Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2020, Тошкент вақти: 14:21

Халқаро хабарлар

Озарбайжонда референдум ўтмоқда

Бугун Озарбайжонда президентнинг фақат икки муддатга сайланиши мумкинлиги тўғрисидаги қонун моддасини бекор қилиш ва конституцияга киритилиши мўлжалланган 29та тузатиш бўйича референдум ўтказилмоқда.

Мухолифат вакиллари бу референдум 40 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган Алиевлар сулоласи бундан буён ҳам ҳокимият тепасида қолишини таъминлаш мақсадида ўтказилаётганини айтиб, фуқароларни бойкот эълон қилишга чақирди.

Референдум арафасида Озарбайжон парламенти юзлаб маҳбусни қамоқдан озод қилиш ва тўққиз минг маҳбусга белгиланган жазо муддатини қисқартириш ҳақидаги таклифни мақуллади.

Кун янгиликлари

Францияда ўқитувчини ўлдирилишида иштирок этганликда айбланиб яна 4 ўқувчи қўлга олинди

47 ёшли Пати 16 октябрь куни ўлдирилганди.

Франция суди ўқитувчи Самюэл Патининг ўлдирилишида иштирок этганликда гумонланиб қўлга олинган яна тўрт нафар ўқувчига айблов билдирди.

AFPнинг билдиришича, қўлга олинганлардан уч нафари 13-14 ёшдаги ўсмирлардир. Улар Абдуллоҳ Анзоровга ўқитувчи Самюэл Патини кўрсатишган.

Анзоров қўлга олиш пайтида полиция томонидан отиб ўлдирилган эди.

Тўртинчи айбланувчи ўқитувчини танқид қилиб ижтимоий тармоқларга видео жойлаштирган шахснинг қизи экани айтилмоқда.

Суд расман айблов билдирилганидан сўнг ўсмирларни тергов якунлангунига қадар озодликда қолдирди. Уларнинг устидан суд назорати ўрнатилади. Шундай қилиб ўқитувчи Патини ўлдирилишига алоқадорликда айбланаётганлар сони 14 кишига етди.

47 ёшли Пати 16 октябрь куни ўлдирилганди. Ўлимидан аввалроқ у Charlie Hebdo журналида босилган ва Муҳаммад пайғамбарга нисбат берилган карикатураларни ўқувчиларига кўрсатган ҳамда улар билан сўз эркинлиги мавзусини муҳокама қилган. Шундан сўнг унга таҳдидлар бошланган.

Ўқитувчининг ўлимида Москвада туғилган Абдуллоҳ Анзоров айбланмоқда. Унинг оиласи 2008 йили Франциядан бошпана сўраганди.

У Твиттердаги ўз саҳифасига боши танасидан жудо қилинган Патининг суратини жойлаб, у пайғамбарни ҳақорат қилгани учун “қатл этилгани”ни билдирганди.

Полициячилар Анзоровни қўлга олишга уринганлар, бироқ у пневматик тўппонча ўқталгани учун отиб ўлдирилган.

Дональд Трамп Жо Байден сайлов ғолиби деб топилса, Оқ уйни тарк этишини билдирди

Трамп сайловдаги мағлубиятини тан олишга тайёр эмаслигини билдирган.

АҚШ президенти Дональд Трамп илк маротаба Жо Байден расман сайлов ғолиби деб топилганидан сўнг Оқ Уйни тарк этишини тасдиқлади. Сайловчилар коллегияси 14 декабрда расман президентлик сайлови ғолибини эълон қилади.

“Табиийки, мен Оқ Уйни тарк этаман. Мағлубиятни тан олиш жуда оғир бўлади, чунки биз оммавий тарзда сохталаштиришлар бўлганини биламиз”,-деди Трамп.

Қатор штатларнинг судлари Трампнинг овоз бериш натижалари сохталаштирилгани тўғрисидаги иддаоларини асосиз деб топди. Трамп бу иддаони қилар экан, бирорта далил – исбот тақдим эта олмаяпти.

Дональд Трамп Оқ Уйни тарк этиши ёки тарк этмаслиги шу кунларда АҚШ матбуотининг асосий мавзуларидан бири бўлиб қолаётган эди. Трамп ўзи Оқ Уйни тарк этмаслиги тўғрисида бирор жойда гапирмаган. Лекин у сайловдаги мағлубиятини тан олишга тайёр эмаслигини билдирган.

Трамп Сайловчилар коллегияси йиғиладиган 14 декабргача “анча воқеалар бўлиши мумкин”лигини таъкидлаган.
3 ноябрда ўтадиган сайловда Байден сайловчилар коллегиясининг 306 овозини, Трамп 232 овозни олган эди.

Европарламент ЕИ ижроия органларини Минскка берилажак маблағларни музлатиб қўйишга чақирди

Европа парламенти Беларусда инсон ҳуқуқларини бузиш давом этаётгани ва мухолифат тарафдори Роман Бондаренконинг ўлими туфайли Минскка таъсир ўтказиш чораларини кучайтиришга чақирди.

Жорий йилнинг 26 ноябрь куни қабул қилинган резолюцияда депутатлар Александр Лукашенко режимига нисбатан қабул қилинган ЕИ санкцияларининг икки пакети етарли эмаслигини қайд этганлар. Европарламент санкцияларнинг учинчи пакети Лукашенко билан боғлиқ бўлган фирмалар ва тадбиркорларни қамраб олиши керак, деб ҳисоблайди.

Европалик депутатлар Европа инвестицион банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа молиявий тузилмалар дохил ЕИ бюджетидан амалдаги Беларусь ҳукуматига берилиши кўзда тутилган маблағларни тўлалигича музлатиб қўйишга чақирганлар.

Бундан ташқари, Европарламент аъзолари Европа Иттифоқи ижроия органларини Лукашенко режимининг Беларусь халқига қарши содир этган жиноятлари бўйича халқаро тергов ўтказилишини дастаклашга чорлаганлар.

Жорий йил августидан бери Беларуснинг Минск ва бошқа шаҳарларида президент сайловининг расмий натижаларига қарши оммавий норозилик акциялари бўлиб ўтмоқда. Мазкур сайловда расмийлар мамлакатни чорак асрдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко яна ғалаба қозонганини иддао қилганлар.

Беларусдаги норозилик чиқишлари чоғида ўн минглаб одам қўлга олинган, юзлаб намойишчи ҳибс этилган. Кўплаб одам ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан калтакланган, бир неча киши қурбон бўлган.

Қирғизистонда яна рус тилини расмий тил мақомидан маҳрум қилиш таклиф этилди

Садирдин Тўралиев

Қирғизистон Конституциявий кенгаши аъзоси Садирдин Тўралиев 26 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисда мамлакат конституциясидан рус тилининг расмий тил мақоми эгалигига оид моддани олиб ташлашни таклиф қилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.

Фуқаролар қанча кўп тил билса, шунча яхшилигини тушунаман, рус тилини билиш орқали биз кўп нарсага эришик. Бироқ биз алоҳида қонун қабул қилиб, хорижий тилларни ривожлантиришимиз, Конституцияга эса фақат қирғиз тили мақомига оид моддани киритишимиз лозим”, деган С. Тўралиев. Унга кўра, заруратга айланмагунича, фуқаролар миллий тилни ўрганмайдилар.

“Биз рус тилига ўрганиб қолдик ва у билан боғланган итдай ўтирибмиз. Бундай бўлмаслиги керак. Биз ўз тилимизни йўқотиб қўйишимиз мумкин. Одам дегани шунақа: мажбурий қилиб қўймагунингизча, ҳеч нарсани ўрганмайди”, дея иқтибос келтирган Тўралиев сўзларидан “АКИпресс” агентлиги. Хабарда мажлис иштирокчиларининг бу таклифга муносабати акс этган эмас.

Амалдаги Конституцияга мувофиқ, Қирғизистонда рус тили расмий тил мақомига эга. 2019 йили конституциявий ислоҳот ўтказишни таклиф қилган сиёсий кучлар бирлашмаси рус тилини мазкур мақомдан маҳрум қилиш таклифини ўртага ташлаганди. 2020 йил октябрида Россия элчиси Николай Удовиченко билан учрашув чоғида ўша пайтдаги бош вазир вазифасини бажарувчи Садир Жапаров бу масала кун тартибида йўқлигини билдирган.

Қирғизистоннинг янги Конституцияси лойиҳаси 17 ноябрь куни муҳокамага қўйилган. Ҳужжат президент ваколатларини ва ролини сезиларли даражада кенгайтиради. Асосий қонунга ўзгартишлар киритилган тақдирда, республика ҳозиргидай парламент бошқарувидаги мамлакат эмас, балки президент бошқарувидаги мамлакатга айланиб қолади. Бундан ташқари, Қирғизистонда “маслаҳат берувчи ва мувофиқлаштирувчи олий орган” — Халқ қурултойини ташкил этиш ҳам таклиф қилинмоқда. Бу органни президент чақириши кўзда тутилган.

Туркияда давлат тўнтаришини амалга оширишга уринганлар умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди

2016 йилнинг 15 июль оқшомида Истанбулда олинган сурат

Туркия пойтахти Анқарада суд 26 ноябрь куни 2016 йилги давлат тўнтаришини амалга ошириш ҳаракатига оид иш юзасидан ҳукм чиқарди.

Айблов ҳукми тўнтаришга уринишда иштирок этгани айтилаётган 400 дан киши чиқарилган, ўнлаб судланувчи умрбод қамоқ жазоси олган. Булар асосан 2016 йилнинг 15 июлига ўтар кечаси ҳукумат биноларига зарба берган учувчилар ва армия қўмондонларидир.

Туркиянинг давлатга қарашли “Онадўли” агентлиги хабарига кўра, бир умрга озодликдан маҳрум этилганлар орасида Туркия Ҳарбий-ҳаво кучлари (ҲХК) қўмондонлиги котиби вазифасини бажарган собиқ полковник Вейсел Қавақ, ҲХК собиқ майори Али Қарабулут ва собиқ ҳарбий учувчи Ҳусейн Турк ҳам бўлиб, улар 79 та умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилганлар.

Суд давлат тўнтаришига оид эпизодлардан фақат биттаси — Анқара яқинидаги Ақинжи ҳаво базасининг исёнчилар томонидан эгаллаб олиниши бўйича айбловларни кўриб чиққан. Ўшанда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонга хайрихоҳ бўлган қўмондонлар, шу жумладан амалдаги мудофаа вазири Ҳулуси Ақар гаровга олинган эди. Тўнтариш уриниши бостирилганидан сўнг улар озод этилган.

15 июль воқеалари чоғида жами 251 киши ҳаётдан кўз юмган. Бир гуруҳ ҳарбийларнинг Эрдўғонни қулатиш уриниши муваффақиятсиз якунланган.

Туркия расмийлари давлат тўнтариши уюштирилишида АҚШда яшайдиган руҳоний Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорларини айблаб келадилар. Гуленнинг ўзига қарши алоҳида жиноят иши очилган бўлиб, Анқара Вашингтондан унинг Туркияга топширилишини талаб қилиб келмоқда. Гулен билан боғлиқ ёки Туркиядаги исёнга алоқадорлик айбловлари билан Туркияда жами 100 дан зиёд киши ҳибсга олинган, давлат идоралари ва армияда кенг кўламли тозалаш кампанияси амалга оширилган.

Тожикистонда йўқолиб қолган мухолифат лидери қидирилмоқда

Тожикистон социал-демократлар партияси раисининг ўринбосари Маҳмурод Одинаев.

Ҳисор туман ички ишлар бошқармаси Тожикистон социал-демократлар партияси раисининг ўринбосари Маҳмурод Одинаев қидирилаётгани тўғрисида маълум қилди.

Мухолифатчи ўтган якшанба куни озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кўтарилишига норозилик сифатида митинг ўтказишга рухсат олиш учун Душанбе мэриясига борган ва ўшандан бери бедарак кетган.

Шаҳар милициясидаги манбанинг билдиришича, дам олиш кунлари Одинаев безориликда айбланаётган “ўғли Шайхмуслиҳиддин Ризоевнинг иши” бўйича сўроққа чақиртирилган. Бироқ у сўроққа келмагани ортидан унга қидирув эълон қилинган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 24 ноябрда Одинаевнинг ўғлига нисбатан “безорилик” моддаси асосида жиноят иши қўзғатилганини билдирган. Расмий билдирувда айтилишича, Ризоев шаҳардаги ресторанлардан бирида 2002 йилда туғилган бир қизни калтаклаган

Одинаев октябрь ойида “номаълум шахслар ўғлига таҳдид қилгани” тўғрисида баёнот берган эди. У бу ҳолатни “сиёсий фаолияти ва ҳукуматни танқид қилгани” билан боғлаган.

Одинаевнинг қариндошлари Ҳисор туман милицияси унинг яна бир ўғлини қамоққа олгани тўғрисида маълум қилди.

Польшадаги тожикистонликлар томонидан ташкил қилинган Сиёсий тутқунларни ҳимоя қилиш қўмитаси Одинаев милиция томонидан ўғирлаб кетилган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Расмий Душанбе ҳозирча бу баёнотга муносабат билдирмади.

Рим папаси уйғурларни “қувғин қилинаётган халқ” деб атади

Рим папаси уйғурлар муаммосига илк маротаба муносабат билдирди.

Рим папаси Франциск уйғурларни “қувғин қилинаётган халқ” сифатида тилга олди. Католик черкови раҳнамоси уйғурлар Хитойда босим остида қолаётгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлганидан бери биринчи маротаба бу мавзуга эътибор қаратди.

“Мен қувғин қилинаётган роҳинжа, бечора уйғурлар, язидлар ҳақида кўп ўйлайман”,-деб ёзган Рим папаси ўзининг “Келинглар, ёрқин келажак ҳақида орзу қилайлик”, деб номланган китобида. Китоб 23 ноябрь куни нашрдан чиқди.

Бунга қадар папа Мьянмада роҳинжа мусулмонлар репрессия қилинаётгани, Ироқдаги язидлар “Ислом давлати” гуруҳи томонидан ўлдирилаётганига муносабат билдирган. Аммо уйғурлар ҳақида гапирмаган эди.

2017 йилдан бери халқаро ҳамжамият Уйғур-Шинжон мухториятида Хитой томонидан миллионлаган уйғурлар босим остида қолаётгани ва қувғин қилинаётгани тўғрисида ташвиш билдириб келади. Хитой эса “экстремистлик ва террорчиликка қарши кураш доирасида уйғурлар қайта тарбиялаш лагерларида” сақланаётганини билдириб, мусулмонлар қувғин қилинаётганини инкор этиб келади.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги 24 ноябрь куни Рим папаси Францискнинг уйғурлар қувғин қилинаётгани тўғрисида ёзганлари “асоссиз экани” тўғрисида баёнот тарқатди.

Шотландияда аёллар гигиена воситалари бепул бўлди

Шотландия Бош вазири Никола Стержен.

Шотландия аёллар гигиена воситалари - тампон ва қистирмаларни бепул тарқатилиши тўғрисидаги қонунни қабул қилган жаҳондаги илк мамлакат бўлди. Парламент бу борада лейбористлар партияси томонидан таклиф қилинган қонун лойиҳасини бир овоздан қабул қилди. Мазкур қонун қашшоқликка қарши кураш доирасида қабул қилингани айтилмоқда.

“Шотландияни гигиена воситаларини муҳтож бўлганларга бепул берадиган жаҳондаги ягона давлатга айлантирган илғор қонун қабул қилинганидан фахрланаман. Бу аёллар ва қизлар учун жуда муҳимдир”,-деб ёзди Шотландия Бош вазири Никола Стержен Твиттер саҳифасида.

Яқин орада парламент аёлларни гигиена воситалари билан бепул таъминлаш бўйича умумдавлат тизимини ишлаб чиқади. Гигиена воситаларини аёллар дорихоналар, клублар ва спорт марказларида бепул олишлари мумкин.

Шотландия мазкур қонун доирасида давлат бюджетидан 24 миллион фунт (тақрибан 32 миллион доллар) маблағ сарфлайди.

Трамп миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинни афв этди

Миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчи Майкл Флин.

АҚШ президенти Дональд Трамп миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинни афв этгани тўғрисида маълум қилди.

Майкл Флин 2017 йилда маслаҳатчи лавозимига тайинланганидан бир неча ҳафта ўтгач, истеъфо беришга мажбур бўлганди. Бунга Флин Россия элчиси Сергей Кисляк билан телефон мулоқотлари тўғрисида вице-президентга нотўғри маълумотлар бергани сабаб қилиб кўрсатилган.

Кейинроқ Флин бу мулоқотлар тўғрисида ёлғон маълумот берганини тан олган. Унга кўра, элчи билан мулоқотда Россияга қарши санкциялар масаласи ҳам муҳокама қилинган. Бунинг ортидан Флинга нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.

АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллер суддан Флинни қамоққа ҳукм қилмасликни илтимос қилган. Прокурор Флин Россиянинг 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловига аралашгани тўғрисида қимматли маълумотларни берганини билдирган.

Франция сенати Тоғли Қорабоғ мустақиллигини тан олишга чақирди

Франция сенати.

Франция сенати ҳукуматни Тоғли Қорабоғ мустақиллигини тан олишга чақирган резолюцияни қабул қилди.

Резолюцияни 305 сенатор қўллади, бир сенатор қарши чиқди ва 30 сенатор бетараф қолди. Резолюция матни сенатдаги беш фракция –“Республикачилар” партияси, марказчилар, Социалистик партия, коммунистлар ва экологлар партиялари томонидан таклиф қилинди. Резолюция қабул қилинишига ультра ўнгчи “Миллий бирдамлик” партияси қарши чиқди.

Франция сенати “Туркия ҳукумати қўллови остида Озарбайжон уюштирган ҳарбий агрессия”ни қоралади.

Озарбайжон ҳукумати Франция сенати резолюциясини тан олмаслигини маълум қилди.

“Бу резолюция Озарбайжон учун оддий қоғоздан бошқа нарса эмас. Бу фитначилик Франция сиёсий доираларида анъанавий арман иддаоларига мойиллик борлигини исботлайди”,-деди Озарбайжон президенти ёрдамчиси Ҳикмат Гажиев.

10 ноябрь куни Озарбайжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғда 27 сентябрдан бери давом этаётган урушни тўхтатиш тўғрисидаги шартномани Россия воситачилигида имзолаган эди. Мазкур битимга асосан Тоғли Қорабоққа Россия тинчликпарвар кучлари киритилган.

Халқаро ҳамжамият Тоғли Қорабоғни Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олади.

Хитой лидери Си Цзинпин Жо Байденга табрикнома йўллади

ХХР лидери Си Цзинпин

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпин Жо Байденга АҚШдаги президент сайловида ғалаба қозонгани муносабати билан табрик хати йўллади.

Мактубда ХХР лидери икки мамлакат манфаатларидан келиб чиққан ва халқаро ҳамжамият истагига мувофиқ равишда АҚШ-Хитой муносабатларининг истиқболдаги ривожига умид билдирган, дея хабар қилди Хитой давлат оммавий ахборот воситалари 25 ноябрь куни.

Қайд этилишича, Си Цзинпиннинг ўринбосари Ван Цишан ҳам Камала Ҳаррисни АҚШ вице-президенти лавозимига сайлангани билан қутлаган.

2017 йили Оқ уйга Дональд Трамп маъмурияти келганидан кейин Вашингтон билан Пекин муносабатларида, айниқса, савдо, технологиялар хавфсизлиги масалаларида ҳамда Хитойдан бошланган коронавирус пандемияси туфайли таранглик кучайган.

Аввалроқ Байденга Пекин номидан ХХР ташқи ишлар вазирлиги табриклаган, бироқ республикачи президент Дональд Трамп сайловда мағлуб бўлганини тан олишдан бош тортаётгани қабатида Си Цзинпин шахсан Жо Байденни қутлашдан тийилиб турган эди. Трамп командаси айни пайтда ҳам бутун мамлакат бўйлаб судларда овоз бериш натижаларини бекор қилдириш бўйича уринишларини давом эттирмоқда.

XX асрнинг энг яхши футболчиси ўлароқ эътироф этилган Диего Марадона вафот этди

Диего Марадона

Аргентинанинг Нордельта шаҳридаги ўз уйида футболчи Диего Марадона вафот этди. У ФИФА расмий сайтида ўтказилган мухлисларнинг умумий овоз беришида XX асрнинг энг яхши футболчиси, деб топилганди.

Марадона оламдан ўтгани ҳақида Аргентинадаги қатор оммавий ахборот воситалари хабар қилган. Футболчи ўлимига нима сабаб бўлгани ҳозирча маълум эмас. Қайд этилишича, Марадонанинг юраги уришдан тўхтаб қолган ва етиб келган шифокорлар уни ҳаётга қайтара олмаганлар.

Диего Армандо Марадона 1960 йилнинг 30 октябрида Аргентинанинг Ланус шаҳрида дунёга келган. Профессионал футболга у 12 ёшида кириб келган. 1972 йилдан Марадона “Архентинос Хуниорс” клубининг ёш футболчилари сафида тўп сура бошлаган. Уни командага олиш учун бош мураббий Марадонанинг ҳақиқий исми ва ёшини яширишга мажбур бўлган.

Кейинчалик олтита клуб алмаштирган Марадона “Бока Хуниорс” командаси билан Аргентина чемпиони бўлган ва “Наполи” таркибида Италия чемпионатида икки марта ғолибликни қўлга киритган. Ўз фаолияти давомида у 492 та ўйинда футбол майдонига тушиб, 258 марта гол уришга муваффақ бўлган.

Аргентина терма жамоаси билан бирга у 91 та ўйин ўтказиб, 34 марта гол урган. 1986 йили у миллий командаси билан бирга жаҳон чемпионига айланиб, мусобақанинг энг яхши ўйинчиси ўлароқ эътироф этилган.

1990-йилларда гиёҳвандликка берилгани ортидан Марадонанинг юлдузи сўна бошлаган, ҳужумчи бир муддат ўйинлардан четлатилган ва кокаин сақлагани учун икки йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ўйинчилик фаолиятини якунлаганидан кейин Марадона бир муддат телевидениеда спорт шарҳловчиси бўлиб ишлаган, кейин эса мураббий сифатида профессионал футболга қайтган. 2010 йили у раҳбарлик қилган Аргентина терма жамоаси жаҳон чемпионати чорак финалигача етиб борган.

Умрининг сўнгги йилида Марадона ўз мамлакатида энг эски футбол клубларидан бири бўлган “Химнасия ва Эсгрима”га мураббийлик қилган.

Қозоғистон: Дариға Назарбоева парламент сайловида иштирок этади

Дариға Назарбоева

Қозоғистон тўнғич президентининг қизи Дариға Назарбоева 2021 йил 10 январига белгиланган парламент сайловида иштирок этади.

Аввал парламент юқори палатасига раҳбарлик қилган Д. Назарбоеванинг исми депутатликка номзод ўлароқ “Нур Ўтан” партияси рўйхатидан жой олган. Рўйхатга жами 126 киши киритилган. Рўйхат ҳукмрон партиянинг 25 ноябрь куни бўлиб ўтган ХХ қурултойида бир овоздан маъқулланган.

Нурсултон Назарбоевнинг вориси ўлароқ давлат раҳбари лавозимини эгаллаган амалдаги президент Қасим-Жомарт Тоқаев шу йил май ойида Дариға Назарбоеванинг Сенат спикери ва аъзоси сифатида ваколатлари тўхтатилганига оид фармонни имзолаганди. Д. Назарбоевани давлатдаги иккинчи шахс мақомида тутиб турган лавозимдан олинишини ўшанда кўпчилик Қозоғистондаги турли молиявий ва сиёсий гуруҳлар ўртасидаги кураш натижаси сифатида баҳолаганди.

Саксон ёшда бўлган Нурсултон Назарбоев ҳалигача Қозоғистонда энг муҳим қарорларни берадиган асосий сиёсатчи ўлароқ кўрилади. Қарийб 30 йиллик ҳукмронликдан сўнг президентлик лавозимини тарк этганига қарамай, Назарбоев “Нур Ўтан” партияси раҳбари бўлиб қолишда давом этмоқда. Унга умрбод Хавфсизлик кенгашига раислик қилиш ваколати берилган. Шунингдек, у миллат лидери – Элбоши мақомига ҳам эга.

Германия канцлери қароргоҳи дарвозасига автомобиль келиб урилди

Канцлер Меркель қароргоҳи дарвозасига келиб урилган автомобиль, Берлин, 2020 йил 25 ноябри.

Германия пойтахти Берлинда 25 ноябрь куни эрталаб канцлер Ангела Меркель қароргоҳи дарвозасига “Глобаллашув сиёсати тўхтатилсин” ва “Болалар ва кексаларнинг лаънати қотиллари” ёзувлари ёзилган автомобиль келиб урилган. Ҳодиса чоғида ҳеч ким шикастланмаган.

Ҳужумчи қўлга олинган. Полиция ҳужум сабабларини ўрганмоқда.

Шу йил 18 ноябрида Германия расмийлари юқумли касалликлардан ҳимояланишга оид қонунга киритилган тузатишларни қабул қилишган. Ҳукумат қонунга киритилган ўзгартишлар коронавирус тарқалиши яна авж ола бошлаган тақдирда кучга кирадиган чекловлар бўйича шартларни аниқ-тиниқ мувофиқлаштиришга имкон беришини иддао қилмоқда. Авваллари Бундестаг чеклов чораларини парламент аралашувисиз федерал ерлар раҳбарлари билан келишган ҳолда қабул қилар эди.

Қонунга киритилган ўзгартишлар Берлинда оммавий норозилик чиқишларига олиб келган. Ҳукуматнинг танқидчилари ҳужжат ГФР Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатларини кенгайтириб, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини чеклайди, деган фикрдалар.

Норозилардан айримлари расмийлар коронавирусга қарши мажбурий эмлов жорий қилишлари мумкинлигини тахмин қиляптилар. Ҳукумат эса буни рад этиб, бу ерда гап тиббий суғуртаси бор-йўқлигидан қатъи назар – барча бирдек эмловдан ўтиши мумкинлиги бораётганини қайд этмоқда.

Бишкек Ироқдаги қирғиз болаларни ватанига қайтаришга ҳаракат қилмоқда

Суриядаги "Ал Хол" лагери. Бу лагерда Марказий Осиёдан борган аёллар фарзандлари билан яшаши айтиб келинади.

Ироқ қамоқхоналарида бугунги кунда қирғизистонлик 80 нафар бола сақланмоқда. Бу ҳақда парламентда ўтган йиғилишда меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазири лавозимига номзод Ализа Солтонбекова маълум қилди.

“Ҳозирги кунда Ироқдаги қамоқларда 80 нафар қирғизистонлик бола сақланмоқда. Улардан олти ёшгача бўлганлари оналари билан, олти ёшдан катталари эса алоҳида сақланмоқда. Биз уларни Қирғизистонга қайтариш бўйича Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда ҳаракат бошладик. Вазирлик болаларни олиб келиб, реабилитациядан ўтказади ва кейин қариндошларига топширади”,-деди Солтонбекова.

Қирғизистон ҳукумати 2019 йилда ҳам Сурия ва Ироқдан қирғиз болаларни олиб келишга ҳаракат қилган эди. Музокаралар натижасида Қирғизистонга 70га яқин бола қайтарилишига келишилган. Бироқ бу иш номаълум сабабларга кўра амалга ошмай қолган эди.

Қирғизистотнга қўшни бўлган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон ҳукуматлари 2019 йилда Сурия ва Ироқдан ўнлаб фуқароларини ватанига қайтарган.

Қирғизистон ҳукуматининг 2018 йилдаги маълумотларга таянган ҳолда билдиришича, Суриядаги жанггарилар сафида 850 нафар қирғизистонлик жанг қилган, улардан 150 нафари ўлган. “Ислом давлати” террор гуруҳига қўшилган қирғизистонликларнинг 140 нафари аёл.

Туркманистонда қимматчилик. Аҳоли уй жиҳозлари ва буюмларни озиқ-овқатга алишмоқда

Ашхабоддаги бозорлардан бири.

Туркманистоннинг Лебоп вилоятида долларнинг курси қора бозорда бир ҳафта ичида 23 манатдан 25,60 манатга кўтарилди. Туркманистонда долларнинг давлат томонидан белгиланган расмий курси 3,5 манатни ташкил қилади. Шу билан бирга вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 10-15 фоизга қимматлади.

Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирларининг билдиришларича, Мари вилоятида нақд пул етишмовчилиги ортидан аҳоли уйидаги жиҳозлари ва буюмларини озиқ-овқат маҳсулотларига алмаштирмоқда.

Туркманистонда аҳолига ҳукуматга қарашли дўконларда белигланган лимит асосида арзон нархда озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш имконияти берилади. Бу маҳсулотларни сотиб олиш учун одамлар тонг саҳардан узундан-узоқ навбатларга турушига мажбур бўлади. Арзон озиқ-овқат навбатда турганларнинг ҳаммасига ҳам етмайди.

Айни пайтда Фароп, Чоржў ва Данев туманларида давлат дўконларида аҳолига арзон нархдаги озиқ-овқат маҳсулотлари сотиш тўхтатилди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, кўпчилик буғдой сотиб олиб, уни тегирмондан чиқариб, нон ёпиб кун кечирмоқда.

Озодлик мухбирлари Мари вилоятининг Байрамали туманида кўчаларда юк машиналарида картошка, пиёз ва гурунч сотилаётганига гувоҳ бўлганлар. Аҳоли пул йўқлиги сабабли бу маҳсулотларни уй жиҳозлари ва буюмларга алмаштирмоқда. Мухбирларга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари асосан адёл, болиш, челак, идиш-товоқ ва полосларга алмаштирилмоқда.

Ашхободда ҳам нон, ёғ, тухум ва бошқа маҳсулотлар тақчиллиги кучайди. Ашхободдаги давлатга қарашли дўконлар олдида навбатда турганлар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда.

Тожикистонда кўп қаватли уйлардаги хонадонларга печка ўрнатилмоқда

Сўнгги пайтларда Сўғд вилоятда соат 8дан 18гача электр таъминоти узиб қўйилмоқда.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли ўз хонадонларига халқ тилида “буржуйка” деб аталувчи темир печкаларни ўрнатмоқда ва кўмир ҳамда ўтин ғамламоқда.

Озодлик радиоси тожик хизматининг билдиришича, вилоятда октябрь ойидан бери электр таъминотида узилишлар бўлмоқда. Сўнгги пайтларда вилоятда соат 8дан 18гача электр таъминоти узиб қўйилмоқда.

Марказлаштирилган иситиш тизими эса ишдан чиққан. Кўп қаватли уйларда яшовчилар бунинг ортидан хонадонларига печка ўрнатишга мажбур бўлмоқда.

“Барқи тожик” электрохолдинги электр таъминотидаги узилишларга Нурек ГЭСи ва юқори кучланишли электр узатиш подстанцияларида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабаб бўлганини билдирди.

Бироқ “Барқи тожик” журналистларга айнан қайси ҳудудларда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани тўғрисидаги маълумотларни бермаяпти ва журналистларнинг таъмирлаш олиб борилаётган ҳудудларга сафар уюштириш талабини инобатга олмаяпти.

Тожикистонда сўнгги уч йилдан буён электр энергияси таъминотида узилишлар бўлгани кузатилмаган эди.

Тожикистон ҳукумати июль ойида электр таъминотига лимит ўрнатилиши ҳақид аҳолини огоҳлантирган эди. Ҳукумат буни Вахш ва Панж дарёларида электр энергияси ишлаб чиқариш учун етарли даражада сув тўпланмагани билан изоҳлаган. Бироқ ўшанда электр таъминотига лимит жорий қилинмаган эди.

Сентябрь ойининг бошларида “Барқи тожик” Нурек сув омборида электр энергияси ишлаб чиқариш учун етарли сув тўпланганини маълум қилган.

Озарбайжон Арманистон қайтариши шарт бўлган яна бир туманда ўз назоратини ўрнатди

Тоғли Қорабоғ атрофидаги учта туман Озарбайжонга топширилмоқда.

Тоғли Қорабоғда урушни тўхтатиш шартномаси доирасида Озарбайжон Арманистон қайтариши шарт бўлган уч тумандан иккинчисида ўз назоратини ўрнатди.

Озарбайжон Мудофаа вазирлигининг билдиришича, 25 ноябрь куни Озарбайжон армияси Келбажар туманига кирган.

Шартномага асосан Арманистон Келбажар туманини 15 ноябрда Озарбайжонга топшириши лозим эди. Аммо гуманитар сабабларга кўра, Озарбайжон Арманистонга берилган муҳлатни 25 ноябргача узайтирганди.

Арманистон Тоғли Қорабоғ атрофидаги Озарбайжонга қарашли уч туманни 1994 йилдаги урушдан бери ўз назорати остида сақлаб келаётганди.

Тоғли Қорабоғда урушни тўхтатиш шартномасига асосан Арманистон Озарбайжонга Ағдам, Келбажар ва Лочин туманларини топширади.

Ағдам тумани Озарбайжонга 20 ноябрда қайтарилган. Лочин тумани эса 1 декабргача топширилади.

10 ноябрь куни Озарбайжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғда 27 сентябрдан бери давом этаётган урушни тўхтатиш тўғрисидаги шартномани Россия воситачилигида имзолаган эди. Мазкур битимга асосан Тоғли Қорабоққа Россия тинчликпарвар кучлари киритилган.

Халқаро ҳамжамият Тоғли Қорабоғни Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олади.

Донор давлатлар Афғонистонга 12 миллиард доллар беришга келишиб олди

Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Моҳиб Женева конференциясида.

Халқаро ҳамжамият 2021 йилда Афғонистоннинг ривожланиши учун 3 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатади. 2024 йилгача Афғонистонга кўрсатиладиган кўмак миқдори 12 миллард долларни ташкил қилади.

Донор давлатлар Финландия ташаббуси билан Женевада ўтган анжуманда мана шундай қарорга келдилар. Анжуманда кўп донор давлатлар онлайн тарзда иштирок этди.

Финландия тараққиёт ва ташқи савдо вазири Вилле Скиннарининг айтишича, 2024 йилгача донор давлатлар Афғонистонга 12 миллиард доллар ёрдам кўрсатади. Бу 2016 йилда Афғонистонга ваъда қилинган маблағдан анча оздир.

2016 йилда Брюсселда бўлган анжуманда Афғонистонга 15,2 миллард доллар миқдорида кўмак кўрсатиш ваъда қилинган эди.

Женевадаги анжуманда 66 давлат ва 32та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.

Қўшма Штатлар Россиядаги учта ширкатга қарши санкциялар жорий қилди

АҚШ Давлат департаментининг Вашингтондаги қароргоҳи

АҚШ Россиянинг уч ширкатига қарши санкциялар жорий қилди. Мазкур ширкатлар Сурия, Эрон ва Шимолий Кореяга нисбатан оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик тартибини бузганликда айбланган.

АҚШ Федерал реестридаги маълумотга кўра, санкцияларга оид қарор Давлат департаменти томонидан 6 ноябрь куни қабул қилинган, бироқ бугун ёйинланган.

Рўйхатга Nilco Group, “Элекон заводи” АЖ ва “Авиазапчасть” АЖ киритилган. Улар томонидан айнан қандай қонунбузарлик содир этилгани очиқланган эмас.

АҚШда давлат ширкатлари ва ҳукумат идораларига санкция рўйхатига киритилган ширкатлар билан алоқада бўлиш тақиқланган.

Мазкур рўйхатга Хитойнинг икки ширкати ҳам киритилган.

Россияда ишлаб чиқилган “Спутник V” вакцинасининг самараси 95 фоиздан ошгани иддао қилинди

Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот маркази раҳбари Александр Гинцбург

Коронавирусга қарши Россияда ишлаб чиқилган “Спутник V” вакцинасининг самараси 95 фоиздан ошган. Бу ҳақда Россия бевосита инвестициялар жамғармаси (РБИЖ) томонидан 24 ноябрь куни тарқатилган хабарномада айтилган.

Илк эмловнинг 42-кунидаги дастлабки маълумотлар вакцина самараси 95 фоиздан юқорилигини кўрсатди”, дейилади хабарномада.

Аввалроқ АҚШнинг Pfizer ширкати (Германиянинг BioNTech ширкати билан ҳамкорликда) ҳамда Moderna ширкати ўзлари ишлаб чиқарган препаратлар 95 фоиз самара кўрсатгани ҳақида билдирган эдилар.

23 ноябрь куни Британиянинг AstraZeneca ширкати коронавирусга қарши Оксфорд университети билан биргаликда ишлаб чиқарган препарати ўртача 70 фоиз самара берганини маълум қилган. Айни пайтда ширкат ўз вакцинасини сақлаш ва ташиш учун алоҳида шароит бўлиши шарт эмаслиги, препарат нархининг ҳам муқобил вакциналаридан арзонроқ бўлишини қайд этган.

Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган “Спутник V” вакцинаси шу йил 11 августида Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рўйхатга олинган. Ўшанда унинг дунёда биринчи бўлиб рўйхатга олинган коронавирусга қарши вакцина экани айтилганди. 11 ноябрь куни илк эмловнинг 28 куни натижаларига кўра препарат самараси 91,4 фоизни ташкил этгани айтилганди.

РБИЖ маълумотига кўра, “Спутник V” вакцинаси икки дозали бўлиб, унинг битта дозаси хорижий бозорларга 10 доллардан пастроқ нархда сотилади. Аввалроқ ишлаб чиқарувчилар Россия вакцинаси АҚШ препаратларига қараганда анча арзон бўлишини билдирган эдилар.

“Спутник V” вакцинасининг муҳтамал харидорлари орасида Ўзбекистон ҳам борлигини ҳақида аввал хабар қилган эдик.

Қирғизистон: Жалолободда вояга етмаган синглисини зўрлаган йигит 20 йилга қамалди

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида туғишган синглисини зўрлаган йигит 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Жалолобод вилоят суди матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, шу йил 20 июлида Жалолободнинг Сузоқ туманида 15 ёшли қиз туққан. У ўтган йил кузида маст аҳволда бўлган акаси зўрлагани, эртаси куни эса кечирим сўраганини маълум қилган.

Ҳодиса ортидан қизнинг 20 ёшли акаси қўлга олинган. Ўтган ҳафта Жалолобод вилоят суди мазкур иш бўйича йигитни айбдор деб топиб, уни 20 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган. Суд мазкур ҳукм юзасидан апелляция тартибида шикоят аризаси киритилмаганини маълум қилган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2018 йилда мамлакатда 13 ёшдан 17 ёшгача бўлган 552 нафар вояга етмаган қизнинг кўзи ёриган. Бу 2017 йилга нисбатан 60 нафарга кўпдир.

АҚШдаги тожик чойхонаси тарихий обида сифатида эълон қилинди

Душанбедаги чойхоналардан бири.

АҚШнинг Колорадо штатидаги Боулдер шаҳар кенгаши “Боулдер-Душанбе” чойхонасини тарихий обида деб эълон қилди. Мазкур чойхона давлат ҳимоясига олиниши тўғрисида қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Мазкур чойхона Душанбе шаҳри томонидан 30 йил аввал Боулдерга тортиқ қилинган эди. Мазкур чойхонани тожикистонлик усталар қуриб берган. Боулдер Душанбе билан биродарлашган шаҳар ҳисобланади.

Чойхонани тарихий обида деб тан олиш тўғрисидаги таклиф шаҳар кенгаши аъзолари ўртасида ўтказилган онлайн овоз беришда бир овоздан қўллаб-қувватланди. Бу масалада якуний қарор 3 декабрда қабул қилинади.

Мэр Сэм Уивер тожик чойхонасини “Боулдернинг маданий хазинаси”, деб атади. Мазкур чойхонани тарихий обида сифатида ҳимоя остига олиш ташаббуси октябрь ойида “Боулдер-Душанбе чойхонаси дўстлари” жамоат ташкилоти томонидан кўтарилганди.

“Ислом давлати террор гуруҳи Ислом маданий ва тарихий обидаларини яксон қилаётган пайтда, биз бу чойхонани Ислом маданияти объекти сифатида ҳимоя қилишимиз зарур”,-дейилади ташкилот баёнотида.

Ташкилот чойхонани таъмирлаш учун шаҳар мэриясини тожикистонлик усталарни таклиф қилишга чақирди.

Мазкур чойхона қурилиши 1987 йилда бошланиб, 1990 йилда якунланган эди. Чойхона қурилишида Тожикистондан келган 40 нафар уста иштирок этган. Мазкур чойхонадаги нақшлар ва безакларнинг барчаси ҳеч қандай замонавий ускуналарсиз, қўлда бажарилган.

Хитой Ойга яна бир коинот кемасини учирди

Ўтган йили Хитойнинг Чанъэ-4 станцияси Ойга пахта уруғини олиб чиққан эди.

Хитой 24 ноябрь куни коинотга Ойдан тупроқ намуналарини олиб ерга қайтувчи космик кемани учирди. Чанчжэн-5 ракетаси Ойга Чанъэ-5 аппаратини олиб чиқади.

Парвоз Хайнан вилоятидаги коинот марказидан 24 ноябрь куни соат 4:30 амалга оширилди.

Агар парвоздан кўзланган мақсад амалга оширилса, Хитой АҚШ ва Совет Иттифоқидан кейин Ойдан тупроқ намуналарини олган учинчи мамлакат бўлади.

Хитой коинотга бошқариладиган космик станцияни ва Ойга одамларни чиқариш реажасини олға суриб келмоқда.

2019 йилнинг январида Хитой Ойга юборган станция бортидаги пахта уруғи ўсиб чиққани ва ўсишда давом этаётгани эълон қилинганди.

Ойга пахта уруғини ўша йилнинг январь ойи бошларида Чанъэ-4 станцияси олиб чиққан. Пахта станция бортидаги идиш ичида ўсмоқда.

Тарихда илк маротаба фазода ўсаётган ўсимлик суратларини Чунсин университетининг Мураккаб технологияларни ўрганиш институти эълон қилган эди.

Оқ Уй Жо Байденга ҳокимиятни топшириш жараёнини бошлашга тайёр

Вашингтон, Оқ уй.

АҚШнинг Умумий хизмат кўрсатиш соҳасини бошқариш федерал агентлиги раҳбари Эмили Мерфи 23 ноябрь куни сайланган президент Жо Байденни ҳокимиятни янги маъмуриятга топшириш жараёнини амалга ошириш учун қонунда белгиланган тартибда давлат маблағлари ва ресурсларидан фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Бу 3 ноябрда ўтган сайловдан сўнг Дональд Трамп маъмуриятининг Жо Байденни илк бор расман тан олиши бўлди.

Бундан буён Жо Байден командаси ўтиш даврида Дональд Трамп маъмурияти билан ахборот алмашиниш, Федерал тергов бюроси билан ҳамкорликда Оқ Уйдаги юқори лавозимга тайинланиши кутилаётган номзодларни текшириш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, Жо Байден командасига ўтиш даврини молиялаштириш учун 6 миллион 300 минг доллар берилади.

Умумий хизмат кўрсатиш соҳасини бошқариш федерал агентлиги раҳбари Эмили Мерфи Жо Байденга ёзган огоҳлантириш мактубида “ҳокимиятни топшириш жараёнини бошлашни бир оз кечиктириб туриш тўғрисидаги қарорни Оқ Уй босимисиз, ўз шахсий ташаббуси билан қабул қилгани”ни билдирди.

“Мен бу қарорни қабул қилиш муддатини узайтириш юзасидан ҳеч қандай кўрсатмалар олмадим, аммо бу қарорни эртароқ қабул қилишим шартлиги талаби билан менга турли таҳдидлар қилинди”,-деб ёзди Эмили Мерфи.

Дональд Трамп Мерфининг бу мактубига твиттер орқали муносабат билдирар экан: “Мен Эмили Мерфига мамлакатимиз қадриятларига содиқлиги ва мойиллиги учун миннатдорчилик билдираман. Унга таҳдид қилишди, уни ҳақорат қилишди ва мен бу ҳолат у билан, унинг оиласи билан қайта такрорланишини истамайман”,-деб ёзди.

Трамп Мерфини ҳокимиятни топшириш жараёнида қонунда назарда тутилган барча талабларни бажаришга чақирди.
Айни пайтда Дональд Трампнинг сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан ёзган аризалари турли штатлар судларида кўриб чиқилмоқда.

Жо Байден эса ўз командасини шакллантирмоқда. Душанба куни Байден ички хавфсизлик вазири лавозимига келиб чиқиши кубалик бўлган Алехандро Майоркас, давлат котиби лавозимига Тони Блинкен, АҚШнинг БМТдаги доимий вакиллигига Линда Томас-Гринфилд, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиликка Жей Салливан номзодларини кўрсатди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG