Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:04

Сўғдда йирик корхоналар иши тўхтади


Сўнгги пайтларда “Востокредмет” давлат корхонасида иш кунлари қисқартирилган - бу корхонада ишчилар аввалгидек ҳафтасига беш кун эмас, балки уч кун ишламоқдалар.
Сўнгги пайтларда “Востокредмет” давлат корхонасида иш кунлари қисқартирилган - бу корхонада ишчилар аввалгидек ҳафтасига беш кун эмас, балки уч кун ишламоқдалар.

Сўғд вилоятидаги Зарафшон, Конимансур ва Чоруҳдарон тоғ-кон комбинатлари каби йирик корхоналар ишининг тўхташи глобал молиявий бўҳроннинг тожик саноатига салбий таъсири ўлароқ баҳоланмоқда.

Сўғд вилоятидаги саноат корхоналари вакилларининг айтишларича, глобал инқироз Тожикистон иқтисодиётига салбий таъсирини кўрсата бошлаган. Вилоятдаги саноат корхоналарида иқтисодий ўсиш суръати пасайиб бормоқда.

Сўғддаги Конимансур тоғ-кон комбинатининг 45 фоиз акциясини Қозоғистоннинг “Казцинк” ҳиссадорлик жамияти сотиб олган. Мазкур жамият раиси Нурлан Алимбетовга кўра, корхона ишлаб чиқараётган қўрғошин ва кумуш нархи икки фоизга тушиб кетган.

- 2008 йил бошларида кумуш нархи ўн етти ярим доллар эди. Бугун унинг нархи тўққизу ўндан уч долларни ташкил этмоқда. Биз олган сўнгги маълумотлар ҳам қувонарли эмас. Нархлар пасайиб бораверади. Умидимиз Жаҳондаги етакчи сармоядорлардан эди. Афсуски, улар бу йўналишда зарур чора-тадбирларни кўришмади. Шу боис ҳам корхона фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлдик, дейди Нурлан Алимбеков.

Вилоятда жойлашган яна бир корхона – “Заря востока” нодир металлар комбинатида ҳам худди шундай аҳвол вужудга келган. Комбинат аввалига маҳсулот ишлаб чиқаришни 40 фоизга камайтиришга, кейинчалик эса ишини умуман тўхтатишга мажбур бўлган.

Сўғддаги энг йирик атом заводи - “Востокредмет” давлат корхонаси бош директор ўринбосари Шавкат Бобожоновнинг фикрича эса ҳудуддаги саноат корхоналари ишидаги оқсашларни глобал инқирозга боғлаш тўғри эмас.

- Ҳозирги инқироз вилоят иқтисодиётида бевосита акс этаяпти, дейиш ўринсиз. Конимансур ва Чоруҳдарон комбинатлари ҳам шулар жумласидан. Зеро, бу корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот денгиздан бир томчи, холос.

Мазкур корхоналарда ишлаб чиқариш суръати пасайганлиги ёки умуман тўхтаб қолганлигини фақат бир нарса билан изоҳлаш мумкин - бу хом ашё етишмовчилиги, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлари эса жаҳон бозори талабларига жавоб бермаслиги билан боғлиқ, дейди Шавкат Бобожонов.

Айни пайтда Сўғд вилояти раиси Қоҳир Расулзода глобал инқироз вилоят иқтисодиётига бошқа томондан салбий таъсир қилганини қайд этади.

- Яширишнинг ҳожати йўқ. Вилоят бюджетининг асосий қисми Россияда меҳнат қилаётган ватандошларимиз жўнатаётган маблағ туфайли шаклланарди. Жорий йилнинг тўрт ойи давомида мардикорлар 30 миллион доллар маблағ юборишди. 2008 йилда эса бу кўрсаткич қарийб 90 миллион долларни ташкил этган эди.

Эндиликда мана шу етишмовчилик ўрнини қоплаш йўлини излаяпмиз. Бу, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпроқ етиштиришга қаратилган дастурдир. Мазкур дастур асосида инқироз сабаб Россиядан қайтиб келаётган мардикорларни қишлоқ хўжалиги соҳасига жалб қилиш кўзда тутилган, дейди вилоят раиси.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йил тўрт ойи давомида вилоятдаги 40 та йирик саноат корхонасидан 38 таси иши тўхтаган. Кичик корхоналар эса қиш даврида электр энергияси тақчиллиги туфайли ишини тўхтатганидан буён ўз фаолиятини бошламаган.
XS
SM
MD
LG