Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:00

Ҳаагада Афғонистон тақдири муҳокама қилинди


АҚШ маъмурияти ташаббуси билан ўтказилган Ҳаага анжуманининг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги халқаро уринишларга янги куч бериши кутилмоқда.
АҚШ маъмурияти ташаббуси билан ўтказилган Ҳаага анжуманининг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги халқаро уринишларга янги куч бериши кутилмоқда.

Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга бағишланган бир кунлик анжуман бўлиб ўтди. 90 давлат юқори даражали дипломатлари йиғинида АҚШ таклифига мувофиқ Эрон расмийлари ҳам қатнашди.

Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига хайрихоҳ бўлган 90 дан ошиқ давлат Ташқи ишлар вазирлари жангариликка қарши кураш¸ порахўрликни жиловлаш ва демократияни кучайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ҳаага анжумани қатнашчилари шунингдек¸ Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш учун минтавий ëндашув¸ хусусан Эрон ва Покистон билан бу борадаги ҳамкорликни кучайтириш заруратига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.

Айни шу мақсадда¸ БМТ ҳомийлигида уюштирилган Ҳаага анжуманига АҚШ маъмурияти ташаббуси билан Эрон ҳукумати ҳам таклиф қилинди ва конференцияда Эрон Ташқи ишлар вазири Меҳди Охунзода бошчилигидаги расмий делегация иштирок этди.

Аввалгиларидан фарқли¸ Ҳаага анжумани давомида донор давлатлардан Афғонистондаги қайта қуриш ва барқарорлик учун катта миқдорда ëрдам пуллари ажратиш сўралгани йўқ.

Бунинг ўрнига 90 дан ошиқ давлат расмийлари Афғонистонда тинчлик ўрнатиш халқаро уринишларини қайта жонлантириш мақсадида кенг кўламли стратегияни муҳокама қилдилар.

Бу анжуман фақат Ал-Қоида ва толибон жангариларини мағлуб этишнигина эмас¸ балки Афғонистон давлат идораларидаги коррупция муаммоси¸ шунингдек афғон ҳукумати бошқарувини яхшилаш йўл-йўриқларига ҳам жиддий эътибор қаратди.

Ҳаага конференцияси шу мақсадда Россия¸ Хитой¸ Покистон¸ Эрон ва АҚШ дипломатлари баробарида БМТ¸НАТО¸ Европа Иттифоқи¸ Осиë тараққиëт банки¸ Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси каби йирик ташкилот раҳбарларини ҳам бир жойга тўплади.

Анжуман арафасида АҚШ президенти Барак Обама Афғонистон ва Покистонга бериладиган иқтисодий ëрдамни ошириш¸ Ал-Қоида жангариларини йўқ қилиш амалиëтларини кучайтиришни кўзда тутувчи ўз янги стратегиясини эълон қилди.

Ҳаага анжумани очилишига нутқ сўзлаган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай¸ халқаро ҳамжамиятни бу стратегияни қўллашга чақирди.

- Барак Обама етакчилигидаги АҚШ янги маъмурияти Афғонистонда терроризмга қарши кураш уринишларини янада кучайтирганидан бениҳоя мамнунмиз ва АҚШнинг биз дуч келаётган муаммоларга қарши курашга қайтадан етакчилик қилишига умид қилиб қоламиз. Ишончим комил, президент Барак Обама саъй-ҳаракатлари билан Европа ва минтақадаги ҳамкорларимиз ҳам анча жонланадилар, деди Ҳамид Карзай.

Покистон Ташқи ишлар вазири Махдум Шоҳ Қурайший ҳам¸ Обаманинг мусулмон дунëсига нисбатан ëндашуви Покистонда яхши қарши олинганини таъкидлай туриб¸ бу стратегияни диний экстремизмга қарши курашнинг муносиб йўли дея баҳолади.

- Сиëсат меъморлари орасида Афғонистон муаммосини куч билан ҳал этишга ортиқча аҳамият берилишининг самарасиз экани борасидаги якдиллик кучайиб бормоқда. Ҳозирда халқаро ҳамжамият вазиятни тафтиш қилиш ва уни синчковлик билан қайта баҳолаш учун танаффус олди.

Бу борадаги йўналишни тўғри ўзанга солиш жараëнига АҚШ янги маъмурияти етакчилик қилмоқда. Президент Обама жаҳон бўйлаб умид ва ўзгариш тимсоли сифатида кўрилмоқда. Унинг мусулмон дунëси билан ўзаро ҳурмат ва манфаатли асосда муносабат қилиш ғояси Покистонда олқиш билан қарши олинди. Бу барчамиз учун некбин бир даврнинг бошланишидир¸ деди Покистон диломатлари раҳбари Ҳаага анжуманида.

Обаманинг 27 март куни эълон қилинган янги афғон стратегияси Ҳаага анжуманининг аксарият қатнашчилари¸ хусусан Франция ва Нидерландия раҳбарлари томонидан ҳам олқишланди.

Конференция мезбони¸ Нидерландия Бош вазири Ян Петер Балканенде¸ мудофаа қудратини тараққиëт ва дипломатия кучи билан омухта қилувчи янги стратегияни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

- Бугун барчангизнинг бу ерда тўпланиб туришингиз афғон халқига янги умид ва ишонч муждаси йўлламоқда. Бу анжуман халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонда тинч¸ барқарор ва фаровон келажак кўриш режасида қатъий эканини намойиш қилмоқда¸ деди сешанба кунги халқаро анжуман мезбони Ян Петер Балканенде.

АҚШ янги маъмуриятининг Афғонистонда фақат қурол кучи билан тинчлик ўрнатиб бўлмаслигини эътироф қилганини олқишлаган Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Меҳди Охунзода¸ айни пайтда президент Обаманинг мамлакатга қўшимча ҳарбий куч юбориш режасини танқид қилди.

- Афғонистонда ҳозирги ҳукумат иш бошлаганидан бери Эрон раҳбарияти Афғонистон пойдевори мамлакат муаммоларини жойларда ҳал қилиш устига қурилганини айтиб келади. Мамлакатда хориж қўшинларининг мавжудлиги вазиятни яхши томонга ўзгартиргани йўқ ва бу қўшинлар сонини янада кўпайтириш ҳам самара бермайдиган кўринади. Ҳарбий сарфу харажатлар афғон полицияси ва армиясини кучайтиришга йўналтирилиши лозим ва жамиятни афғонлаштириш ҳукуматнинг мамлакатни қайта қуриш уринишларига бошчилик қилиши лозим¸ деди Ҳаага анжуманига келган Теҳрон расмийси.

Эрон ҳукуматининг бундай танқидларидан аввал эълон қилинган АҚШ янги стратегияси айнан Афғонистон полициясини кучайтиришни мақсад қилган.

Унга кўра¸ ҳозирда 4000 кишилик заиф тизим бўлиб турган афғон полицияси яқин келажакда 80 мингдан ошиқроқ хизматчини бирлаштирувчи қудратли кучга айланиши лозим.
XS
SM
MD
LG