Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:18

"Судан президенти қамоққа олинсин!"


Халқаро жиноят суди қарорига муносабат билдирган Умар Ал-Башир¸ уни бир пулга олмаслигини очиқ баëн қилди.
Халқаро жиноят суди қарорига муносабат билдирган Умар Ал-Башир¸ уни бир пулга олмаслигини очиқ баëн қилди.

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Дарфурда уруш жиноятлари содир этганликда айбланаётган Судан президенти Умар Ал-Баширни ҳибсга олиш тўғрисида ордер чиқарди.

Жиноят ишлари бўйича халқаро суд бош прокурори Луи Морено Окампонинг билдиришича, шу пайтгача тўпланган барча далиллар Умар Ал-Баширнинг Африка қабилаларга қарши Судан армиясини сафарбар қилганини кўрсатмоқда.

Халқаро суд Судан раҳбарини Дарфурда маҳаллий этник қабилаларга қарши уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айбдор, деб топди. Маълум бўлишича, Судан раҳбарига қарши геноцид содир этганлик бўйича илгари сурилаётган айбловлар етарли исбот-далил йўқлиги туфайли ҳозирча расмий айблов рўйхатига киритилмаган.

Бироқ суд расмийларининг билдиришича, геноцидга оид маълумотлар ўз тасдиғини топса, бу айбловлар Судан раҳбарига қарши расман илгари сурилиши мумкин.

Халқаро суд матбуот котиби Лоренс Блейрон Ал-Баширнинг Судан президенти бўлиб қолаëтгани¸ уни қилган жиноятлари учун жавобгарликдан озод қилмаслигини таъкидлади.

- Халқаро жиноят суди томонидан Ал-Баширни қамоққа олиш тўғрисидаги бу ордер¸ иқтидордаги давлат раҳбарини қўлга олиш ҳақда берилган биринчи ҳукмдир. Умар Ал-Баширнинг давлат тепасида ўтираëтгани уни на жиноий жавобгарлик ва на Халқаро жиноят суди олдида жавоб бериш маъсулиятидан озод қила олмайди¸ деди суд матбуот котиби.

БМТга кўра, 2003 йил Дарфурда бошланган ҳарбий можаро оқибатида 300 мингга яқин фуқаро нобуд бўлган, кўплаб аёллар зўрланиб, қарийб 3 миллион дарфурлик ўз уйидан ҳайдаб чиқарилган.

Бироқ Судан раҳбари ўзига қўйилаётган барча айбларни инкор қилиб келмоқда.

Сешанба куни мамлакатда янги сув омбори қурилишининг очилиш маросимида чиқиш қилган Умар Ал-Башир халқаро суднинг ҳар қандай қарори ўзи учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини маълум қилди.

- 4 март куни улар резолюция қабул қилади. Ундан сўнг улар яна битта ёки қўшимча 10та резолюция қабул қилишлари мумкин. Бу биринчи резолюция эмас. Халқаро ҳамжамият ва БМТ Хавфсизлик кенгаши бир қанча жазо чоралари қўллаган. Энг сўнггиси 1709 рақамли резолюция эди. Хўш¸ ушбу резолюция қани? Мен уларга бу резолюцияларни сувга солиб¸ ичиб юборинглар демоқчиман¸ деди президент Умар Ал-Башир.

Айни пайтда¸ халқаро суднинг бугунги қарорига жавобан Судан пойтахти Хартумда норозилик намойиши ўтказилди.

Унга тўпланган минглаб суданликлар мамлакат президентини қўллаб-қувватлаши, бошқа давлатларнинг Судан ички ишларига аралашишига йўл қўймасликларини билдирдилар.

Миср ҳукумати БМТни халқаро жиноят суди қарорини бекор қилишга чақирди.

Россиянинг Судандаги махсус вакили Михаил Маргелов эса халқаро суд қарори Судан ичкариси¸ қолаверса минтақадаги вазиятга салбий таъсир этиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG