Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:13

Грузин мухолифати синов даврига кирди


Мустақил мухбирларга кўра¸ 9 апрел куни Тбилисидаги парламент биноси олдида 40 мингдан 50 мингга қадар мухолифат тарафдори тинч намойишга тўпланди.
Мустақил мухбирларга кўра¸ 9 апрел куни Тбилисидаги парламент биноси олдида 40 мингдан 50 мингга қадар мухолифат тарафдори тинч намойишга тўпланди.

Пайшанба куни Грузия мухолифати президент Саакашвилини истеъфога чиқариш талаби билан мамлакатнинг каттаю кичик шаҳарларида норозилик намойишлари ўтказишга киришди.

Тугаш муддати очиқ қолдирилган норозилик намойиши ташкилотчилари¸ тадбирлар Михаил Саакашвили президентликка истеъфо бериб¸ мамлакатда муддатидан ваввал сайлов эълон қилинмагунича давом этажагини айтмоқдалар.

Пойтахт Тбилисидаги намойишнинг маҳаллий вақт билан соат 14 да бошланиши белгиланган бўлса-да¸ воқеа жойидан олинган хабарларга кўра¸ мухолифат тарафдорлари шаҳар марказига эрталабданоқ йиғила бошлаганлар.

Айни пайтда¸ тўлиқ жанговор ҳозирлик ҳолатида бўлган юзлаб махсус полиция кучлари ҳам¸Тбилиси маркази¸ хусусан парламент биноси олдида чоршанбадан пайшанбага ўтар кечасиëқ ҳозир бўлганлар.

Пойтахтдан ташқари мухолифат Кутаиси ва Батуми каби бошқа йирик шаҳарларда ҳам кўп минглик кишилик норозилик намойиши ўтказишни режалаштирган.

Пайшанба кунги намойишлар¸ совет қўшинлари Грузия мустақиллигини талаб қилиб чиққан тинч намойишчиларнинг ўққа тутулишига 20 йил тўладиган кунга махсус белгиланди.

1989 йилнинг 9 апрел куни Тбилисидаги намойиш бостирилиши оқибатида 21 одам¸ жумладан 17 аëл ўлдирилган эди.

Совет қўшинлари қонга бостирган намойиш жойини зиëрат қилган президент Саакашвили¸ грузинларни бирдамликка чақирди.

- Биз демократик давлатда яшаймиз ва одамлар турлича фикрга эга. Аммо бир нарса мутлақ аниқ – фикр ва ëндашувларимиздаги тавофутга қарамай¸ ватанимиз ягонадир.

Ана шу ватан учун биз бирлашишимиз лозим. Ана шу ватан учун биз тўхтовсиз хизмат қилмоғимиз зарур. Биз ўз курашимиз¸ озодлик учун курашимизни охирига еткизишимиз керак. Биз мамлакатимизни тўлиғига эркинликка олиб чиқиб¸ уни замонавий¸ демократик¸ Европа давлатига айлантиришимиз даркор¸ деди президент Саакашвили 9 апрел куни.

Грузия ҳукуматининг Жанубий Осетияга қўшин юбориши ортидан Россия билан юзага чиққан урушдан бери¸ Саакашвилидан истеъфога чиқишни талаб қилувчи чақириқлар кун сайин кўпайиб ва кучайиб бормоқда.

Бундай даъватни ўртага қўйган ўнлаб мухолифат етакчилари ўз тарафдорларини 9 апрелдан бошлаб¸ яна кўчаларга – ўз норозиликларини тинч йўл билан ифодалашга чақирдилар.


Улар орасида Грузия учун иттифоқ деб номланган мухолифат гуруҳи етакчиси Ираклий Аласания ҳам бор.

Ўтган декабр ойида Грузиянинг БМТ даги элчиси лавозимига истеъфо берган Аласания¸ ҳозирда Саакашвилининг оташин мухолифларидан бирига айланган.

- Биз “Атиргул инқилоби” йўлидан оғиб кетдик. Бугун биз ҳукумат¸ президент ва халқаро ҳамжамиятга Грузия жамоатчилиги орасида ҳозирги ҳукуматга нисбатан жуда кучли ишончсизлик борлигини намойиш қилмоқчимиз.

Биз талаб қилаëтган ўзгаришлар мутлақ қонунийдир¸ зотан ҳукуматнинг кейинги бир ярим йил ичидаги сиëсати мамлакатимизни улкан сиëсий бўҳрон томон етакламоқда¸ деди 8 апрел куни матбуот анжумани ўтказган мухолифат етакчиларидан бири Аласания.

9 апрел кунги намойишлар бошланмай турибоқ¸ мухолифатнинг билдиришича¸ ҳукумат кучлари норозилик ташкилотчиларини ҳибсга олишни бошлаган.

Демократик ҳаракат – Бирлашган Грузия партиясига кўра¸ пайшанба тонгда Тбилисидаги намойишларга қўшилиш арафасида гуруҳнинг жанубий Рустави шаҳридаги 60 фаоли бир кечанинг ўзида қўлга олинган.

Аммо Грузия Ички ишлар вазирлиги бундай хабарларни рад этмоқда.

Президент Саакашвилининг ишонган тоғларидан бири бўлган Ички ишлар вазири Вано Мерабишвили¸ ҳукуматда норозилик намойишларининг зўравонликка айланиши олдини олишдан бошқа ғараз мақсад йўқлигини билдирди.

- Бизнинг ягона мақсадимиз зўравонликларга йўл бермаслик. Шу боис биз ҳукумат биноларини мудофаа қилишга қарор қилдик. Биз фақат радикал мухолиф гуруҳларнинг қандайдир баҳоналар билан жиддий тўқнашувларни бошлашига имкон бермаслик учун муҳим ҳукумат биноларини қўриқлаймиз¸ холос¸ деди Ички ишлар вазири.

Мустақил кузатувчилар¸ оддий халқнинг мамлакатда ëмонлашиб бораëтган ижтимоий-иқтисодий вазиятдан тўлган сабр косасининг¸ норозилик намойишлари давомида¸ тўлиб-тошиши ва зўравонликка айланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқдалар.

Таҳлилчиларга кўра¸ 9 апрел куни бошланган намойишлар грузин мухолифатининг қанчалик бирлашгани¸ унинг етакчиларининг қанчалик етишгани¸ қолаверса мухолифатнинг мамлакат ичкариси ва ташқарисида қанчалик кучли таянчга эгалигини кўрсатувчи синов бўлади.
XS
SM
MD
LG