Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:42

Орзулар ва хавф-хатар йўли


Тожикистонни Афғонистон билан туташтирувчи Ваҳдат - Ёвон темир йўли қурилишига доир мамлакат расмийлари ташаббусини тожикистонликларнинг аксарияти олқишламоқда.

Қиймати 140 миллион долларга тенг бўлган 46 километрлик Ёвон – Ваҳдат темир йўли шарқий Душанбени республиканинг жанубий қисми билан боғлайди.

Мазкур темир йўл қурилиши Душанбе бозорларига мева-сабзавот, гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб бераётган хатлонликларни айниқса кўп қувонтирди. Ҳозирда темир йўл йўқлиги туфайли тижоратчилар ўз маҳсулотларини асосан автомобилларда ташимоқдалар.

- Бу биз учун жуда қимматга тушаяпти. Агар Ваҳдатгача таксида борсак, 30 - 40 сомоний (тахминан 8-10 доллар – таҳр.) сарфлашга тўғри келади.

Шу темир йўл қурилса, бизга ўхшаган тижоратчиларга яхши бўларди, поезд арзонроқ олиб боради, дейди ўзини Муҳаррам деб таништирган аёл.

Бошқа суҳбатдошимиз Қундузой эса янги темир йўл қўшни Афғонистон билан тижоратнинг ривожланишига катта имкониятлар яратади, деган ишончда.

- Тарихдан маълумки, қадимда туялар карвони бир давлатдан бошқа давлатга тижорат моллари ташиган, бу эса давлатлараро тижоратнинг ривожланиши учун катта имкониятлар очган.

Энди янги қурилаётган темир йўл билан деҳқоннинг мушкули осон бўлиши мумкин - бозорларда нархлар янада арзонлайди, ҳалққа ҳам яхши бўлади, дейди Қундузой.

Рудакий туманида яшовчи Саодат опа йўлкира қимматлиги боис Ёвон туманига келин бўлиб тушган тўнғич қизи Сайёрани узоқ вақт кўра олмаслигини айтади:

- Ёвонгача йўлкира 10-15 сомоний (тақрибан 3-4 доллар - таҳр). Такси билан борсак, яна ҳам қиммат. Агар поезднинг билети 10 сомонийдан арзон бўлса, бориб келишимиз анча осонлашарди, дейди Саодат опа.

Ўтган ҳафтада қурилиши бошланган янги темир йўл тармоғи келгуси бир йил мобайнида ишга туширилишини маълум қилган Тожикистон “Темир йўллар” ширкат расмийлари ҳозирча йўлкира ҳақида гапириш эрталигини таъкидламоқдалар.

Уларга кўра, янги темир йўл масофани уч бараварга қисқартиради, бу эса ҳам вақт, ҳам сарф-харажат жиҳатдан фуқаролар учун анча қулайликлар туғдиради.

Айни пайтда мустақил таҳлилчилар Тожикистонни яқин келажакда Афғонистон ва яна қатор Шарқ мамлакатлари билан боғлайдиган Ваҳдат-Ёвон темир йўл тармоғи тожикистонликлар учун янги имкониятлар очиши баробарида минтақа учун янги муаммолар туғдириши мумкинлигини ҳам тахмин қилмоқдалар.

- Дунё назарида наркотик моддалар ишлаб чиқариш манбаи саналмиш Афғонистон билан мамлакатимиз ўртасида темир йўл қурилиши бу минтақа давлатлари ва улар орқали ғарб давлатларига наркотиклар олиб чиқилиши учун махсус дарвоза очилишини ҳам англатади.

Поездлар орқали банг моддаларини олиб ўтишнинг қулайликлари жуда кўп. Бу янги йўлни Афғонистон билан улашдан аввал расмийларимиз наркотиклар ноқонуний савдосининг олдини олиш бўйича янги механизмларни ишлаб чиқишлари лозим.

Тожикистонни Афғонистон билан туташтирувчи “Қуйи Панж” кўприги қурилиб, ишга туширилганидан сўнг афғон наркотикларининг Тожикистон ва у орқали минтақа давлатларига кенг тарқалиши учун катта имкониятлар яратилгани фикримиз далилидир, дейди мустақил таҳлилчи Ҳуринисо Ғаффорзода.
XS
SM
MD
LG