Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:47

Тожикистон ваъдасини бажарди


Тожик парламенти депутатларининг чегара масаласида баҳс-мунозараларсиз ягона қарорга келишини айрим таҳлилчилар¸ ҳар иккала давлат расмийларининг ўзаро жанжаллардан безгани билан изоҳламоқдалар.
Тожик парламенти депутатларининг чегара масаласида баҳс-мунозараларсиз ягона қарорга келишини айрим таҳлилчилар¸ ҳар иккала давлат расмийларининг ўзаро жанжаллардан безгани билан изоҳламоқдалар.

Тожикистон парламентининг 25 феврал куни Ўзбекистон билан давлат чегараларига оид шартномани бир овоздан тасдиқлаши¸ Тошкент-Душанбе ўртасида бошланган илиқлашув белгиси сифатида кўрилмоқда.

Тожикистон парламентининг ҳуқуқ, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раис ўринбосари Абдуманнон Холиқовнинг Озодликка билдиришича, мамлакат парламентининг сўнгги йиғилишида депутатлар Тожикистон-Ўзбекистон давлат чегараларига доир шартномани бир овоздан тасдиқлаганлар.

- Бу шартнома 2002 йилнинг 5 октябрида Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Ислом Каримов ва Имомали Раҳмонов томонидан имзоланган эди.

Аммо ўтган шу давр ичида Ўзбекистон билан ўз ечимини топмаган баъзи масалалар мавжудлиги сабабли ҳужжат парламентимиз вакиллари томонидан тасдиқланмай қолган эди.

Шу йил 18 февралда Ўзбекистон давлат делегациясининг Душанбега сафарида бу масала муҳокама қилинди. Комиссия муҳокамасида Тожикистон томони шартномани тез кунларда тасдиқлаш мажбуриятини олди. Мана¸ бугун Тожикистон берган ваъдасининг устидан чиқди, деди Абдуманнон Холиқов.

Депутат Холиқов мазкур шартноманинг парламент томонидан тасдиқланишини Тошкент-Душанбе муносабатларини яхшилаш сари қўйилган жиддий қадам, дея баҳолайди.

Парламент вакилининг айтишича, шу ўтган давр мобайнида Тожикистон ва Ўзбекистон давлат чегараларининг тахминан 70-75 фоизи аниқлаштирилган, холос.

- Ҳозирда икки давлат чегараларида аниқланмай қолаётган тўртта баҳсли ҳудуд мавжуд.

Икки томонлама шартнома Ўзбекистон парламенти томонидан ҳам тасдиқлангач, мана шу тўртта баҳсли ҳудуд юзасидан янги шартнома имзоланади ва бу ҳудудларни ўрганиш учун янги комиссия тузилади, деб айтди депутат Холиқов.

Айни пайтда¸ тожик депутати баҳсли ерлар чегаранинг айнан қайси ҳудудларида эканини харитасиз айтиш қийинлигини қайд этди.

Тожикистон давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси масъуллари эса тожик-ўзбек чегарасидаги баҳсли ҳудудлар мамлакатнинг шимолида эканини таъкидлайдилар.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий ҳам ўтган йили журналистлар учун ўтказган матбуот анжуманида шу хилда фикр билдириб:

- Айрим ҳудудлар бўйича бизда асосли ва 100 фоиз аниқ ҳужжатлар йўқ. Шунинг учун мен август ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида қатнашган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан бу мавзуда алоҳида суҳбатлашиб, Тожикистон ва Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларини аниқлашда Москва архивида сақланаётган Совет Иттифоқи ҳужжатларидан фойдаланиш рухсатини олдим, деган эди.

Аммо жаноб Лавров тожик ҳамкасбига берган ваъдасини бажардими-йўқми – бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари 25 феврал куни аниқ бир жавоб айтолмадилар.

Тожикистон парламенти депутати Абдуманнон Холиқов 2002 йил президентлар томонидан имзоланган чегараларга доир ҳужжат бугунги кунда Ўзбекистон парламенти томонидан тасдиқланганми-йўқми¸ бундан хабари йўқлиги айтаркан, бу борада Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасига мурожаат қилишни тавсия этди.

Бироқ биз билан телефонда суҳбатлашган, аммо овози ёзиб олинишини истамаган Ўзбекистон элчихонаси расмийси Миродил Абдураззоқов бу борада ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.

Шу билан бирга, ўзбек дипломати Тожикистон парламенти томонидан ҳужжатнинг тасдиқланиб, қонуний кучга киришини олқишга сазовор ишлиги, бундай ҳаракат кки қўшни давлат ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига хизмат қилишини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG