Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:21

Ҳарбийми¸ ноҳарбий?


Агар АҚШ транзит йўлидаги барча давлатлар билан ҳарбий юклар транзитига оид келишувга эришса¸ 1989 йили совет қўшинлари ўтган Ҳайратон кўпригидан¸ Афғонистонга энди советлар ғаними НАТО ва АҚШ қурол-яроғлари ўта бошлайди.
Агар АҚШ транзит йўлидаги барча давлатлар билан ҳарбий юклар транзитига оид келишувга эришса¸ 1989 йили совет қўшинлари ўтган Ҳайратон кўпригидан¸ Афғонистонга энди советлар ғаними НАТО ва АҚШ қурол-яроғлари ўта бошлайди.

Россия ва АҚШ ўртасида ҳарбий юклар транзити борасида ўзаро келишувга эришилгани тасдиқланса¸ бу транзит занжиридаги охирги халқа бўлмиш Ўзбекистон ҳам АҚШ билан айни битимга келиши мумкин.

- Юклар транзити масаласига келсак, яқинда АҚШ Марказий қўмондонлиги бошлиғи¸ генерал Дэвид Петрэус бу ерга келганида¸ Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали ноҳарбий, буни алоҳида таъкидлайман, ноҳарбий юклар транзитига розилик берди. Бунда Ўзбекистон ҳудудида амал қиладиган қонунларга риоя қилиниши шарт қилиб белгиланди, дея баёнот берди президент Каримов ўтган ҳафта.

Афғонистондаги НАТО ва АҚШ кучлари таъминоти учун мўлжалланган ноҳарбий юклар транзитига ундан аввал Россия ва Қозоғистон ҳам рухсат берди ва бу келишув доирасида АҚШга тегишли ноҳарбий юкларнинг биринчи эшелони Афғонистонга жўнатилди ҳам.

Сешанба куни Германия ва Россия Мудофаа вазирларининг Москвадаги учрашувида руслар немис ҳарбий юклари ва аскарларини мамлакат ҳудуди орқали ўтказиш давом этишини ваъда қилди.

Германия ва Франция ўз қурол-аслаҳалари ва ҳарбий техникасини Россия орқали транзит қилиш рухсатини ўтган йилнинг охирида қўлга киритган. Душанба куни Мадридга сафари чоғида президент Дмитрий Медведев Испанияга ҳам транзит йўлини очиб берди.

“Ведомости” газетаси, чоршанба куни Россия Мудофаа вазирлигидаги манбага таяниб, яқин истиқболда бундай имконият НАТОга аъзо барча давлатлар, жумладан, Қўшма Штатларга ҳам тақдим этилишини маълум қилди. Манбага кўра, бу масала аллақачон ҳал бўлган.

Москвалик ҳарбий шарҳловчи Павел Фельгенҳауэр ҳам ҳозир АҚШ ҳарбий транзитига рухсат бериладими, йўқми, деган савол эмас, қачон рухсат берилади, деган савол долзарб эканини айтади.

- Принципда, бу масала кўриб чиқилаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Бу савол жавоби Ғарб, хусусан, АҚШнинг ҳатти-ҳаракатларига боғлиқ бўлади. Ҳозирча Россиянинг назарида ўзини яхши тутаётган Испания, Франция ва Германияга рухсат берилгани ҳам бунинг далилидир. НАТОнинг бошқа аъзолари эса ҳозирча ўзларини Москвага ëқадиган жиҳатдан кўрсатганича йўқ, дейди москвалик шарҳловчи.

Лондондаги Стратегик тадқиқотлар халқаро институтининг пиёда қўшинлар муаммолари бўйича мутахассиси Найжел Аддерли АҚШнинг Афғонистонга 35 минг аскарли қўшимча куч ташлаш режаси инобатга олинса, Вашингтон Москва билан ҳарбий техника транзити бўйича тез орада келишиб олса¸ бундан ҳайрон қолмайман, дейди.

- Афғонистонда¸ ҳозирча АҚШнинг жами 50 мингга яқин аскари бор. Бу нисбатан ўртача контингент ҳисобланса-да, 50 минг қўшинни ҳарбий техника ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлашнинг ўзи бўлмайди. Лекин АҚШ Афғонистонга жўнатажак қўшимча кучлар биринчи қисмининг у ерга март ойи охирида етиб бориши кутилмоқда.

Америка эса¸ қўшинлар таъминоти сифати бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Янги қўшинлар у ерга етиб боришидан аввал улар учун мўлжалланган қурол-аслаҳалар, ҳарбий техника ва озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳар қандай йўл билан бўлсин¸ етказилиши лозим. Бу вазиятда Россия билан транзит ҳақида келишиб олиниши эҳтимоли жуда юқори, дейди лондонлик ҳарбий мутахассис.

Лекин, Россия орқали Афғонистонга юбориладиган ҳар қандай юкнинг¸ охир-оқибат Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтиши маълум. Бу ҳақда президент Каримов ҳам ўтган ҳафтадаги матбуот анжуманида алоҳида эслатди.

- Яхшилаб ўйлаб кўринг, Афғонистонга кетаётган юклар Ўзбекистон ҳудудидан ўтмасдан, қаердан ўтади.

Лекин биз бундай келишувни, ундай ҳужжатни имзоладик, қабилидаги баёнотларни қилаётганлар бу юклар охир-оқибат Термизга, Амударё орқали ўтадиган кўприкка келишини эсдан чиқармасин.

Шунинг учун Ўзбекистоннинг ўз ҳудуди орқали юклар транзитига розилик бергани, катта аҳамиятга эгадир, дея таъкидлади Каримов.

Хўш, Ўзбекистон орқали, фақат ноҳарбий юклар ўтказилса, аллақачон Россия орқали келаётган немис, француз ва испанларнинг ҳарбий юклари қаердан ўтаяпти-ю, транзитга рухсат берилса, Америка ҳарбий техникаси қаердан ўтади?

Найжел Аддерлига кўра¸ бу савол жавоби жўн.

- Юкларни тарнспортировка қилиш билан шуғулланадиган ширкатлар, кўпинча, ноҳарбий юклар ташилиши керак бўлган контейнерларда, ҳарбий юкларни олиб ўтишади.

Бундай контейнерлар устида Америка ёки бошқа давлат ҳарбийларининг белгиси бўлиши шартмас. Бу мамлакатлар орқали ҳар куни турли юклар, турли йўналишларда транзит қилинади. Қайси контейнерда, айтайлик¸ озиқ-овқат ёки қурол-аслаҳа кетаётганини ким текшириб ўтирибди, дейди Лондондаги Стратегик тадқиқотлар халқаро институтининг пиёда қўшинлар муаммолари бўйича мутахассиси Найжел Аддерли.
XS
SM
MD
LG