Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:51

"Муаммони бўрттирмаслик лозим"


Ғарблик таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини амалий жиҳатдан Ал-Қоиданинг бир қаноти, деб атаса бўлади, аммо бу ҳаракат ҳозирда жуда кўп аъзолари ва мавқеини йўқотган.
Ғарблик таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини амалий жиҳатдан Ал-Қоиданинг бир қаноти, деб атаса бўлади, аммо бу ҳаракат ҳозирда жуда кўп аъзолари ва мавқеини йўқотган.

Тожик расмийлари Ўзбекистон Исломий Ҳаракати минтақа хавфсизлиги учун асосий таҳдид бўлиб қолаётганидан ташвиш билдираётган бир пайтда айрим таҳлилчилар мазкур ҳаракатдан келаётган хатар кўлами бироз шиширилгани айтмоқдалар.

Ўтган ҳафта Тожикистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳарбий машқлар ўтказилди.

Ўзбекистон иштирок этмаган машқлар якунига бағишланган матбуот анжуманида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг ўринбосари Абдулло Назаров минтақавий тузилмалар доирасида ўтказилаётган машқлар долзарблигини изоҳлар экан:

- Биз ҳибсга олган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг кўрсатмаларига кўра, Тоҳир Йўлдош тирик. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати учга бўлиниб кетган.

Улардан бири, Ал-Қоида билан яқин алоқаларда бўлган гуруҳга Яҳё лақабли шахс етакчилик қилади. Яна бирини Абдураҳмон дегани бошқаради. Учинчи гуруҳ эса бевосита Тоҳир Йўлдошев бошчилигида қолган, деди.

Генерал Назаров Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаоллашаётганидан ташвишланаётган ягона тожик расмийси эмас. Сешанба куни Тожикистон ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров ҳам кейинги пайтларда мамлакат ҳудудида бу гуруҳнинг кўплаб аъзолари ҳибсга олинганини баён қилди.

2001 йилда АҚШ етакчилигидаги коалиция Афғонистонда Толибон режимини ағдарганидан кейин Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Покистоннинг шимолий ҳудудларидан паноҳ топган. Ўшанда ЎИҲ катта йўқотишларни бошдан кечирган ва ҳарбий таҳлилчилар бу гуруҳ тарқоқ аҳволга келиб қолганини айтиб келади.

Ўтган йили Германия хавфсизлик идоралари мамлакат ҳудудида ЎИҲга алоқадор жангариларни ҳибсга олгани ёки Покистоннинг Вазиристонида ўзбек жангарилари билан маҳаллий қабилалар ўртасидаги тўқнашувларга оид воқеалар тўғрисидаги хабарлар ҳисобга олинмаганда, сўнгги 5-6 йил ичида бу гуруҳнинг фаолиятига оид шов-шувли хабарлар деярли эълон қилинмай келган.

ЎИҲ етакчиси Тоҳир Йўлдошнинг ўзи ҳам Интернетда эълон қилинган видеода ҳаракатга оид хабарлар халқаро матбуотда камайганини тан олган. Лекин бу видеода Тоҳир Йўлдош ЎИҲнинг тарқоқ ҳолатга келганига оид фикрларни рад қилади ва гуруҳ аъзолари ўз мақсадидан чекинмаганини таъкидлайди.

Тожикистон расмийларининг сўнгги баёнотлари ЎИҲнинг информацион ҳудудда фаоллашиб қолгани пайтига тўғри келаётган бўлса-да, таҳлилчилар Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида фаолият олиб бораётган юзлаб жангари гуруҳлардан бири бўлган ЎИҲ муаммосини бўрттирмаслик лозим, демоқда.

Берлиндаги хавфсизлик масалалари бўйича Жорж Маршалл марказининг шарҳловчиси профессор Ник Пратт ана шу фикрни илгари сураётганлардан бири.

- Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини амалий жиҳатдан Ал-Қоиданинг бир қаноти, деб атаса бўлади. У жуда кўп аъзолари ва мавқеини йўқотган. Унинг кейинги йиллардаги фаолияти ҳам кўп жиҳатдан муваффақиятсиз бўлиб келмоқда.

Албатта, бу ЎИҲ муаммоси ҳал бўлди, дегани эмас. Бу гуруҳнинг Ал-Қоида билан муштарак мақсадлари бор ҳамда тайёргарлик ва моддий кўмак масаласида Ал-Қоида ЎИҲни қўллаб-қувватлайди. Ана шу маънода муаммо ҳал бўлганича йўқ.

Лекин бу муаммони бўрттирмаслигимиз лозим. Халқаро ҳамжамият олдида турган салафий-жиҳодий ҳаракат ичидаги бу гуруҳларнинг энг каттаси Ал-Қоидадир. Лекин Ал-Қоиданинг мақсадларини қўллаб-қувватловчи юздан ортиқ ташкилот бор, ЎИҲ эса улардан бири, холос¸ дейди Жорж Маршалл марказининг шарҳловчиси профессор Ник Пратт.

Тожикистон хавфсизлик идораларининг хавотирлари хусусида тўхталаркан, профессор Ник Пратт бунинг махсус хизматлар ўз ихтиёридаги маълумотлардан келиб чиқиб қиладиган одатий баёнот эканини ва ундан фавқулодда маъно ахтаришнинг ҳожати йўқлигини айтади.

- Балки Тожикистон разведка хизмати қандайдир маълумотларни қўлга киритгандир. Минтақадаги вазиятни таҳлил қилиш уларнинг иши.

Айтайлик, Туркманистонда газ қувурида портлаш рўй берди ёки ҳарбий операциялар давом этаётган Афғонистоннинг бевосита Тожикистонга туташ минтақаларида Ал-Қоида, ЎИҲ, Толибон ва бошқа жанггарилар муаммосига оид вазият тожик махсус хизматларини ташвишлантириши табиийдир, дейди Ник Пратт.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгаур ҳам Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг 2000 йилларгача бўлган салоҳиятини тиклаб олиши қийин бўлишини қайд этади.

Тожикистон мулозимларининг баёнотлари эса, таҳлилчига кўра, Афғонистондаги вазият Ғарб давлатлари учун устувор масалага айланиб бораётгани шароитида муаммони ҳал этишда Тожикистон ҳам муҳим рол ўйнаши мумкинлигини эслатиб қўйиш мақсадида қилинган бўлиши мумкин.

- Афғонистон ҳозир халқаро исломий жангариларнинг фаолият майдонига айланиб бормоқда. Исломий жангарилардан келаётган таҳдид ва унга оид баёнотлар ғарбдан ёрдам олишнинг энг осон усулига айланиб қолди.

Афғонистон АҚШ учун устувор масалага айлангани маълум. Бунда Ўзбекистон билан Тожикистон НАТО ва АҚШ учун фронтолди мамлакатлар ролини ўйнаши мумкин.

Бундай баёнотлар ғарб давлатларига биз сиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, деган мужда вазифасини бажаради, дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи.

"Бундан ташқари, - деб хулоса қилади Павел Фельгенгауэр, - Душанбе билан Тошкент ўртасидаги таранг муносабатлар инобатга олинса¸ Ўзбекистоннинг Тожикистонда ўтказилган сўнгги ҳарбий машқларда қатнашмагани ҳам бу баëнотларга сабаб бўлган бўлиши мумкин. Яъни тожик мулозими Ўзбекистон исломий ҳаракати минтақага таҳдид қилиб турганда¸ Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти машқларида қатнашмаëтганини яна бир бор рўкач қилмоқчи бўлган".
XS
SM
MD
LG