Линклар

Шошилинч хабар
01 декабр 2020, Тошкент вақти: 08:20

Халқаро хабарлар

Ўзбеклар ҳимоячиси Ганнушкина тақдирланди

Инсон ҳуқуқлари мавзуидаги ҳужжатли филмлар намойиш этилувчи "Яхлит дунë" фестивалида дунëнинг 40 мамлакатидан олиб келинган 143 филм 8 кун мобайнида намойиш қилинди.

Фестивал Чехиянинг собиқ президенти Васлав Ҳавел ҳомийлигида ўтди.

Кинофестивалда демократик ғоялар¸ инсон ҳуқуқларини тарғиб қилувчи¸ мустабид ва тоталитар режим қиëфасини фош қилувчи фильмлар намойиш қилинди.

"Фалокатдаги одамлар" нодавлат ташкилоти фестивалнинг асосий ташкилотчиларидан. Айни ташкилот “Одамдан одамга” (Homo Homini) деган мукофотни таъсис қилди.

Бу мукофот тоталитар режимлар босқиси остида қолганларга ëрдам қўлини чўзганларга берилади.

Бу йилги мукофот россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Светлана Ганнушкинага берилди.

Светлана Ганнушкина марказий осиëлик мигрантларга кўрсатган ëрдами учун бу мукофот билан тақдирланди.

Бу мукофотни бериш билан "Фалокатдаги одамлар" ташкилоти ирқчилик¸ шовинизм¸ ксенофобия кайфиятларининг Россияда кучайганига халқаро жамоатчилик эътиборини тортишни мақсад қилган.

Мукофотни олаëтиб Ганнушкина¸ биз оддий кишиларнинг сиëсатчилардан кўра кўпроқ тил топиша билишини исбот қила олдик¸ дея таъкидлади.

Кун янгиликлари

Moderna АҚШ ва ЕИда ўз вакцинасини рўйхатдан ўтказиш учун ариза топширмоқчи

АҚШнинг Moderna ширкати коронавирус инфекциясига қарши ўзи ишлаб чиқарган вакцинани рўйхатга олиш илтимоси билан душанба куни АҚШ ва ЕИ расмийларига мурожаат қилишини билдирди.

Хабарномада вакцина клиник синовларининг учинчи босқичи натижаларига ҳам аниқлик киритилган. Қайд этилишича, вакцина 94,1 фоизлик самара кўрсатган. Синовда иштирок этган 30 мингдан зиёд кўнгиллидан 196 киши хасталикка чалинган, улардан фақат 11 нафаригина эмланган, қолганларга плацебо киритилган.

Ширкат 11 нафар бемордан биронтаси ҳам хасталикни оғир кечирмагани, яъни вакцинанинг коронавирус инфекцияси оғир шаклига нисбатан самараси 100 фоизни ташкил қилганини билдирган.

Moderna тадқиқоти чоғида коронавирусдан плацебо гуруҳига кирган бир киши вафот этган.

Аввалроқ Moderna вакцинасининг самараси 94,5 фоизга тенг бўлгани маълум қилинганди, бироқ бу баҳо тўлиқ бўлмаган маълумотларга асослангани айтилмоқда.

Moderna АҚШда вакцинасини рўйхатдан ўтказиш учун ариза топширган иккинчи ширкат бўлди. Авввалроқ ўз вакцинасини рўйхатдан ўтказиш учун Pfizer ва BioNTech ширкатлари ариза топширган. Улар ўзлари ишлаб чиқарган вакцина 95 фоиз самара кўрсатганини иддао қилганлар. Дастлабки тахминларга кўра, Pfizer вакцинаси таннархи Moderna ширкатиникидан арзонроққа тушади.

Федерал қўриқчилик хизмати ходими Кремль ҳудудида ўз жонига қасд қилди

Федерал қўриқчилик хизмати (ФҚХ) ходими Кремль ҳудудида хизмат ўтаётган пайтда ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Baza нашри маълумотига кўра, вафот этган ходимнинг исми Михаил Захаров бўлган. Унинг ФҚХ қўриқчилик тадбирлари хизматига қарашли шахсий қўриқчилик бошқармасининг 5-бўлимида ишлагани айтилмоқда. Нашр бу бўлинманинг Россия президенти шахсий қўриқчилиги билан шуғулланишини ёзган. ТАСС манбаси эса вафот этган ходим давлат раҳбарини қўриқлаш учун жавобгар бўлмаганини иддао қилган.

Захаровнинг ҳамкасблари Baza нашри билан суҳбатда унинг ўз жонига қасд қилишига “ФҚХ раҳбарияти унинг иш шароитига бефарқ муносабатда бўлгани ва ҳаддан зиёд ишлаш” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтганлар.

Беларусь: мухолифатчи Сергей Тихановскийга учинчи бор айблов билдирилди

Сергей Тихановский

Беларуслик мухолифатчи, айни пайтда тергов ҳибсхонасида тутиб турилган Сергей Тихановскийга яна бир – учинчи айблов билдирилди. Президентликка номзод бўлган Светлана Тихановскаянинг турмуш ўртоғи Сергей Тихановский бу гал ижтимоий низо қўзғатганликда айбланган. Бу ҳақда Tut.by нашри С. Тихановскийнинг адвокати сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Мазкур айблов Тихановский ҳибсга олинганига 6 ой тўлишига озгина қолганида билдирилган. Бу муддат тўлган тақдирда, қонунга мувофиқ, унга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилиши ёки иш судга юборилиши лозим эди. Бироқ янги айблов уни 18 ойгача судсиз ҳибсда сақлаб туриш имконини беради. Адвокатга кўра, Тихановский янги айблов билдирилганидан “ҳаддан зиёд норози” бўлган.

Тихановский ҳозирда уч модда бўйича – жамоат тартибини қўпол тарзда бузган ҳаракатларни ташкил қилганлик (бу модда бўйича у 29 май куни Гродно шаҳрида қўлга олинганди), Марказий сайлов комиссияси ишига тўсқинлик қилганлик ҳамда эндиликда ижтимоий низо қўзғатганликда айбланмоқда.

Тихановский Жодино шаҳридаги тергов ҳибсхонасида бир кишилик камерада тутиб турилибди. Аввалроқ у Минскдаги Давлат хавфсизлиги қўмитаси тергов ҳибсхонасида Александр Лукашенко билан бўлиб ўтган учрашувда иштирок этганди. Мазкур учрашувдан сўнг бир неча сиёсий маҳбус озод қилинган, бироқ Сергей Тихановский ҳамда президентликка собиқ номзод Виктор Бабарико панжара ортида қолаверганлар.

Сергей Тихановский сўнгги йилларда Александр Лукашенкога мухолифатда бўлган “Страна для жизни” YouTube-канали муаллифи, блогер сифатида шуҳрат қозонган. У Беларусь президенти лавозимига номзодини кўрсатмоқчи бўлган, бироқ уни рўйхатга олмаганлар. Шундан сўнг унинг омма орасида деярли танилмаган рафиқаси Светлана президентликка ўз номзодини кўрсатган. Светлана Тихановская сайловга қўйилган ва бу номзод атрофида Лукашенконинг кўплаб рақиблари бирлашган. Сайлов ва сохталаштиришларга қарши оммавий норозилик намойишларидан кейин у расмийлар босими остида мамлакатни тарк этган.

Тихановская ўзини беларус халқининг легитим вакили сифатида танитиб, хорижлик лидерларни Лукашенко режимига босимни кучайтиришга ишонтириш учун улар билан учрашиб келмоқда. У Беларусда қидирувга берилган.

Жо Байден ити билан ўйнаётган пайтда оёғини шикастлантириб олди

Жо Байден

АҚШдаги етакчи оммавий ахборот воситалари томонидан президент сайлови ғолиби деб эълон қилинган Жо Байден шанба куни Мейжор лақабли ити билан ўйнаётган пайтда оёғини шикастлантириб олган.

Даставвал Байденнинг оёқ пайлари чўзилгани тахмин қилинганди, бироқ якшанба кунги кўрик чоғида ортопед сиёсатчининг оёқ суягида иккита майда ёриқ борлигини аниқлаган. Шу важдан унинг бир неча ҳафта давомида махсус ортез тақиб юриши мумкинлиги айтилмоқда.

20 ноябрь куни Байден 78 ёшга тўлди. Сайлов кампанияси чоғида унинг соғлиғи юзасидан хавотирлар билдирилган эди, бироқ сайловдан кейин врачлар бир неча бор Байденнинг соғлом, тетик ва ишга киришишга ҳозир эканини қайд этганлар.

Амалдаги президент Дональд Трамп ҳам Twitter’даги ўз саҳифаси орқали Жо Байденга шифо тилаган. Айни пайтда у сайловда сохталаштиришларга йўл қўйилганини иддао қилиб, судларга мурожаат қилишда давом этмоқда.

Байденлар оиласида Мейжор ва Чемп лақабли икки немис овчаркаси бор. Январь ойида Байден қасамёдга келтирилган тақдирда, бу итларнинг ҳам Оқ уйга кўчиб ўтиши режаланган.

Токио олимпиадасининг ортга сурилиши оқибатида деярли 2 миллиард доллар зарар кўрилди

Япония олимпия қўмитаси биноси.

Коронавирус пандемияси муносабати билан Токио-2020 олимпиада ўйинларининг ортга сурилиши оқибатида 200 миллиард иен (1,9 миллиард доллар) зиён тортилди.

“Йомиури” газетасининг 29 ноябрда олипиада ўйинлари ташкилотчиларига таяниб хабар беришича, олимпиада ўйинларининг ортга сурилиши оқибатида сотиб олинган авиабилетларнинг пуллари эгаларига қайтарилган, ишчиларга ортиқча ойлик тўланган.

Ташкилий қўмита кейинги ойда маҳаллий ва ҳукумат амалдорлари билан маслаҳатлашувлардан сўнг кўрилган зарар миқдори ҳақидаги тўлиқ ҳисоботни эълон қилмоқчи.

Токио-2020 олимпиада ўйинларини ўз вақтида ўтказилишига 13 миллиард доллар маблағ ажратилган эди.

Халқаро олимпия қўмитаси ва Япония ҳукумати март ойида пандемия туфайли олимпиадани ўтказиш муддатини бир йил орқага сурганди. Олимпиада ўйинларининг очилиши 2021 йилнинг 23 июлига, Паралимпия ўйинларининг очилиши 24 августга режалаштирилган.

Тожикистонда СМС талоқ берганларни камида уч йилга қамаш таклиф қилинмоқда

Телефонда араб тилида "Талоқ" деб ёзилган сўз.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси СМС орқали талоқ берганларни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

Лойиҳада СМС орқали талоқ берганларни уч йилдан беш йилгача озодликдан махрум этиш таклиф қилинган.

Ҳозирча қонун лойиҳаси парламентга тақдим этилгани йўқ. Тожикистон қонучилигида СМС талоқ билан ажрашиш ноқонуний ҳисобланади. Тожикистон Мусулмонлар диний идораси ҳам аҳолини бундай тажрибадан фойдаланмасликка чақириб келади.

Сўнгги йилларда телефон орқали ажрашиш тажрибаси муҳожиротдаги тожикистонликлар томонидан қўлланилиб келинмоқда.

Расмий маълумотларга қараганда, Тожикистонда 2019 йилда 12,5 минг оила ажрашган. Икки йил аввал бу кўрсаткич 10 минг атрофида эди.

Туркманистонда газета ва журналлар бирлаштирилади

Туркман газеталаридан бири.

Туркманистонда бюджет маблағларини ва қоғозни тежаш мақсадида қатор газета ва журналлар бирлаштирилади.

Нашрларнинг электрон варианти учун ягона обуна бўлинади, газеталарнинг қоғозли версиялари эса фақат пенсионерларга тарқатилади. Бу ҳақда "Медиа-Туркмен" агентлиги маълум қилди.

Маълум қилинишича, “Ватан” билан “Тикланиш” газеталари, худду шу номдаги иккита журнал, “Ўқитувчилар газетаси” билан “Туркман тили” газеталари бирлаштирилади. Бу эса ҳукуматга 123,7 тонна қоғозни тежаб қолишга имконият беради.

2021 йилдан нашрлар электрон кўринишга ўтказилади ва уларга ягона мажбурий обуна қилинади. Йиллик обуна 60 манат (расмий курс билан ҳисоблаганда 17 доллар) бўлади.

Жаҳондаги энг ёпиқ давлатлардан бири бўлган Туркманистонда бир неча йилдан бери иқтисодий инқироз кузатилмоқда.

“Чегара билмас репортёрлар” ташкилотининг билдиришча, матбуот эркинлиги рейтингида Туркманистон 180 давлат орасида энг охирги ўринлардан бири-179-поғонани эгаллайди.

Афғонистондаги ҳарбий базада содир этилган портлашда камида 30 киши ўлди

Афғонистондаги ҳужумлардан бирида яраланган киши.

Афғонистон расмийларининг билдиришларича, Ғазни вилоятидаги ҳарбий базада автомобилга ўрнатилган бомба портлаши оқибатида хавфсизлик кучларининг камида 30 ходими ҳалок бўлди. 29 ноябрда содир этилган портлашда камида 24 киши жароҳатлангани айтилмоқда.

Ғазни вилоят ҳокимининг расмий вакили Воҳидулло Жумазоданинг билдиришича, 29 ноябрь куни эрталабки соат 8лар чамасида худкуш бомба ўрнатилган автомашинани ҳарбий базага ҳайдаб кирган ва портлатиб юборган.

Ҳозирча ҳужум учун масъулиятини ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

29 ноябрь куни Зубал вилоят кенгаши раисининг қўриқчилари кетаётган автомашина ҳам худкуш томонидан портлатилди. Расман билдирилишича, бу ҳужумда уч киши ўлди, 12 киши яраланди.

Теҳрон эронлик олимнинг ўлимида АҚШ ва Исроилни айблади

Эронлик машхур ядро физик олим Мухсин Фахризода.

Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳаманеи эронлик машхур ядро физик олим Мухсин Фахризоданинг ўлими учун қассос олишга чақирди.

Ҳаманеи “олимнинг ўлдирилиши юзасидан ҳар тарафлама тергов ўтказилиши ва жиноятчилар жазоланиши”ни талаб қилди.

28 ноябрь куни Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Исроилни Мухсин Фахризоданинг ўлимида айблади. Руҳоний фикрича, Исроил “АҚШнинг ёлланма қотили” сифатида фаолият юритмоқда.

Эрон президенти олимнинг ўлими учун Теҳрон “пайти келганда муносиб жавоб қайтариши”ни билдирди.

Айни пайтда Исроил расмийлари эронлик олимнинг ўлимига алоқадор эмасликларини билдирмоқдалар. Исроил ҳукумати хориждаги барча элчихоналарга хавфсизликни кучайтиришни тавсия қилди.

Фахризода Теҳрон яқинида 27 ноябрь куни ўлдириб кетилган эди. Оқ Уй, Давлат департаменти, Пентагон ва Мапказий разведка бошқармаси Эрон ядровий дастури асосчиларидан бири бўлган олимнинг ўлимига муносабат билдирмади.

СССР раҳбарларидан бири, сиёсий бюро аъзоси Егор Лигачев юз ёшга тўлди

Егор Лигачев журналистларга интервью бермоқда. 1990 йил.

Егор Лигачев 29 ноябрь куни юз ёшга тўлди. У СССР Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий бюроси аъзолари орасида юз ёшга тўлган ҳозирча ягона шахсдир.

СССР раҳбари Михаил Горбачевдан сўнг партиядаги иккинчи одам ҳисобланган Егор Лигачев 1920 йилнинг 29 ноябрида туғилган.

У Леонид Брежнев ҳокимиятда ўтирган пайтда 20 йил Томск вилоятини бошқарган. 1983 йилда Москвага чақиртирилган ва Компартия марказий қўмитаси котиби лавозимига тайинланган. 1985 йилдан сиёсий бюро аъзоси.

СССР раҳбарлигига Михаил Горбачев келганидан сўнг у партиядаги иккинчи одамга айланди. Дастлаб Горбачёвнинг энг ишончли одами бўлган Лигачев кейинроқ партиянинг консерватив қисмига қўшилди ва “қайта қуришга қарши чиқаётган” одам сифатида тилга тушди.

СССР тарқалганидан сўнг Лигачев 1999-2003 йилларда Россия давлат думасининг депутати бўлди. Айни пайтда у пенсияда.

Бунга қадар сиёсий бюронинг энг кўп яшаган аъзолари Вячеслав Молотов ва Лазарь Каганович бўлган эди. Молотов 96, Каганович 97 ёшида ўлган.

СССР собиқ президенти Михаил Горбачев айни пайтда 89 ёшда. СССР Министрлар кенгаши раиси Николай Рижков эса 91 ёшга тўлди. Рижков Россия сенатори ҳисобланади.

Афсонавий футболчи Марадонанинг шахсий врачига қарши жиноят иши очилди

Марадонанинг дафн маросими.

Аргентина прокуратураси ўтган ҳафтада вафот этган афсонавий футболчи Диего Марадонанинг шахсий врачи Леопольдо Лукани “ўзи билмаган ҳолда одам ўлимига сабабчи бўлганлик”да айбламоқда. Леопольдо Луканинг Буэнос-Айресдаги уйида тинтув ўтказилди.

Тергов Марадонанинг қизи врач отасини тўғри даволаганига шубҳа билдиргани ортидан бошланди. Полиция Марадона ўлимига нима сабаб бўлганини аниқламоқчи.

60 ёшни қаршилаган Марадона 25 ноябрь куни бевақт оламдан ўтган эди. Ноябрь ойининг бошларида унинг бош миясида жарроҳлик амалиёти ўтказилганди. Шундан сўнг у касалхонадан уйига чиқарилган ва даволанишда давом этаётганди.

Тергов Марадонага сўнгги кунларда тегишли даражада тиббий ёрдам кўрсатилганми ёки бемор ўз ҳолига ташлаб қўйилганми деган саволга жавоб изламоқда. Лука Марадонага барча зарур бзлган ёрдамни берганини айтмоқда.

XX асрнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган Диего Марадона 1960 йилнинг 30 октябрида Аргентинанинг Ланус шаҳрида дунёга келган. Профессионал футболга у 12 ёшида кириб келган.

Ўз фаолияти давомида у 492 та ўйинда футбол майдонига тушиб, 258 марта гол уришга муваффақ бўлган.

COVID-19: Россияда 1,1 миллион киши чекловларни бузгани учун жаримага тортилди

COVID-19 га қарши курашаётган тиббиёт ходимлари шарафига чизилган граффити, Омск, 23 ноябрь, 2020

Россия полицияси пандемия бошланганидан бери COVID-19 чекловларини бузгани учун 1 миллиондан ортиқ кишини жаримага тортган. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

976 мингдан ортиқ одамга фавқулодда вазият пайтида соғлиқни сақлаш протоколларини бузгани учун энг камида 1000 рублдан (13 доллар) жарима солинган.

Россия вирус юқтирганлар сони бўйича дунёда тўртинчи ўринда.

Мамлакатда бугунга қадар 2,2 миллиондан ортиқ одам коронавирусга чалинди, уларнинг 39 мингдан ошиғи вирус билан боғлиқ касалликлар туфайли нобуд бўлди. Асл рақамлар бу кўрсаткичлардан анча юқори эканига ишонилади.

Сўнгги ҳафталарда Россия шифохоналари беморларга тўлиб кетганига қарамай, расмийлар Европанинг бошқа жойларида бўлгани каби чекловларни қайта жорий қилмадилар.

Бунинг ўрнига, Россия ҳудудларида маҳаллий ҳокимиятлар ўз чекловларини жорий қилмоқда.

Октябрь ойида Россия ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб жамоат жойларида ниқоб тақишни мажбурий қилган.

Декабрда Nord Stream-2 газ қувурини битириш босқичи бошланади

Россиянинг газ қувурларини ётқизишга ажратилган Черский номидаги кемаси, ундан Nord Stream-2 босқичида фойдаланишлари мумкин, 7 июль, 2020

Декабрь ойида Россия газини Европага элтишни кўзловчи Nord Stream-2 («Шимолий оқим-2») қувурининг якуний қисмини ётқизиш ишлари бошланади.

Лойиҳа бир йил олдин АҚШ санкциялари туфайли тўхтаб қолган эди.

28 ноябрь куни Nord Stream-2 AG ширкати, линиянинг Германия яқинида битмай қолган 2 ярим километрлик қисмини ётқизиш ишлари тез кунларда бошланишини билдирди.

Германия матбуоти қурилиш ишлари 5 декабрда бошланишини хабар қилди.

Nord Stream-2 лойиҳаси Россия Германияга экспорт қиладиган газ кўламини икки баробарга оширади.

АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Германияни лойиҳани тўхтатишга чорлаб келади.

Ўтган йилда АҚШ санкциялари туфайли Швейцариянинг Allseas ширкати лойиҳани тарк этган эди.

Болтиқ денгизи остидан Германияга олиб ўтилаётган қувур линиясининг қолган қисмини якунлашга қайси ширкат жалб қилиниши очиқланмади.

COVID-19: Европада вирусдан нобуд бўлганлар сони 400 мингдан ошди

Ниқоб таққан қўриқчи, София, Болгария

28 ноябрь куни Европада коронавирус туфайли нобуд бўлганлар сони 400 мингдан ошди.

Европа касалликлар олдини олиш ва назорат қилиш марказининг маълумотларига кўра, пандемия бошланганидан бери қитъада 400 минг 949 та COVID-19 билан алоқадор ўлим қайд этилган.

Энг кўп ўлим қайд этилган мамлакатлар Буюк Британия (57 551), Италия (53 677), Франция (51 914), Испания (44 668) ва Россиядир (39 068).

АҚШда эса вирус туфайли қазо қилганлар сони 266 мингдан ошиб кетди. Мамлакат бўйлаб вирусга чалинганлар сони тез суратда ўсишда давом этар экан, кўплаб штат ва шаҳарда чекловлар кучайтирилди.

Жорж Вашингтон университети профессори Леана Вен CNN агентлигига берган интервьюсида:

«Яқинда АҚШда ҳар куни 2000 дан ошиқ ўлим, эҳтимол, кунига 3000-4000 ўлим қайд этилишини кутиш мумкин», - деди.

Қозоғистонда мухолифат партия парламент сайловларини бойкот қилмоқчи

Ўзини мухолифат партияси ўлароқ кўрсатиб келаётган «Қозоғистон умуммиллий социал-демократик партияси» январь ойига белгиланган парламент сайловларини бойкот қилишини эълон қилди.

Партия раҳбари Асхат Рахимжанов Қозоғистон сиёсий саҳнасида «ўша-ўша» сиёсий элита ҳукмронлиги давом этаётганини айтиб, ўз партияси 10 январга белгиланган сайловларда қатнашмаслигини айтди.

«Эски қоидалар, эски сиёсий партиялар», - деди Рахимжанов. Сиёсатчи ўз фикрини батафсил баён қилмади.

Сайловда қатнашмаслик қарор 27 ноябрь куни бўлиб ўтган партия конференциясида қабул қилинган.

Қозоғистон ҳукумати сайловларда рўйхатдан ўтган олти сиёсий партия иштирок этишини билдирди. Улар орасида ҳукмрон «Нур Отан» партияси, тўртта ҳукуматни қўллаб-қувватловчи партия – «Оқ йўл», «Овул», «Бирлик», «Коммунистик халқ партияси» ҳамда сайловни бойкот қилишга қарор қилган «Қозоғистон умуммиллий социал-демократик партияси» бор.

Қозоғистонда бундан олдинги парламент сайловлари 2016 йилнинг март ойида бўлиб ўтган эди.

Навальний ЕИни рус олигархларига қарши санкция жорий қилишга чақирди

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний Европа Иттифоқини президент Владимир Путин атрофидаги «жиноятчилар тўдасига» қарши санкция жорий қилишга чақирди.

27 ноябрь куни Европарламент депутатлари билан ўтказилган видеоконференцияда Кремль танқидчиси Навальний Россиядаги олигархлар «вақтинча ҳокимиятни эгаллаб олганини» ва ЕИ Москва билан муносабатлари бўйича янги стратегия ишлаб чиқиши кераклигини айтди.

Хусусан, Навальний ЕИни Кремль билан яқин алоқада бўлган Роман Абрамович, Алишер Усмонов ва Аркадий Ротенберг сингари миллиардерларнинг Европадаги даромад манбалари ва мулкларини синчковлик билан текширишга чақирди.

Ўтган ой ЕИ ва Буюк Британия август ойида Навальнийни «ўлдиришга уринган» олтита юқори мартабали Россия амалдори ҳамда бир ташкилот мулкларини музлаб, уларга қарши саёҳат чекловларини жорий қилган эди.

Президент Путинн кескин танқид қилиб ҳамда Россияда чуқур илдиз отган коррупцияга қарши курашиб танилган Навальний Путин кўрсатмаси билан заҳарланганини айтиб келади.

Навальний заҳарланиш асоратлари билан 20 август куни Омскда касалхонага ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқнинг ичида ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги «Шарите» клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Навальнийнинг анализ намуналари қатор Европа давлатларидаги лабораторияларда текширилди ва мутахассислар Навальний «Новичок» туркумига кирувчи кимёвий қурол воситасида заҳарланганини аниқлади.

Лукашенко: Янги конституция қабул қилинганидан кейин лавозимимни бўшатаман

Беларуснинг авторитар президенти Александр Лукашенко янги конституция қабул қилингандан кейин ўз лавозимини тарк этишини айтган. Бу ҳақда "Белта" агентлиги хабар қилди.

Лукашенко 27 ноябрь куни Минск касалхонасига қилган ташрифи чоғида:

"Янги конституция остида сизлар билан президент ўлароқ ишламайман", - деган.

Лукашенко конституцияни ислоҳ қилиш ва президент ваколатларини ўзгартириш зарурлигини айтган, аммо янги конституция қачон қабул қилиниши мумкинлиги ҳақида ҳеч нима демаган.

Бугунга қадар Лукашенко бир неча марта конституцияга ўзгартиришлар киритиш ҳақида сўзлади, аммо мухолифат авторитар етакчи аслида ҳокимиятда қолиш мақсадида вақтни чўзаётганини айтмоқда.

Жорий йил августидан бери Беларуснинг Минск ва бошқа шаҳарларида президент сайловининг расмий натижаларига қарши оммавий норозилик акциялари бўлиб ўтмоқда. Мазкур сайловда расмийлар мамлакатни чорак асрдан бери бошқариб келаётган Лукашенко яна ғалаба қозонганини иддао қилганлар.

Беларусдаги норозилик чиқишлари чоғида ўн минглаб одам қўлга олинди, юзлаб намойишчи ҳибс этилди. Кўплаб одам ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан калтакланди, бир неча киши қурбон бўлди.

Озарбайжон парламенти Францияни Тоғли Қорабоғ бўйича Минск гуруҳидан чиқариб ташлашга чақирди

Тоғли Қорабоғнинг Ҳадрут шаҳридаги ҳувиллаб қолган кўчаларидан бири, 2020 йил 25 ноябри

Озарбайжон парламенти 26 ноябрь куни Францияни Тоғли Қорабоғ муаммосини изга солишда воситачилик қилаётган ЕХҲТнинг Минск гуруҳидан чиқариб ташлашга чақирди. Куни кеча Франция сенати мамлакат ҳукуматини Тоғли Қорабоғ республикаси мустақиллигини тан олишга чақирган резолюцияни маъқуллаганди.

Озарбайжон ва Арманистон шу йил 10 ноябрида Россия воситачилигида Тоғли Қорабоғда олти ҳафта давом этган урушни тўхтатиш тўғрисидаги шартномани имзолаган эди. Россия ва АҚШ билан бир қаторда Франция ҳам ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ҳамраиси бўлиб ҳисобланади. Мазкур гуруҳ шафелигида ўн йиллардан бери ўтказиб келинган музокаралар минтақада узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишига асос бўлган эмас.

Франция сенати томонидан Тоғли Қорабоғ бўйича резолюция қабул қилингани ортидан Озарбайжон парламенти депутатлари мамлакат ҳукуматига Францияни Минск гуруҳи ҳамраислигидан чақириб олиш бўйича ЕХҲТга мурожаат қилишни таклиф этишган. Улар Бокуни Париж билан “сиёсий ва иқтисодий муносабатлар”ни қайта кўриб чиқишга ҳам чақиришган.

БМТ аёлларга қарши зўравонлик лойиҳаларига 25 миллион доллар ажратади

БМТ логоси

Фавқулодда вазиятларга муносабат марказий жамғармасидан хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашаётган ҳамда бундай зўравонлик қурбони бўлганларни қўлловчи аёллар ташкилотларини дастаклаш учун 25 миллион доллар ажратилади. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Марк Локок билдирган.

БМТ мулозимига кўра, бу маблағларни оқилона сарфлаш ва тўғри қарордир.

Маблағлар хотин-қизлар ташкилотлари билан бевосита ишлайдиган ва уларга молиявий кўмак кўрсатадиган “БМТ-аёллар” тузилмаси ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ҳисобига ўтказиб берилади.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 25 ноябрь – Аёлларга нисбатан зўравонликни бартараф қилиш учун халқаро кураш куни муносабати билан хотин-қизларга нисбатан зўравонликни замонамизнинг энг катта муаммоларидан бири эканини таъкидлаган ва “Биз бу муаммони ҳал қилиш йўлларини қидиришда давом этишимиз лозим”, деган эди.

Аёлларга нисбатан зўравонликни бартараф қилиш учун халқаро кураш куни муносабати билан БМТ, анъанага мувофиқ равишда, бу йил ҳам “16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампаниясини ўтказмоқда.

Астрахан вилояти Ўзбекистондан 10 минг нафаргача меҳнат муҳожирини қабул қилиши мумкин

Россия Федерациясининг Астрахан вилояти Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонга энг яқин минтақаларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Россиянинг Астрахан вилояти қишлоқ хўжалиги ишлари учун 10 минг чоғли меҳнат муҳожирини қабул қилишга тайёр. Шунингдек, балиқни қайта ишлаш корхоналари ва қурилиш соҳасига ҳам ишчилар керак. Бу ҳақда Астрахан вилояти қишлоқ хўжалиги ва балиқ саноати вазири Руслан Пашаев Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти расмийлари билан видеоконференция шаклида ўтказилган учрашувда маълум қилган.

Учрашувда томонлар мавсумий ишга жойлаш масаласи долзарб бўлиб қолаётганини қайд этганлар. Хусусан, ўзбекистонлик расмийлар Астрахан вилояти ўзлари учун муҳим ҳамкор бўлиб ҳисобланишини урғулаб, бу ҳамкорлик алоқаларининг кенгайишидан манфаатдор эканларини урғулаганлар.

Музокаралар чоғида томонлар меҳнат муҳожирлиги соҳасидаги ҳамкорлик бўйича биргаликда ўтказилажак тадбирлар режасини тузиб чиқиш ҳақида келишиб олганлар.

Маълумотларга кўра, Астрахан вилоятида қонуний равишда ишлаётган меҳнат муҳожирлари сони бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда туради.

Францияда ўқитувчини ўлдирилишида иштирок этганликда айбланиб яна 4 ўқувчи қўлга олинди

47 ёшли Пати 16 октябрь куни ўлдирилганди.

Франция суди ўқитувчи Самюэл Патининг ўлдирилишида иштирок этганликда гумонланиб қўлга олинган яна тўрт нафар ўқувчига айблов билдирди.

AFPнинг билдиришича, қўлга олинганлардан уч нафари 13-14 ёшдаги ўсмирлардир. Улар Абдуллоҳ Анзоровга ўқитувчи Самюэл Патини кўрсатишган.

Анзоров қўлга олиш пайтида полиция томонидан отиб ўлдирилган эди.

Тўртинчи айбланувчи ўқитувчини танқид қилиб ижтимоий тармоқларга видео жойлаштирган шахснинг қизи экани айтилмоқда.

Суд расман айблов билдирилганидан сўнг ўсмирларни тергов якунлангунига қадар озодликда қолдирди. Уларнинг устидан суд назорати ўрнатилади. Шундай қилиб ўқитувчи Патини ўлдирилишига алоқадорликда айбланаётганлар сони 14 кишига етди.

47 ёшли Пати 16 октябрь куни ўлдирилганди. Ўлимидан аввалроқ у Charlie Hebdo журналида босилган ва Муҳаммад пайғамбарга нисбат берилган карикатураларни ўқувчиларига кўрсатган ҳамда улар билан сўз эркинлиги мавзусини муҳокама қилган. Шундан сўнг унга таҳдидлар бошланган.

Ўқитувчининг ўлимида Москвада туғилган Абдуллоҳ Анзоров айбланмоқда. Унинг оиласи 2008 йили Франциядан бошпана сўраганди.

У Твиттердаги ўз саҳифасига боши танасидан жудо қилинган Патининг суратини жойлаб, у пайғамбарни ҳақорат қилгани учун “қатл этилгани”ни билдирганди.

Полициячилар Анзоровни қўлга олишга уринганлар, бироқ у пневматик тўппонча ўқталгани учун отиб ўлдирилган.

Дональд Трамп Жо Байден сайлов ғолиби деб топилса, Оқ уйни тарк этишини билдирди

Трамп сайловдаги мағлубиятини тан олишга тайёр эмаслигини билдирган.

АҚШ президенти Дональд Трамп илк маротаба Жо Байден расман сайлов ғолиби деб топилганидан сўнг Оқ Уйни тарк этишини тасдиқлади. Сайловчилар коллегияси 14 декабрда расман президентлик сайлови ғолибини эълон қилади.

“Табиийки, мен Оқ Уйни тарк этаман. Мағлубиятни тан олиш жуда оғир бўлади, чунки биз оммавий тарзда сохталаштиришлар бўлганини биламиз”,-деди Трамп.

Қатор штатларнинг судлари Трампнинг овоз бериш натижалари сохталаштирилгани тўғрисидаги иддаоларини асосиз деб топди. Трамп бу иддаони қилар экан, бирорта далил – исбот тақдим эта олмаяпти.

Дональд Трамп Оқ Уйни тарк этиши ёки тарк этмаслиги шу кунларда АҚШ матбуотининг асосий мавзуларидан бири бўлиб қолаётган эди. Трамп ўзи Оқ Уйни тарк этмаслиги тўғрисида бирор жойда гапирмаган. Лекин у сайловдаги мағлубиятини тан олишга тайёр эмаслигини билдирган.

Трамп Сайловчилар коллегияси йиғиладиган 14 декабргача “анча воқеалар бўлиши мумкин”лигини таъкидлаган.
3 ноябрда ўтадиган сайловда Байден сайловчилар коллегиясининг 306 овозини, Трамп 232 овозни олган эди.

Европарламент ЕИ ижроия органларини Минскка берилажак маблағларни музлатиб қўйишга чақирди

Европа парламенти Беларусда инсон ҳуқуқларини бузиш давом этаётгани ва мухолифат тарафдори Роман Бондаренконинг ўлими туфайли Минскка таъсир ўтказиш чораларини кучайтиришга чақирди.

Жорий йилнинг 26 ноябрь куни қабул қилинган резолюцияда депутатлар Александр Лукашенко режимига нисбатан қабул қилинган ЕИ санкцияларининг икки пакети етарли эмаслигини қайд этганлар. Европарламент санкцияларнинг учинчи пакети Лукашенко билан боғлиқ бўлган фирмалар ва тадбиркорларни қамраб олиши керак, деб ҳисоблайди.

Европалик депутатлар Европа инвестицион банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа молиявий тузилмалар дохил ЕИ бюджетидан амалдаги Беларусь ҳукуматига берилиши кўзда тутилган маблағларни тўлалигича музлатиб қўйишга чақирганлар.

Бундан ташқари, Европарламент аъзолари Европа Иттифоқи ижроия органларини Лукашенко режимининг Беларусь халқига қарши содир этган жиноятлари бўйича халқаро тергов ўтказилишини дастаклашга чорлаганлар.

Жорий йил августидан бери Беларуснинг Минск ва бошқа шаҳарларида президент сайловининг расмий натижаларига қарши оммавий норозилик акциялари бўлиб ўтмоқда. Мазкур сайловда расмийлар мамлакатни чорак асрдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко яна ғалаба қозонганини иддао қилганлар.

Беларусдаги норозилик чиқишлари чоғида ўн минглаб одам қўлга олинган, юзлаб намойишчи ҳибс этилган. Кўплаб одам ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан калтакланган, бир неча киши қурбон бўлган.

Қирғизистонда яна рус тилини расмий тил мақомидан маҳрум қилиш таклиф этилди

Садирдин Тўралиев

Қирғизистон Конституциявий кенгаши аъзоси Садирдин Тўралиев 26 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисда мамлакат конституциясидан рус тилининг расмий тил мақоми эгалигига оид моддани олиб ташлашни таклиф қилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.

Фуқаролар қанча кўп тил билса, шунча яхшилигини тушунаман, рус тилини билиш орқали биз кўп нарсага эришик. Бироқ биз алоҳида қонун қабул қилиб, хорижий тилларни ривожлантиришимиз, Конституцияга эса фақат қирғиз тили мақомига оид моддани киритишимиз лозим”, деган С. Тўралиев. Унга кўра, заруратга айланмагунича, фуқаролар миллий тилни ўрганмайдилар.

“Биз рус тилига ўрганиб қолдик ва у билан боғланган итдай ўтирибмиз. Бундай бўлмаслиги керак. Биз ўз тилимизни йўқотиб қўйишимиз мумкин. Одам дегани шунақа: мажбурий қилиб қўймагунингизча, ҳеч нарсани ўрганмайди”, дея иқтибос келтирган Тўралиев сўзларидан “АКИпресс” агентлиги. Хабарда мажлис иштирокчиларининг бу таклифга муносабати акс этган эмас.

Амалдаги Конституцияга мувофиқ, Қирғизистонда рус тили расмий тил мақомига эга. 2019 йили конституциявий ислоҳот ўтказишни таклиф қилган сиёсий кучлар бирлашмаси рус тилини мазкур мақомдан маҳрум қилиш таклифини ўртага ташлаганди. 2020 йил октябрида Россия элчиси Николай Удовиченко билан учрашув чоғида ўша пайтдаги бош вазир вазифасини бажарувчи Садир Жапаров бу масала кун тартибида йўқлигини билдирган.

Қирғизистоннинг янги Конституцияси лойиҳаси 17 ноябрь куни муҳокамага қўйилган. Ҳужжат президент ваколатларини ва ролини сезиларли даражада кенгайтиради. Асосий қонунга ўзгартишлар киритилган тақдирда, республика ҳозиргидай парламент бошқарувидаги мамлакат эмас, балки президент бошқарувидаги мамлакатга айланиб қолади. Бундан ташқари, Қирғизистонда “маслаҳат берувчи ва мувофиқлаштирувчи олий орган” — Халқ қурултойини ташкил этиш ҳам таклиф қилинмоқда. Бу органни президент чақириши кўзда тутилган.

Туркияда давлат тўнтаришини амалга оширишга уринганлар умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди

2016 йилнинг 15 июль оқшомида Истанбулда олинган сурат

Туркия пойтахти Анқарада суд 26 ноябрь куни 2016 йилги давлат тўнтаришини амалга ошириш ҳаракатига оид иш юзасидан ҳукм чиқарди.

Айблов ҳукми тўнтаришга уринишда иштирок этгани айтилаётган 400 дан киши чиқарилган, ўнлаб судланувчи умрбод қамоқ жазоси олган. Булар асосан 2016 йилнинг 15 июлига ўтар кечаси ҳукумат биноларига зарба берган учувчилар ва армия қўмондонларидир.

Туркиянинг давлатга қарашли “Онадўли” агентлиги хабарига кўра, бир умрга озодликдан маҳрум этилганлар орасида Туркия Ҳарбий-ҳаво кучлари (ҲХК) қўмондонлиги котиби вазифасини бажарган собиқ полковник Вейсел Қавақ, ҲХК собиқ майори Али Қарабулут ва собиқ ҳарбий учувчи Ҳусейн Турк ҳам бўлиб, улар 79 та умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилганлар.

Суд давлат тўнтаришига оид эпизодлардан фақат биттаси — Анқара яқинидаги Ақинжи ҳаво базасининг исёнчилар томонидан эгаллаб олиниши бўйича айбловларни кўриб чиққан. Ўшанда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонга хайрихоҳ бўлган қўмондонлар, шу жумладан амалдаги мудофаа вазири Ҳулуси Ақар гаровга олинган эди. Тўнтариш уриниши бостирилганидан сўнг улар озод этилган.

15 июль воқеалари чоғида жами 251 киши ҳаётдан кўз юмган. Бир гуруҳ ҳарбийларнинг Эрдўғонни қулатиш уриниши муваффақиятсиз якунланган.

Туркия расмийлари давлат тўнтариши уюштирилишида АҚШда яшайдиган руҳоний Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорларини айблаб келадилар. Гуленнинг ўзига қарши алоҳида жиноят иши очилган бўлиб, Анқара Вашингтондан унинг Туркияга топширилишини талаб қилиб келмоқда. Гулен билан боғлиқ ёки Туркиядаги исёнга алоқадорлик айбловлари билан Туркияда жами 100 дан зиёд киши ҳибсга олинган, давлат идоралари ва армияда кенг кўламли тозалаш кампанияси амалга оширилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG