Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:55

Дўстлик анжумани ўтказилди


Қирғизистоннинг Боткен вилоятида бошланган тожик-қирғиз дўстлик фестивали 21 март - Наврўз куни чегара оша Тожикистоннинг Сўғд вилоятида давом этди.

Фестивалда тожику қирғизнинг миллий ўйинлари, халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари намойиш қилинди, спорт беллашувлари бўлиб ўтди.

Боткен туман Оқсой қишлоғидаги мактаб директори Садриддин Берекбоев фикрича, бу каби тадбирлар икки халқ ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.

- Тожику қирғизларнинг дўстлик ришталари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Чунки тожик қизи Бибиробия Манас отамизнинг хотини бўлган.

Мана шу қондошлик ва дўстлик ҳозир ҳам давом этмоқда. Шу боис халқимизда бозоримиз бир, мозоримиз бир, деган гап бор, дейди Садриддин Берекбоев.

Анжуманда иштирок этган қирғизистонлик халқ ҳунармандлари ўз ижодларида ҳам халқлар дўстлигини тараннум этишга ҳаракат қилаётганларини эътироф этдилар.

- Наврўз ҳаётимизга янги хурсандчиликлар, элимизга янги ризқ олиб келсин. Халқларимиз тинч-тотув яшасин, дўстлигимиз давом этаверсин.

Мана шу ерда, сизлар кўриб турган қуроқларда халқлар дўстлиги акс этган. Қўбизда эса қардошлик оҳанглари янграйди, дейди қирғиз ҳунармандларидан бири Сафия Мураталиева.

Тожик-қирғиз дўстлик фестивали йил сайин анъанага айланиб бормоқда. Уни ўтказиш мақсад ва мароми аниқ.

Хўш, шу йиллар давомида нимага эришилди? Бу саволга БМТ тараққиёт дастурининг Боткен вилоятидаги вакили Элмира Керималиева жавоб берди.

- Биринчидан, қўшнилар ўртасида пайдо бўлиб турадиган асосий муаммолар сабабларини аниқладик. Бу сув ва ер масаласидир.

Ана шу муаммолар юзасидан жиддий низолар келиб чиқмаслиги учун қишлоқларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Фестиваль ҳам ана шу тадбирлардан биридир, дейди Элмира Керималиева.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, Тожикистон ва Қирғизистоннинг ён қўшниси бўлмиш Ўзбекистон томони мана шундай дўстлик тадбирларидан четда қолиб кетмоқда. Хўш, бунга нима сабаб?

Балки Тожикистон томони қўшниларни таклиф қилмагандир? БМТ Тараққиёт дастурининг Хўжанддаги вакили Сафарбек Солиев бундай эмаслигини айтади.

- Агар бевосита Ўзбекистон билан ҳамкорлик ҳақида гапирадиган бўлсак, илгари ҳам биргаликда тадбирлар ўтказиш ҳақидаги таклифлар жўнатганмиз. Бироқ барча таклифларимиз жавобсиз қолмоқда.

Тожикистонликлар қўшнилар билан борди-келди алоқаларини тиклашни, ҳамкорлик қилишни чин кўнгилдан истайди. Биз ҳеч қачон улардан узилиб қолишни истамаймиз. Амалга оширилаётган тадбирлар ҳам шунга қаратилган.

Афсуски, ҳозирча Ўзбекистон томони билан бўлган ҳамкорлик биз ўйлаган даражада бўлмаяпти, дейди Сафарбек Солиев.

Таҳлилчи Нурулло Раҳматовнинг айтишича, расмий Тошкент олиб бораётган сиёсат оқибатида оддий халқ азоб чекмоқда.

- Ўзбекистон томонининг ён қўшнилари билан яқиндан ҳамкорлик қилмаслик масаласи доим диққат марказида қолаяпти.

2008 йилда Ўш шаҳрида Марказий Осиёнинг барча республикаларидан келган вакиллари билан учрашдик. Бироқ Ўзбекистон вакиллари келмади.

Ҳайронман, миллатимиз бошқа-бошқа бўлгани билан, урф-одатларимиз бир хил бўлса-ю ёт бегонадек яшасак.

Назаримда, Ўзбекистон раҳбарлари бу ҳақда жиддийроқ ўйлаб кўриши керак. Чегара ва бошқа тўсиқларни олиб ташлаш лозим, дейди Нурулло Раҳматов.
XS
SM
MD
LG