Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:16

Тибетликлар мухторият орзусида


10 март куни Далай Лама ўз тарафдорларини Ҳиндистон шимолидаги Дҳарамшала ибодатхонасида қарши олди.
10 март куни Далай Лама ўз тарафдорларини Ҳиндистон шимолидаги Дҳарамшала ибодатхонасида қарши олди.

Сешанба куни тибетликларнинг Хитой ҳукмронлигига қарши қўзғолон кўтарганига 50 йил тўлди. Шу муносабат билан Пекин¸ шундоқ ҳам кучли назорат остида сақланаëтган бу минтақани янада қаттиқроқ исканжага олди.

Тибет буддавийларининг сургундаги руҳоний етакчиси Далай Лама йиллардан бери¸ Тибет учун қонуний ва бамаъни мухторият шаклини топиш масаласида Хитой билан уйғун қараш излаб келмоқда.

Ўз рақиби билан муроса топиш йўлидаги қатъияти билан танилган Далай Ламанинг тибетликлар қўзғолонининг 50 йиллиги кунги нутқи¸ аммо¸ унинг йиллар давомида қозонган бу имиджидан анчайин фарқ қилди.

Сешанба куни шимолий Ҳиндистондаги ўз қароргоҳига тўпланган минглаб тарафдорлари олдида қилган маърузасида Далай Лама¸ Хитойнинг 50 йиллик босқини остида Тибетнинг ер юзидаги дўзахга айланганини айтди.

Далай Лама¸ тибетликлар ҳақ-ҳуқуқларини бостириш¸ уларга қарши қаратилган турли кампаниялар¸ хусусан Хитой етакчиси Мао Цзедунг даврида амалга оширилган маданий инқилоб¸ тибетликларни инсон боласи чидаши қийин хўрлик ва азобларга мубтало қилганини таъкидлади.
1959 йил баҳорида Тибет роҳиблари кўтарган қуролли қўзғолон қонга ботирилгач¸ тирик қолган қўзғолончилар қуролларини ташлаб¸ ватандан қочиб кетишга мажбур бўлдилар.
Далай Лама таъкидича¸ Хитой ҳукумати 50 йиллик истило давомида юз минглаб тибетликларни қириб ташлаб¸ тибетликлар маданиятини ер юзидан ўчириб ташлаш ниятидан қайтмай келаëтган бўлса-да¸ Тибет руҳини синдира олмаган.

- Коммунистлар бу йўлда турли усулларни ишга солдилар – бўҳтон орқали жамоатчилик фикрини чалғитиш¸ пул ва мукофот улашиш¸ айни пайтда¸ зўрлик¸ қамаш ва қийноқ¸ шулар жумласидандир. Аммо Тибет руҳи асло йўқ бўлмади¸ деди Далай Лама.

Пекиннинг Тибет сиëсати устидан чиқарилган айблов хулосаси каби янграган бу чиқишида ҳам Тибет етакчиси¸ Хитой билан муросаю мадора қилишдан ўзга чора йўқлигини эътироф этишга мажбур бўлди.


- Биз ўтмиш эмас¸ балки келажакка боқишимиз ва ўзаро манфаатли ечим йўлида бирга ишлашимиз лозим. Биз тибетликлар ҳамон ўзимизнинг Хитой Халқ Республикаси таркибида яшашимизга имкон берувчи қонуний ва бамаъни мухторият истаëтирмиз¸ деди Далай Лама.

Аммо Далай Ламанинг муроса учун узатилган қўлида ҳамон ҳавода муаллақ қолмоқда.

Тарафдорларининг йиғилиб¸ норозилик тадбири ўтказиши олдини олиш учун Хитой полицияси Далай Лама туғилган уйни 24 соат давомида кузатув остида ушламоқда.
1959 йилги қўзғолонни тинч маросим орқали хотирлаш ниятида Тибет пойтахти Лҳасада тўпланган буддавий роҳиблар¸ Хитой хавфсизлик кучлари томонидан зўравонлик билан тарқатиб юборилди. Бундай зулм норозиликка сабаб бўлди ва кейинги кунлар ичи Тибетда яқин ўн йиллар давомида кузатилмаган чиқишлар юзага чиқди.

Тибет қўзғолонининг 50 йиллиги арафасида Хитой хавфсизлик кучлари нафақат Тибет¸ балки Сичуан¸ Ганзу ва Кингҳай каби қўшни минтақаларни ҳам ичдан¸ ҳам ташқаридан тўлиқ қуршовга олди.

Пекинда эса¸ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Далай Ламанинг Тибетдаги вазият ҳақда айтганларини уйдирма¸ дея баҳолади.


Вазирлик матбуот котиби¸ бундай бўҳтонга батафсил жавоб беришни ўзига эп кўрмаслигини билдириб¸ Хитой ҳукуматининг Тибет тарихидаги энг прогрессив ислоҳотларни амалга оширганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG