Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:29

Аҳад бобо бозорчига шогирд тушди


Тожикистонлик қарияларнинг аксарияти нафақа пулининг озлиги туфайли меҳнат қилишга мажбур бўлаётганларини айтадилар.
Тожикистонлик қарияларнинг аксарияти нафақа пулининг озлиги туфайли меҳнат қилишга мажбур бўлаётганларини айтадилар.

Тожикистонлик пенсионерлар давлат бераётган нафақа тирикчиликка етмаётгани сабабли қўшимча даромад топиш мақсадида меҳнат қилишга мажбур бўлаётирлар.

Тўқсон ёшга яқинлашиб қолган Аҳад ота Содиқов бир умр ҳайдовчи бўлиб ишлаганини ва 70 сомоний ( 18 доллар- таҳр.) нафақа олишини айтади.

- Рўзғорга етиши қийин. 70 сомоний ҳеч нарса бўлмайди. Бу ёғи солиқ, свет, сув пули бор, қурбимиз етмайди ҳаммасини тўлашга, -дейди Аҳад ота.

Қарилик гаштидан бебаҳра бу суҳбатдошимиз нафақаси рўзғор ямоғига етмаётганлиги учун Душанбе шаҳридаги бозорларнинг бирида уруғ сотадиган қўшнисининг ёнида ўтириб, савдо сирларини ўрганаётганини айтади:

- Мен ҳам шу касбни қилайину пулдор бўлай, деб бу кишига шогирд бўлиб турибман. Хайрият фарзандлар бор, бечоралар ўзидан орттириб бир кило, ярим кило гўшт олиб беради.

Мен Сталин даврида ҳам ишлаганман. Ўша вақтнинг пули билан 132 рубл маош олардим. Ўн халта ун олиш мумкин эди у пулга. Ҳозир шундай одамлар борки, “Тўртта ноннинг пулини қаердан топсам экан?” деган ўй билан уйқудан уйғонади. Ёки бирор киши тўй қилса, чақирилмаган бўлмаса ҳам ўша ёққа бориб қорнини тўйғазиб келади.

Ҳозир қийин бўлиб қолди, айниқса биз пенсионерларга. Бу ҳукумат нафақахўрларни писанд қилмайди,- дейди Аҳад ота.

Отахон ҳайдовчиликдан орттирган оёқ оғриғидан қийналаётганини, аммо даволаш учун ўзида имконият йўқлигидан нолийди.

- Даволанишга пул топмайман, ҳали қарилик гаштини суриш у ёқда турсин,- дея қўшимча қилади ота.

Ўтган асрнинг 50 йиллари бошида Комсомол йўлланмаси билан Россиядан Тожикистонга келган 70 ёшли Валя хола 40 йилдан ортиқ таълим соҳасида ишлаганини айтади.

1992 йил нафақага чиқарилган собиқ ўқитувчига бугун давлат 100 сомоний ( 25 доллар - таҳр.) нафақа белгилаган экан.

- Албатта, етишмайди, ойдан ойгача. Гўшт емаймиз. Чунки килоси 18-20 сомоний ( 4 -5 доллар - таҳр. ). Мана, ҳозир бозорга кириб бир дона пиёз, бир боғ укроп ва нон олдим тамом.

Агар пулим бўлганида эди, гўшт олиб шўрва қайнатган бўлардим, Афсуски ундай имконият йўқ, - дейди суҳбатдошимиз.

Бироқ шунга қарамай Валя хола ҳар кунги ризқи учун Яратганга шукр қилиб яшашини айтади:

- Бозорларни қаранг, нонга тўлган. Шунинг учун Худога шукр қиламан. Юрагим сиқилса шу бозорларни айланиб, кўнглимга таскин бераман. Хай, бугун ололмасак бир кун олармиз,- дейди нафақахўр аёл.

63 ёшли Акрамжон Юсуфжонов эса 135 сомоний (34 доллар - таҳр.) нафақа олишини ва бугун яхши яшаш учун ҳар бир нафақахўр меҳнат қилишга мажбур эканини айтади.

- Меҳнат қилмасангиз нимани ейсиз? Ҳозир берган пенсияни етказиш ҳақиқатдан қийин. 28 сотик еримиз бор. Шунинг ҳаммасига экин экамиз, оиламиз билан меҳнат қиламиз. Кампирим, бечора, 63 га кирган бўлса ҳам бекор ўтирмайди, у бу иш билан қимирлаб туради. Худога шукур яхши яшаяпмиз. Гўшт ҳам олиб турамиз, ҳафтада бўлмаса ҳам ойда бир марта, - дейди суҳбатдошимиз.

Отахон ҳозирги вазиятда давлатдан бирор бир ёрдам кутиш мантиқсизлик эканини айтади:

- Энди давлатдан нима умид қилиш мумкин? Унинг ўзида ҳам ҳеч нарса йўқ-да. Ҳамма ишхоналар хусусийлашиб кетган. Давлатга биров ёрдам бермаса, пул қўймаса, давлат қаердан топади пулни? Шунчалик бераётганига ҳам раҳмат. Нафақани кечиктирмай вақтида беради,- дейди Акрамжон ота.

Асли фарғоналик бўлган яна бир суҳбатдошимиз рўзғордан орттириб йиққан пуллари ҳисобига бир йилда бир марта киндик қони тўкилган Қува туманига бориб туришини айтади. У ўзбекистонлик пенсионерлар олаётган нафақани ўзининг нафақаси билан солиштиради.

- Ўзбекистондаги нафақага икки қоп ун берар экан. Шу томони яхши. Биздаги пенсияга бир қоп ун бўлади ё йўқ. Кейин қувалик нафақахўрлар ҳам меҳнат қилишади. Кўпинча олма, анор кўчатларини кўпайтириб сотишади. Кўп хонадонларда меҳмон бўлдим, ўтган йили. Улар биздан яхши яшашади,- дейди отахон.

Қайд этиб ўтиш жоизки, Тожикистонда энг кам нафақа 60 сомоний (тахминан 16 доллар - таҳр.), энг кўп нафақа эса 300 сомоний ( 76 доллар - таҳр)ни ташкил этади.

Мавзу юзасидан саволларимизга жавоб берган бошқа нафақахўрлар ҳам бу нафақа билан яшаш кундан - кунга қийин кечаётганидан шикоят қилишди. Шу важдан бўлса керак бир умр меҳнат қилганига қарамай, тожикистонлик қарияларнинг кўпчилиги пул топиш ташвиши билан кунини кеч қилишаётгани кузатилади.
XS
SM
MD
LG