Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:58

Газ сериали давом этаëтир


Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10 йиллик танаффусдан сўнг Душанбедан ўтган йиғинию¸ унда қандайдир ҳужжатлар имзоланганидан¸ оддий тожикистонликлар ҳаëтига бирор рўшнолик кирганича йўқ.
Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10 йиллик танаффусдан сўнг Душанбедан ўтган йиғинию¸ унда қандайдир ҳужжатлар имзоланганидан¸ оддий тожикистонликлар ҳаëтига бирор рўшнолик кирганича йўқ.

Душанбеда ўтган ўзбек-тожик музокараларида икки давлат расмийлари келишувга эришганига қарамай, Тожикистонга ўзбек газини етказиб бериш борасида ҳамон муаммолар мавжуд.

“Тожиктрансгаз” ширкати раиси Сайидмамад Шарофиддинов ўз идораси Ўзбекистон олдида жами 18 миллион доллар қарздор бўлиб қолгани ва тугаб бораётган ҳафта бошида бу қарзнинг 4 миллион доллари Ўзбекистонга қайтарилганини билдирди.

Аммо шунга қарамай, “Тожиктрансгаз” расмийсига кўра, Тожикистонга узатиладиган табиий газ ҳажми 50 фоизга қисқартирилган.

- Ўзбекистон томони қарзларни тўла қайтаришимизни талаб қилмоқда. Улар қарзларимиз батамом тўланган тақдирдагина табиий газ ҳажмини шартнома асосида тўла узатишларини билдирдилар, дейди “Тожиктрансгаз” ширкати раиси Сайидмамад Шарофиддинов.

Расмийга кўра, айнан шу сабабли “Ўзтрансгаз” ширкати жорий йил сўнгги икки ойи давомида Тожикистонга 140 миллион куб/метр табиий газ ўрнига 70 миллион куб/метр газ экспорт қилган.

“Тожиктрансгаз” масъулининг билдиришича, феврал ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ўзаро музокараларда Тожикистон томони мамлакатда мавжуд иқтисодий қийинчиликларни эътиборга олган ҳолда¸ газ қарзларини босқичма-босқич узишини маълум қилган.
Бунга жавобан Ўзбекистон томони газ ҳажмини қисқартирмасликка ваъда берган.

Бироқ расмийлар келишувининг қоғоздан амалга кўчмаётгани, Ўзбекистон табиий газ ҳажмини қисқартиши ва Тожикистоннинг газдан қарзларини қайтаришдаги ожизлиги шу кунларда доимий электр таъминотидан узилиб қолган оддий аҳолини қийин аҳволга солиб қўймоқда.

- Катталар бир-бири билан яхши бўлса, халққа ҳам яхши бўлади. Мана, ҳозир светимиз йўқ ҳисоби. Кўмир, ўтин, умуман, ёқилғимиз йўқ. Роса қийналамиз. Шу газни берса, енгил бўлади бизга. Додимизни кимга бориб айтишни билмаймиз, дея зорланади душанбелик Муҳибахон ая.

2008 йил охирида Тошкентда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида табиий газ экспорти борасида имзоланган шартномага мувофиқ Тожикистон жорий йилда 550 миллион куб/метр табиий газ олиши керак. Ўшанда табиий газнинг ҳар минг куб/метри 2009 йилда 240 доллардан этиб белгиланган эди. 2008 йилда эса Тожикистон ўзбек газининг ҳар минг куб/метрини 145 доллардан сотиб олган эди.

Жорий йилда табиий газ нархининг бу тариқа қимматлаб кетиши Тожикистондаги саноат корхоналарига оғирлик қилган кўринади.

“Тожиктрансгаз” ширкати масъуллари мамлакатдаги йирик саноат корхоналари фойдаланилган табиий газ пулини ўз вақтида тўлай олмагани сабабли ҳам газ қарзини узиш имконсиз бўлиб қолаётганини таъкидлайдилар.

Аммо “Тожиктрансгаз”нинг собиқ раҳбари Фатҳиддин Муҳсиддинов “Барқи тожик”, “Тожикцемент”, “Тожиказот” ва “Талко” каби йирик корхоналар табиий газдан қарзларини тўлаш имконига эга эмаслигини айтади.

- Зеро, номи тилга олинган бу корхоналар ишлаб чиқарган маҳсулотларга харидор камайган. Шунинг учун улар ўз харажатларини қоплай олмайди. Фойдаланилган газ пулини тўлаш эса, табиийки, улар учун оғир. Шуни назарга олган ҳолда, бу корхоналарнинг газ қарзларини ҳукумат ўз бюджетидан тўлаши керак. Ундан бошқа чора йўқ, дейди Муҳсиддинов.
XS
SM
MD
LG