Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:42

Бозор яна қўрқув гирдобида


Жаҳон суғурта бозорида ҳаммадан баланд ва ҳаммадан қудратли ҳисобланган Америка Суғурта Гуруҳининг жар ëқасида экани¸ глобал молия бозорини қайтадан тўзитиб юборди.
Жаҳон суғурта бозорида ҳаммадан баланд ва ҳаммадан қудратли ҳисобланган Америка Суғурта Гуруҳининг жар ëқасида экани¸ глобал молия бозорини қайтадан тўзитиб юборди.

АҚШ ва Британиядаги йирик молия тизимларининг¸ тасаввур қилинганидан кўра ҳам чуқурроқ инқирозда экани маълум бўлгач¸ жаҳондаги қимматбаҳо қоғозлар нархи яна пастга шўнғиди.

Осиë қимматбаҳо қоғозлар бозоридаги нарх-навони белгиловчи Токио биржалари¸ Ню Йорк ва Лондонда пайдо бўлган кўнгилсиз хабарлардан сўнг¸ сешанба куни 25 йил ичида кузатилмаган паст нарх билан иш бошлади.

Душанба куни АҚШ даги 30 йирик ширкат акцияларидан таркиб топган Доу Жонс кўрсаткичи 12 йилдан бери қайд қилинган паст баҳода ëпилган бўлса¸ Лондондаги FTSE индекси 2003 йилги даражага тушди.

Жаҳон бўйлаб қимматбаҳо қоғозлар нархининг яна пастлашига икки воқеа туртки бўлди.

Биринчиси¸ АҚШ даги энг йирик суғурта ширкати бўлмиш AIG – Америка Суғурта Гуруҳи сўнгги чорак ичида 61¸7 миллиард доллар йўқотганини эълон қилди.

Бу эса¸ жаҳон корпорациялари тарихида шу пайтга қадар мисли кўрилмаган улкан йўқотиш ва шу билан АСГ нинг 2008 йил ичида кўрган талофати қиммати 100 миллиард доллардан ошиб кетди.

Америка корпоратив тимсолларидан бири бўлмиш бу гуруҳни қутқариш ишига душанба куни Вашингтон ҳукумати аралашди ва жаҳоннинг 120 дан ошиқ давлатида фаолият юрғизаëтган суғурта гуруҳини касод бўлишдан сақлаб қолиш мақсадида 30 миллиард доллар нақд пул ажратилажагини билдирди.

Шунга қарамай¸ АСГ нинг ўлим ëқасида экани¸ глобал молиявий бўҳроннинг энг кучли бўронлари ортда қолди¸ деган ишонч учун замин излаëтган сармоядорларни саросима домига ташламай қолмади.

Jeffries and Company ширкатининг қимматбаҳо қоғозлар бозори бўйича мутахассиси Арт Ҳоган¸ АСГ вазиятига оид хабар¸ айнан сармоядорлар кутаëтган мужданинг акси эканини айтади.

- АСГ бугун ҳаммамизга жуда кўп молия тизимларининг ҳали жуда катта пулга зорлигини яна бир бор эслатди. Бу тизимларни тирик сақлаб қолиш учун жуда кўп сармоя керак бўлади. АСГ сақлаб қолиб¸ кейинчалик кичик-кичик бўлакларга бўлиб¸ сотиб юборишдан аввал¸ бугуннинг ўзидаëқ 30 миллиард доллар лозим¸ дейди Ҳоган.

Америка¸ шунингдек дунëдаги энг йирик суғурта ширкати бўлмиш АСГ тақдирининг қил устида тургани¸ глобал молия бозорини нисбий мувозанатдан чиқариб юбориш учун етарли асос бўлди.

Аммо Оқ уй матбуот котиби Роберт Гиббснинг айтишича¸ Обама маъмурияти келажакда жаҳон молия тизимини бу каби таҳликалардан озод қилиш устида ишламоқда.

- Биз узоқ муддатда бу каби воқеаларнинг молия тизимига муттасил хавф солиши олдини олиш мақсадида ҳозирда АСГ ни қайта ташкиллаштириш учун лозим барча қадамни қўймоқдамиз. Шу нуқтаи назардан¸ бугунги қарор ўта муҳимдир¸ деди ҳукуматнинг суғурта ширкатини сақлаб қолиш учун 30 миллиард доллар ажратиш қарорини изоҳлаган Обама матбуот котиби.

АСГ нинг мавҳум қисмати¸ жаҳон молия бозорларида янги саросимани бошлаб берган биринчи сабаб бўлса¸ айни куни Европанинг энг йирик банки ҳисобланмиш HSBC нинг ўтган йилги даромади 70 фоизга камайганига оид хабар¸ бу қўрқувни янада кучайтирган иккинчи омил бўлди.

HSBC ўз фаолиятини давом эттириш учун 18 миллиард долларлик акция сотиши лозимлигини ҳам маълум қилди ва бу икки нохуш хабар глобал иқтисодий вазиятининг ўйланганидан кўра ëмонроқ эканидан берилган сигнал бўлди.

Дунëдаги энг йирик автомобилсозлик ширкати бўлган Тойота ҳам душанба куни омон қолиш учун ҳукуматдан 2 миллиард доллар қарз сўраганини эълон қилдики¸ бу глобал молия бозорлари учун ўлганнинг устига тепган бўлди.

Халқаро таҳлилчилар¸ айни кунларда жаҳон бозори яна умумиятла қўрқув ва ноаëнлик домига тортилгани ва вазият муқимликка эришишдан аввал ҳали анча оғриқли жараëнлар юзага чиқажагини тахмин қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG