Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:33

50 миллион долларлик дард


Сил ўчоғи саналмиш жазони ўташ муассасаларидаги вазият билан бевосита танишиш¸Ўзбекистонда халқаро мутахассислар учун имконсиз бўлиб қолмоқда.
Сил ўчоғи саналмиш жазони ўташ муассасаларидаги вазият билан бевосита танишиш¸Ўзбекистонда халқаро мутахассислар учун имконсиз бўлиб қолмоқда.

Халқаро донор гуруҳларнинг силга қарши дастурлар учун ажратилаëтган грантларни кўпайтираëтганига қарамай¸ қашшоқлик ва қамоқхоналардаги ночор вазият сабаб¸ сил муаммоси Ўзбекистон учун жиддийлигича қолмоқда.

Ўтган ҳафта охирида жаҳон бўйлаб ОИТС¸ сил ва безгак касалларига қарши кураш олиб борувчи халқаро донорларнинг "Глобал жамғарма" деб номланган гуруҳи Ўзбекистон ҳукуматига сил касалига қарши кураш мақсадида 50 миллион АҚШ долларига тенг грант ажратгани маълум бўлди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига ҳар 100 минг аҳолидан 52 кишининг силга чалингани қайд этилмоқда.

Мамлакатда фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар эса, бу рақамнинг ҳар 100 минг кишидан 80 эканини айтиб келишаëтир. Абсолют рақамларда эса¸ бу йилига 25 мингга яқин ўзбекистонлик сил касали билан рўйхатга олинади деганидир.

Сил муаммоси собиқ иттифоқнинг бошқа республикалари каби Ўзбекистон учун ҳам катта муаммо бўлиб келган. Бироқ қўшни Қозоғистон ёки Қирғизистонга қиёслаганда, Ўзбекистондада силга оид амалга оширилган ва оширилаётган дастурлар натижалари анчайин камтарроқ, дейди мутахассислар.

"Глобал жамғарма" Ўзбекистон ҳукуматига берган 50 миллион доллар сил касалига оид иккинчи грантдир. "Глобал жамғарма"нинг Марказий Осиё дастурлари раҳбари Валерий Чернявский гапиради.

- Бу Ўзбекистон ҳукумати сил касаллигига қарши дастурлар учун ташкилотимиздан олаётган иккинчи грант бўлиб, беш йилга мўлжалланган. Бу 2010 йилнинг мартигача берилган аввалги грантдан икки баробар кўпроқдир.

Янги грант сил касалига қарши дастурни молиялаштириш мақсадида ишлатилади. Бу дастур доирасида ҳам фуқаровий секторда, ҳам жазони ижро этиш тизимида сил касаллигини аниқлаб, даволаш ишлари амалга оширилади¸ дейди Валерий Чернявский.

"Глобал жамғарма"нинг Ўзбекистонга йирик грантларни ажратаётгани бу мамлакатда сил касаллиги муаммоси ҳали ҳам жиддий эканини кўрсатади, деб давом этади ташкилот расмийси.

- Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан сил касаллигига оид вазият аянчлилигича қолаётган 27 мамлакат қаторига қўшилган. Бу рўйхатга собиқ иттифоқнинг бошқа мамлакатлари ҳамда Осиё ва Африкадаги қатор мамлакатлар ҳам киради.

1 апрел куни Пекинда мазкур муаммога бағишланган халқаро конференция бошланади ва у ерда сил касали катта муаммо бўлиб қолаётган мамлакатлардаги фаолиятни мувофиқлаштириш масаласи муҳокама қилинади, дейди Чернявский.

Ўзбекистонда сил муаммоси билан шуғулланадиган халқаро мутахассислардан бири исми ошкор қилинмаслиги шарти билан суҳбатлаша туриб, мамлакатда катта дастурлар олиб борилаётган бўлса-да, уларнинг қўшни Қозоғистон ёки Қирғизистонга солиштирганда¸ самараси анча пастроқ, дейди.

- Ўзбекистонда йилига қайд этилаётган беморлар сони ҳар 100 минг кишига 80 кишини ташкил қилса, Қозоғистон ва Қирғизистонда бу кўрсаткич қарийб уч баробар камроқни ташкил қилади, дейди мутахассис.

Марказий Осиё давлатларида силга қарши дастурларни амалга оширадиган HOPE - Умид ташкилотининг минтақа ваколатхонаси раҳбари Томас Мор эса, Ўзбекистонда ҳукумат халқаро ташкилотлар ёрдамида амалга ошираётган дастурлар самараси ва силга оид умумий вазиятга бошқачароқ баҳо беради.

- Ўзбекистон аҳоли жиҳатидан қўшни мамлакатлардан анча каттароқдир. Мен сиз билан суҳбатдан аввал, бутун минтақага оид рақамларни кўриб чиқдим ва Ўзбекистонда кузатилаётган тенденцияни ижобий баҳолашим мумкин.

Ўзбекистонда касалликни даволаш бўйича кўрсатилаётган хизматлар ва касалликнинг янги ҳолатларини аниқлаш бўйича олиб борилаётган ишлар анча яхши. Вазиятни кўплаб кўрсаткичларга қараб баҳолаш мумкин.

Лекин умумий вазиятга баҳо берадиган бўлсак, масалан, 2003 йил билан 2006 йилни солиштирганда, бу давр мобайнидаги даволаш хизматлари ва касалликнинг янги ҳолатларини аниқлаш бўйича маълумотлар Ўзбекистонда сил касаллигини назорат қилиш яхши йўлга қўйилганлигини хулоса қилиш мумкин¸ дейди Томас Мор.

Лекин, деб қўшимча қилади доктор Мор, Қозоғистон билан Қирғизистоннинг минтақа давлатлари орасида сил касали бўйича жиддий натижаларга эришганлари рост. Чунки бу давлатларда силга қарши ДОТС даволаш дастурининг амалга оширилиши анча олдин бошланган.

“Сил касаллиги собиқ иттифоқнинг аксарият мамлакатларидаги каби, Ўзбекистон қамоқлари учун катта муаммо бўлиб қолмоқда”, дейди биз билан суҳбатда исмини ошкор қилмаган мутахассис.

Унинг айтишича, қамоқларда сил касаллиги кўрсаткичи мамлакат бўйича умумий кўрсаткичлардан 100 баробар кўпроқ бўлиши мумкин. Бундан эса¸ Ўзбекистонда ҳар йили рўйхатга олинаётган 25 минг беморнинг каттагина қисми, маҳбуслар ёки собиқ маҳбусларни ташкил этишини билиб олиш қийин эмас.

"Глобал жамғарма" ажратган 50 миллион долларлик грант, жумладан Ўзбекистон қамоқларида сил касалига чалинган беморларни даволаш хизматларини молиялаштиришни ҳам назарда тутади.

Лекин қўшни мамлакатлардан фарқли ўлароқ, ўзбек қамоқларидаги сил касаллигига оид вазият билан шуғулланишга халқаро ташкилотлар яқинлаштирилмайди.

Валерий Чернявский, бу ҳолат ажратилган грант самарасига салбий таъсир қилмаслигига умид қилишини айтади.

- Ўзбекистонда бу фаолият бизнинг грантимизни олувчи ташкилот –Миллий ДОТС маркази томонидан амалга оширилади. Бу марказ жазони ижро этиш тизимларидаги тиббий хизматлар билан бевосита ишлайди.

Тўғри¸ Ўзбекистонда бу фаолиятга халқаро ташкилотлар жалб қилинмаган, лекин бу сил касалига чалинган беморларга кўрсатилаётган хизматларга салбий таъсир қилмайди, деган умиддаман.

Чунки, масалан, Қирғизистондаги қамоқларда бу масала билан шуғулланадиган Чегара билмас шифокорлар ташкилоти ҳам, Ўзбекистондаги ДОТС маркази ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаб берган стандартларга амал қилади.

Бу ерда асосий масала, даволаш хизматларини кўрсатиш учун тегишли инфратузилма ва шифокорларнинг малакасидадир, дейди Глобал жамғарма вакили.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган мутахассис эса, жазони ижро этиш муассасаларидаги сил касали муаммосини ҳал этиш учун инфратузилмалар ва малакали шифокорларнинг ўзи кифоя қилмайди, дейди.

Турмаларда сил касаллигининг тез тарқалишига биринчи навбатда маҳбуслар сақланаётган шароит ва уларнинг яшаш тарзи сабабчидир ва бу вазиятда ҳатто "Глобал жамғарманинг 50 миллионлик гранти ҳам ёрдам бермайди, деб қўшимча қилади мутахассис.

Алишер исмли собиқ ўзбек маҳбуси гапиради.

Алишер: Майли мен жиноят қилдим¸ лекин менинг йўқотган соғлигимни энди ҳеч ким ўрнига қўя олмайди. Сил бўлдим.

Озодлик: Нимадан энди бу? Ўша баракдаги вазиятданми бу?

Алишер: Мунтазам равишдаги тазйиқ¸ мунтазам равишда оч юриш¸ овқатларнинг калорияси йўқлигидан¸ ҳар доим асабий бўлиб юришдан. Хуллас ҳаммаси бир бўлиб чиқдида. Бу касалликнинг келиб чиқиши доимо оч бўлиб юришдан ва асабий бўлиб юришдан бўлади.

Турмуш ўртоғи қамоқда силга чалинган мана бу аёл эса, касаллик эрига атайлаб юқтирилганини айтади.

- Қамоқхонада уларнинг олдига сил касалига чалинган одамни олиб келиб қўйишган. У атайин қўшилган. Ўзи бунақа касаллар ажратиб қўйилиши керакку. Ўпкаларида бир эмас, иккита доғ бор.

Ичкаридаги ҳамма шароитлар сил касаллиги бўладиган шароит. Сил касали бўлиб қолмасдан бошқа иложи йўқ. Масалан, сил касали шамоллашнинг жуда қаттиқ ўтиб кетганидан бўладию.

Мана қишда ҳам Ўзбекистонда жуда қаттиқ совуқ бўлди. Ўша пайтда эрталаб кўчага олиб чиқиб қўяркан. Ичкарига умуман киритмас экан. Ҳатто баъзи болаларни қулоқлари¸ бурунлари музлаб қоларкан.

Ўшандан кейин кўпчилиги сил касал бўлди. Вақтида тиббий ëрдам кўрсатилмаганлиги учун ҳалигача ўша касаллик билан оғриб юришибдида¸ дейди турмуш ўртоғи қамоқда силга чалинган аёл.

Сил касаллигини микробактерия ёки Кох таёқчалари, деб аталувчи микроблар келтириб чиқаради. Касаллик асосан турмуш тарзи, масалан, парҳези ёмонлиги ёки санитария қоидаларига риоя қилмаслиги туфайли иммунитети пасайиб кетган одамларга юқади.

Ўзбекистонда сил касаллигига мойил гуруҳга асосан аҳолининг кам таъминланган қисми киради, дейди "Глобал жамғарма" вакили Чернявский.

- Ўзбекистонда бу гуруҳга, асосан, жамиятнинг ижтимоий муҳофаза қилинмаган қисми киради. Беморлар орасида тўйиб овқат ейишга қурби етмайдиган, турмуш шароитлари ҳаминқадар бўлган одамлар кўп.

Айтиб ўтганингиздек, маҳбуслар ёки озодликка чиққанлар орасида ҳам сил беморлари жуда кўп. Шунингдек, бу касалга чалинганлар орасида Россия ёки Қозоғистонда оғир шароитларда мардикорлик қилганларнинг кўпаяётганини қайд этиш мумкин.

Яъни Ўзбекистонда силга чалиниши мумкин бўлган тоифадагилар контингенти кенгаяётгани ачинарли ҳолдир, албатта¸ дейди Чернявский.

Кейинги пайтларда Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларида болаларнинг силга чалиниши ҳоллари тез-тез учраб туриши мутахассисларнинг хавотирига сабаб бўлмоқда, деб давом этади суҳбатдошимиз.

- Кейинги пайтларда болалар орасидаги сил касаллиги муаммосига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бунга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг STOP TB дастури ва турли дори ишлаб чиқарувчи ширкатларнинг фаолиятини мисол қилиш мумкин.

Улар силга қарши болалар учун махсус дориларни ишлаб чиқармоқда. Бу жуда жиддий муаммодир, чунки биласиз ҳозир Ўзбекистонда ҳам, минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам болаларнинг кўчаларда меҳнат қилаётганини кўриш мумкин.

Албатта, оғир шароитда қолган бу болалар ҳам сил касаллигига мойил гуруҳга киради, дейди "Глобал жамғарма"нинг Марказий Осиё дастурлари раҳбари Валерий Чернявский.

Бугунги дастуримиз учун Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг сил касаллиги бўйича мутасаддилари билан суҳбатлашишни келишиб олган эдик. Лекин келишилган вақтда вазирлик билан телефон орқали боғлана олмаганимиз туфайли, бу суҳбатнинг иложи бўлмади.
XS
SM
MD
LG