Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:39

Тожикистонда минтақа келажаги муҳокама қилинди


Иқтисодий ва энергетик бўҳрон гирдобида қолган Тожикистон халқаро ҳамжамиятдан ёрдам кутаётир.
Иқтисодий ва энергетик бўҳрон гирдобида қолган Тожикистон халқаро ҳамжамиятдан ёрдам кутаётир.

Душанбеда “Глобал иқтисодий бўҳрон даврида Марказий Осиё давлатлари хавфсизлигини таъминлаш” мавзусида ўтган халқаро конфренцияда қўшни давлат элчилари минтақага хавф солаётган таҳдидларни бартараф этиш йўлларини муҳокама қилдилар.

27 март куни ўтказилган халқаро анжуманда минтақа давлатларининг Тожикистондаги элчилари қатнашди.

Аммо Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси бу тадбирга келмади. Унинг ўрнига маъруза қилиш ваколатига эга бўлмаган вакил иштирок этди.

Халқаро тадбирда глобал иқтисодий бўҳрон таъсирида қолаётган Марказий Осиё давлатларининг келгуси тақдири, иқтисодий, ижтимоий ҳамда сиёсий вазияти ва бу вазиятнинг минтақа давлатлари хавфсизлигига таъсири ҳар томонлама таҳлил қилинди.

Тадбирда сўз олган Россия элчихонаси вакили Вячеслав Светличний глобал иқтисодий бўҳрон таъсирида қолаётган минтақа давлатларидаги вазиятга назар ташлади.

-Минтақадаги иқтисодёти бақувват давлатлардан саналмиш Қозоғистонда ички ялпи маҳсулотнинг кескин ошгани кузатилди. Бу асосан мамалакат ташқарига экспорт қилинадиган нефт ва метал нархининг арзонлагани билан боғлиқ.

Глобал иқтисодий бўҳрон Тожикистонга ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. Бу мамлакатда инфиляция 20 фоизга ошди. Давлат қарзи кўпайди, - деди россиялик дипломат.

Ундаги маълумотларга кўра, Россия ҳисобидан рўзғор тебратиб юрган тожикистонлик, ўзбекистонлик ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари ватанига юбораётган пуллар ўрта ҳисобда 40 фоизга камайган.

Эрон Ислом Жумҳуриятининг Тожикистондаги элчиси Алиасғар Шердўст “Ғарб юритаётган нотўғри сиёсат натижасида пайдо бўлиб, энди дунё бўйлаб ёйинланган инқироз минтақа давлатлари хавфсизлиги учун жиддий ташвиш уйғотади”, деб ҳисоблайди.

- Инқироз минтақада халқаро террорчилик, диний экстремистлик, мазҳабий ва ирқий низолар, наркотиклар ноқонуний савдосининг ўсишига туртки бўлиши шубҳасиз.

Шуни назарга олган ҳолда, минтақа мамлакатлар халқаро хавфсизлик ташкилотлари билан яхши ўрганилган ва таҳлил қилинган механизм асосида ҳамкорликни йўлга қўйишлари тақозо қилинади.

Албатта, минтақадаги барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга Эрон ҳам ўз ҳиссасини қўшади,- деди Алиасғари Шердўст.
Аммо у инқироз баҳона айрим қудратли давлатлар минтақа мамлакатларидан ўз геосиёсий манфаатлари йўлида фойдаланиши эҳтимолдан йироқ эмаслигини таъкидлади.

Тожикистон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар маркази директори ўринбосари Сайфулло Сафаров Эрон элчиси фикрларига қисман қўшилишини билдирди.

Айни пайтда стратегик тадқиқотлар маркази расмийси инқироз Тожикистон иқтисодиётига жиддий таъсир кўрстаётганини яширмади.

-Инқироз қўшнимиз Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия ва Эрон каби давлатларга ўз таъсирини кўрсатаётган экан, сўзсиз Тожикистонга ҳам таъсир ўтказмай қолмайди.

Жаҳон бозорида алюминий ва пахта нархининг тушиб кетиши туфайли инқироз биринчи галда давлат бюджетига сезиларли таъсир кўрсатди.

Пул етишмаслиги сабабли бир қатор стратегик лойиҳаларимиз амалга ошмай қолмоқда, - деди Сайфулло Сафаров.

"Инқироз таъсирини камайтириш учун Тожикистон йирик давлатлардан қайсинисининг ёрдамини кутаётир?” , деган саволимизга жавоб берар экан:

-Ҳозир ҳамма ерда ҳам аҳвол бир хилда. Йирик давлатлардаги муаммо биздагидан чигалроқ. Шунинг учун бизни бирор давлат инқироздан қутқаради, деган умид билан яшамаслигимиз керак. Бизнинг ўз режаларимиз, сиёсатимиз бор,- деди Сайфулло Сафаров.
XS
SM
MD
LG