютани маҳсулот эгаси ҳисобига ўтказмаса, масъул банк унинг ҳисобидаги валютани Марказий банк курси бўйича қайтариб сотиб олади.

Марказий Банк ходимининг Озодлик радиосига айтишича, четдан маҳсулот импорт қилиш билан шуғулланувчи ширкат ички бозорда валюта сотиб олиб¸ уни 7 иш кунида маҳсулот эгаси бўлган хориж ширкати ҳисобига ўтказмаса, масъул банк валютани қайтариб сотиб олади.

Банк ходимига кўра, бу тартиб жисмоний шахсларга тааллуқли эмас, шу боис ўз валюталарини банкларда сақлаётган фуқароларнинг ташвишланишига ўрин йўқ.

- Бу қарор жисмоний шахслар ва якка тартибдаги корхоналарга тааллуқли эмас. Агар ширкат импорт билан шуғулланса ва биржадан эркин муомаладаги валютани сотиб олса, ўшаларга тегишли.

Масалан¸ бир ширкат валюта сотиб олса ва 7 иш кунида пулни Россиями, Чехиями ёки бошқа ердаги ҳамкорининг банк ҳисобига ўтказмаса, валютани қайтариб сотиши керак бўлади. Бу бошқаларга тааллуқли эмас. Фақат импорт билан шуғулланувчи ширкатларга тегишли, деди Марказий банк ходимларидан бири.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳукумати валюта назоратини кучайтирмоқда. Якка тартибда тижорат билан шуғулланаётган фуқаролар фикрича, бу тадбир валютага талабни оширган ва расмий курси билан қора бозор курси ўртасидаги фарқ ошишига туртки бўлган.

Тошкентлик тадбиркорлардан бири ҳозир пойтахтда АҚШ долларининг расмий курси ва қора бозордаги курс ўртасидаги фарқ тахминан 300 сўмни ташкил этишини айтди:

- Давлат курси 1425 сўм. Қора бозорда 1700-1750 сўм. 2-3 ойдан бери мана шу аҳвол.

Озодлик: Валюта сотиб олмоқчи бўлган одам валюта алмаштириш шаҳобчасига бемалол бориб, валюта сотиб ола биладими?

- Йўқ¸ валюта алмаштириш шаҳобчасида бемалол сотиб ололмайди. Чунки қора бозорда ишлайдиганлар елкасини бериб¸ ўшалар олаяпти¸ холос. Оддий халққа навбат билан фақат 200 доллардан бераяпти. Қора бозорда ишлайдиганлар банк ходимларига пора бериб¸ 5-6 минг, ҳатто 10 минггача олиши мумкин.

Озодлик: Қора бозордагилар устига қанча бериб олади?

- Қора бозордагилар 5 минг долларга 200-300 доллар бериши мумкин.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам фуқароларнинг банк шаҳобчаларидан валюта сотиб олиши пойтахтдаги каби муаммога айланиб бормоқда. Қашқадарёлик тадбиркорлардан бири ҳозир Қаршида ҳам АҚШ долларини фақат банкларда таниш-билиши борлар расмий курсда сотиб олиши мумкинлигини¸ оддий фуқароларнинг валюта алмаштириш шаҳобчалардан доллар сотиб олиши амри маҳол бўлиб қолганини айтди.

- Долларнинг давлат нархи 1400 сўм. Қора бозорда 1700 сўм. Бу сотилиш нархи.

Озодлик: Валюта алмаштириш шаҳобчасидан оддий одам бемалол сотиб ололадими?

- Йўқ¸ бу фақат давлат идораларининг ҳисоб-китоби учун юритилади. Давлат шаҳобчаларида тирик валютанинг ўзи йўқ¸ фақат қора бозордан яширинча олса бўлади.

Сабаби агарда орган ходимлари бу нарсани кўриб қолса¸ олувчини ҳам¸ сотувчини ҳам ушлаб, пулларини олиб қўйишади.

Сиз валюта алмаштириш шаҳобчасига хоҳлаганча олиб бориб тоширишингиз мумкин. Лекин сотиб олиб бўлмайди.

Уни банкнинг катталари банкнинг ўзидан қора бозорга чиқариб сотиб юборишади. Четга кетаëтганлар кўпайиб қолган ва улар қора бозордан сотиб олишади. Уларнинг бошқа иложлари йўқ.
XS
SM
MD
LG