Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:51

Лондон Тошкент сиëсатидан хавотирда


Ҳисоботда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига танқидий ëндашган Лондон дипломатик идораси¸ муаммолар юзасидан Тошкент билан яқиндан ишлашдан қолмаслигини ҳам таъкидлайди.
Ҳисоботда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига танқидий ëндашган Лондон дипломатик идораси¸ муаммолар юзасидан Тошкент билан яқиндан ишлашдан қолмаслигини ҳам таъкидлайди.

Жаҳон давлатларидаги инсон ҳуқуқлари вазиятини баҳолаган Британия Ташқи ишлар вазирлиги 21 давлатдаги аҳволни¸ алоҳида хавотирга лойиқ деб топди. Бу рўйхатда¸ Ўзбекистон ҳам бор.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги инсон ҳуқуқлари бўйича 11-йиллик ҳисоботининг Ўзбекистонга оид қисми ўтган йили бу мамлакат ҳукумати инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қатор ижобий қонунлар қабул қилгани ҳақидаги маълумот билан бошланган.

Ўтган йил декабрь ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ раиси Акмал Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси аъзолари БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида маъруза қилган эди. Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳисоботида А.Саидов ўз маърузасида келтирган мисоллар қайд этилган.

Хусусан, ўтган йил Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинган, ҳибсга олиш ҳақида ордер бериш ҳуқуқи прокурорлардан судларга ўтказилган, жамиятни демократиялашда сиёсий партиялар ролини ошириш ҳақидаги конституциявий қонун кучга кирган. Олий суд ҳузурида демократиялаштириш ва адлия тизимини либераллаштириш маркази очилган. Ўтган йил апрелида Ўзбекистон парламенти инсон савдосига қарши қонун қабул қилган.

Шу билан бирга Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳисоботида июнь ойида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева қамоқдан озод қилингани, аммо октябрь ойида Эзгулик жамияти аъзоси, ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Муҳиддинов озодликдан маҳрум этилгани билдирилган.

Бундан ташқари мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов ва ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғуновлар ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этилгани ҳам ҳисоботда қайд этилган.

Британия Ташқи ишлар вазирлигининг инсон ҳуқуқлари ҳисоботида Ўзбекистон қонунлари диний эркинликни кафолатласа ҳам амалда вазият бошқача экани, расман рўйхатга олинган диний ташкилотлар қонун орқали қаттиқ назорат қилиниши билдирилган.

Шунингдек, ҳисоботда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини цензура қилиш 2002 йилда бекор қилинганига қарамай, ўз-ўзини цензура қилиш ва янги қабул қилинган қонунлар ҳукуматни танқид қилишга йўл қўймаслиги билдирилган.

Бундан ташқари Ўзбекистонда айрим интернет сайтлари, жумладан, БиБиСи сайтига кириш тўсиб қўйилган. Ҳисоботда Ўзбекистондаги ахборот воситалари Озод Европа - Озодлик радиосининг ўзбек хизмати журналистларини ҳукуматга қарши фаолият юритаётганликда айблаб, журналистлар ва уларнинг яқинларига оид шахсий маълумотларни оммага ошкор қилувчи филм тайёрлагани билдирилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистонда фуқароларнинг диний эркинлиги, адолатли судлов ҳуқуқлари бузилиши, қийноқлар ва болалар меҳнатидан фойдаланиш ўтган йилда ҳам давом этган.

Хьюман райтс вотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакили Игорь Воронцов Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳисоботининг Ўзбекистонга оид қисми ҳақида Озодлик радиосига бундай деди:

- Бизнингча, ҳисобот мамлакатдаги вазиятни меъёридан ортиқ ижобий тасвирлаган. Чунки ҳисобот Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилган ижобий чоралар ҳақидаги маълумотлар билан¸ хусусан ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсий маҳбусларнинг бир қисми қамоқдан озод қилингани ҳақидаги маълумотлар билан бошланган. Бизнингча¸ ҳисобот воқеликда юз бераётган воқеалардан кўра анча ижобий, дейди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Игорь Воронцов.

Халқаро Амнистия ташкилоти кузатувчиси Майзи Вайшадинг эса¸ Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳисоботида Ўзбекистонда қийноқлар каби жиддий муаммонинг тилга олинганини олқишлайди.

- Ҳатто бир одам қийноққа солинса, бу жуда ёмон. Биз маҳбусларга қўпол муомала қилинаётгани ва қийноққа солинаётгани ҳақида ҳозиргача маълумотлар олаяпмиз.

Бу жиддий хавотирга сабаб бўлмоқда. Чунки қийноқларга барҳам берилиши кераклиги йил давомида Ўзбекистон ҳукуматига айтиб келинмоқда. Улар эса муаммо ҳал қилинган, демоқда. Аслида амалда бундай бўлаётгани йўқ, дейди Халқаро Амнистия вакили.

Ҳюман Райтс Уотч вакили Игорь Воронцов қийноқлар масаласида Ўзбекистонда ижобий ўзгариш бўлмади¸ деган фикрга қўшилади.

- Афсуски¸ биз Ўзбекистонда қийноқлар масаласида вазият ижобий томонга ўзгарганини кўрганимиз йўқ. Ҳисоботда бир неча милиция ходими жавобгарликка тортилгани тўғрисида адолатли тарзда маълумот берилган. Шунга қарамай, қийноқлар қўллаган милиция ходимлари жазосиз қолмоқда.

Бизнингча, ҳисоботда келтирилган жазога тортилган милиция ходимлари ҳақиқий айбдорлар эмас. Энг муҳими ҳакамлар кўрсатмалари томонидан тасдиқланган қийноқлар ҳақидаги маъмумотлар сони шунчалар кўпки, бу борада Ўзбекистонда ижобий ўзгариш бўлаётгани ҳақида ҳатто тасаввур йўқ, дейди Ҳюман Райтс Уотч вакили.

Майзи Вайшадинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши ҳақида кампания олиб бормоқда. Аммо Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳисоботида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилаётганига аниқ мисоллар келтирилган.

- Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари фаоллари, мустақил журналистларни таъқиб қилиш давом этаётгани, сўз эркинлиги мавжуд эмаслиги, қийноқлар ва маҳбусларга қўпол муомала қилиш кенг тарқалгани ва бу жазосиз қолаётгани ҳисоботда алоҳида таъкидланган, дейди Халқаро Амнистия вакили.

Игорь Воронцов чет давлатлар Тошкент ҳукуматига босимни давом эттирмас экан¸ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятининг яхшиланиши эҳтимолдан йироқ эканини айтди.

- Тажрибамиздан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, ташқаридан босим кўрсатилмас экан Ўзбекистон ҳукумати жамиятни демократиялаштирмайди, дейди Ҳюман Райтс Уотч вакили Игорь Воронцов.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳисоботининг Ўзбекистонга оид қисми охирида Британия ҳукумати расмий Тошкент билан¸ айни пайтда Ўзбекистондаги нодавлат ташкилотлари, диний гуруҳлар ва бошқа фаоллар билан алоқаларни давом эттириши, шунингдек инсон ҳуқуқлари масаласи Британия ва Ўзбекистон муносабатларини белгиловчи муҳим омиллардан бири бўлиб қолиши билдирилган.
XS
SM
MD
LG