Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:07

Табиий офат Панжакентни марказдан узиб қўйди


Тожикистоннинг Сўғд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотларига кўра, минтақанинг қатор туманларида табиий офат халқ хўжалигига жиддий зарар етказди.

Маълум бўлишича, Панжакент туманида 19 ва 20 апрель кунлари кўтарилган кучли довул ва ёққан қалин қор оқибатида қатор бинолар шикастланган, экинзорларни совуқ урган.

- Қалин ёққан қор оқибатида тумандаги Моғиён, Саразм, Чорбоғ қишлоқлари экинзорларини совуқ урди. 20 апрель куни эсган кучли довул эса турар-жойлар, мактаб ва маиший биноларга зарар етказди, деди Панжакент туман ҳукумати агросаноат бўлимининг етакчи мутахассиси Файзулло Муҳаммадиев.

Тумандаги Сўғдиён поселкасида жойлашган 25-ўрта мактаб директори Ислом Шоевга кўра, довул мактаб томини ўпириб кетган, деразаларни синдирган.

- Дарс пайти эди. Худога шукр, болалар қутқариб қолинди, фожеа юз бермади. Ҳозирда айрим синфхоналари зудлик билан таъмирланиб, дарслар ўтказилаяпти, деди мактаб директори.

Туман фавқулодда вазиятлар бўлимининг дастлабки маълумотларига кўра, минтақада 40 дан ортиқ мактаб ва 60 дан зиёд турар-жойга шикаст етган.

Юзлаб гектар ердаги картошка ва бошқа экинлар, мевали дарахтларни совуқ урган. Республика ва вилоят маркази билан боғловчи ўнлаб километрга қор кўчкиси тушган ва транспорт қатнови тўхтаган.

Панжакент туманининг Чорбоғ қишлоғида истиқомат қилувчи Раҳимберди Бердиев тумандаги Косатарош, Сўжина, Саразм, Хурми қишлоқларига ҳам табиий офатдан катта зиён етганини айтади.

- Тумандаги деярли барча қишлоқлар довулдан зарар кўрди. Шамол 50-100 йиллик дарахтларни томири билан кўчириб ташлаган.

Биргина Чорбоғ қишлоғининг ўзида 80 гектардан ортиқ ўрик ва олма дарахтлари, 200 гектарга яқин гуллаб турган картошкани совуқ уриб кетди. Ҳаммаси қор тагида қолган. Қорамол ва қўй қўзилар фермалари бузилган, дейди Раҳимберди Бердиев.

Туман ҳукумати қошида табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун махсус гуруҳ ташкил этилган. Зарар кўрганларга моддий ёрдам берилмоқда.
XS
SM
MD
LG