Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:37

АҚШ Лотин Америкаси давлатлари билан тил топишмоқчи


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Эрон ва Хитойнинг Лотин Америкасига таъсири кучайиши тенденциясига минтақа лидерлари қарши туришига эришиш учун Қўшма Штатлари ҳаракат қилиши кераклигини айтди.

Ҳиллари Клинтон 1 май куни АҚШ Давлат департаментида қилган чиқишида Хитойнинг Лотин Америкасида эришган ютуқларини “хавотирли” деб атади.

- Эрон ва Хитойнинг айниқса Лотин Америкасида эришган ютуқларига назар ташланса, бу анча хавотирли экани кўринади. Улар минтақа лидерлари билан жуда мустаҳкам иқтисодий ва сиёсий алоқалар ўрнатмоқда. Бу бизнинг манфаатга хизмат қилади, деб ўйлaмайман, деди АҚШ Давлат котиби.

Ҳиллари Клинтоннинг бу баёноти Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг 6 май куни Бразилияга ташрифи бошланиши арафасида янгради.

Эрон ва Бразилия раҳбарлари мулоқоти чоғида савдо-иқтисодий масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда. Лотин Америкасига сафари доирасида Маҳмуд Аҳмадийнажод Венесуэлага ҳам боришни режалаган.

Дунёда юзага келган янги сиёсий вазиятни “кўп қутбли” деб атаган Клинтон Қўшма Штатлар Россия, Хитой ва Эрон каби давлатлар билан рақобатлашаётганини айтди.

- Мен ўз манфаатларимиз учун Россия, Хитой ва эронликлар билан рақобатлашаётганимиз ҳозирги дунёда, кўп қутбли ҳозирги дунёда бизнинг ярим шарда жойлашган давлатларга орқа ўгиришимиз ўз манфаатларимизга хизмат қилади, деб ўйламайман. Шу боис биз улар билан мулоқотнинг бошқа йўлларини излашимиз керак, деди АҚШ Давлат котиби.

Ҳиллари Клинтон Вашингтон расмийлари Венесуэла президенти Уго Чавес, Никарагуа раҳбари Даниел Нориега, Эквадор президенти Рафаэл Коррера ва Боливия президенти Эво Моралес билан ўзаро тил топишиш йўлларини излаётганини айтди.

- Агар дунёга назар ташласак, қатор давлатлар ва раҳбарлар, улардан бири Уго Чавес ва у ёлғиз эмас, саккиз йил давомида АҚШга нисбатан салбий ва борган сари қарши бўлиб келди.

Менинг фикримча, аввалги маъмурият уларни изоляция қилишга уринди, уларга мухолиф бўлганларни қўллаб-қувватлашга уринди, уларни халқаро миқёсда таъқиб қилинаётганларга айлантиришга уринди. Бундан ҳеч қандай натижа чиқмади, деди Давлат котиби.

АҚШ ва Венесуэла ўтган йил бир-бирининг элчисини мамлакатдан чиқариб юборган эди. Ҳиллари Клинтон икки давлат ўз дипломатларини лавозимига қайтариш йўлларини излаётганини айтди.

Айни пайтда Давлат котиби АҚШнинг Кубага нисбатан сиёсатини минтақанинг ҳеч бир давлати қўллаб-қувватламаётганини айтди.

- Куба масаласида АҚШ деярли бирлашган фронтга дуч келмоқда. Ҳар бир давлат, ҳатто энг яқин алоқа ўрнатганимиз давлат ҳам: “Сиз ўзгаришингиз керак, бу ортиқ давом этмаслиги керак”, демоқда.

Биз сиёсий маҳбуслар, инсон ҳуқуқлари ва бошқа масалаларда Кастролар томонидан ижобий ўзгаришлар бўлишини кўришни хоҳлаймиз, деди Давлат котиби Ҳиллари Клинтон.

АҚШ президенти Барак Обама сўнгги йилларда Лотин Америкаси билан тобора совуқлашиб борган муносабатларни яхшилашни хоҳлашини айтган. Айни пайтда Обама Кубага нисбатан жорий қилинган айрим чекловларни бекор қилган.
XS
SM
MD
LG