Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:08

Чегара пунктлари таъмирланди, лекин...


Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги ўтказиш пунктлари замонавийлаштирилганига қарамай, бу ерда чегарадан ўтаётган фуқаролар турли қийинчиликларни бошидан кечирмоқдалар.
Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги ўтказиш пунктлари замонавийлаштирилганига қарамай, бу ерда чегарадан ўтаётган фуқаролар турли қийинчиликларни бошидан кечирмоқдалар.

Ўзбек-қозоқ давлат чегарасидаги назорат пунктларини қайта таъмирдан ўтказиш ишларига икки давлат бюджетидан катта маблағ сарфланаётган бўлса-да, ушбу чегарадан ўтаётган одамлар ҳалигача эски муаммоларга дуч келаётганидан нолиб гапирмоқдалар.

Жанубий Қозоғистоннинг Сариоғоч туманидаги ўзбек-қозоқ давлат чегарасида жойлашган “Қоплонбек” чегара постида янги божхона маскани қайта таъмирдан ўтказилгач, қозоқ расмийлари бу ерда катта ўзгаришлар юз бергани, жумладан, кўркам бино, божхона ва чегара хизмати ходимлари учун шинам хоналар ҳамда намоз ўқиш учун алоҳида хона ажратилгани ҳақида кўп гапирган эдилар.

Расмийларга кўра, аввал “Қоплонбек” чегара постидаги божхона маскани талабга жавоб бермайдиган аҳволда бўлган. Энди эса ушбу чегара постидаги божхона маскани кунига минглаб одамларни халқаро талабларга жавоб бера оладиган равишда икки давлат чегарасидан ўтказишга қодир:

- Бундан аввал “Қоплонбек” чегара постида жойлашган божхона маскани одамларни расмийлаштириш имкони бўлмаган ўтиш пункти эди. Ҳозир эса бу ерда янги терминаллар ўрнатилган. Унда эса кириш ва чиқиш заллари мавжуд.

Оналар ва болалар учун хона ажратилди, ҳожатхоналар қурилди. Божхона декларацияси ва миграция қоғозларини тўлдириш учун жойлар ажратилди,- дейди Жанубий Қозоғистон вилояти чегара хизмати раҳбари ўринбосари Бўлат Байгараев.

Унинг айтишича, “Қоплонбек” чегара постида жойлашган янги божхона маскани кунига 6-7 минг кишини ўтказиш имконига эга.

Чегара постидан ўтаётган одамлар бу қулайликларни ҳис қилаётирларми?

Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат чегарасини ажратиб турган Келес дарёси устидаги кўприкда ва ундан 100 метрча ичкаридаги назорат биноси олдида навбат кутиб турган одамларга шу савол билан мурожаат қилдик.

- Бир неча соатдан бери навбат кутиб турибмиз, автобусга улгурамизми йўқми, номаълум,- дейди Ўзбекистондан Қозоғистонга қайтаётган қозоқ аёли.

- Ҳеч бўлмаса қарияларга битта бошқа жой қилиб қўйиши керак, ҳурматимиз бўлиши керак,- дейди Қозоғистондаги қариндошлариникига кетаётган 70 яшар ўзбек аёли.

- Одамларни соатлаб навбатда ушлаб туриш, чегарадан ўтаётганларни айланма йўллар орқали ўтказиб қўйувчилар фойдаси учун амалга оширилади.

Ҳозир, айланма йўллар орқали ўтказиб қўйувчилар учун мўмайгина даромад келтирадиган иш бошланади. Айланма йўл орқали ўтиш эса 2000 танга туради,- дейди Ўзбекистондан уйига қатаётган қозоғистонлик аёл.

Унинг айтишича, “Қоплонбек” чегара назорат пункти таъмирдан чиққан бўлса-да, унда мавжуд бўлган кўпгина камчиликлар, хусусан, айланма йўллар орқали тирикчилик қилаётган одамлар фойдаси учун навбатда турган икки давлат фуқароларини соатлаб чегарадан ўтказмай туриш ҳолатлари ҳанузгача сақланиб қолган.

Жанубий Қозоғистон вилояти чегара хизмати раҳбари ўринбосари Бўлат Байгараев эса, чегарачиларнинг одамларни айланма йўллар орқали бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга ўтказиб қўйувчи шахсларга алоқаси йўқлигини айтди:

- Мен бу фуқаролар ҳақида ҳеч нима деёлмайман. Чунки бу бизнинг ваколатимизга кирмайди. Биз бундай қонунбузарликларни кўриб чиқамиз. Аммо ҳозирча бундай фактлар мавжудлигидан хабаримиз йўқ,- деди Бўлат Байгараев.

“Қоплонбек” чегара назорат пункти расмийларига кўра, ушбу чегара назорат пунктида узун навбатларнинг пайдо бўлишига электр энергияси таъминотининг узиб қўйилиши ҳам сабаб бўлмоқда.

Расмийларнинг айтишларича, чироқ ўчиб қолган пайтда одамларни чегарадан ўтказиб бўлмайди. Чунки бундай вазиятда халқаро қидирувда бўлган шахслар чегарада юзага келган фавқулодда вазиятдан фойдаланган ҳолда, ноқонуний равишда икки давлат чегарасини бемалол кесиб ўтиш имконига эга бўладилар.
XS
SM
MD
LG