Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:30

Момоларнинг сўзанаси сотиб - ейилди


Миллий музейларни безайдиган бу каби анъанавий санъат намуналари¸ Марказий Осиëда кучайиб бораëтган қашшоқлик оқибатида хорижий олиб сотарлар учун арзон ўлжага айланиб бўлган.
Миллий музейларни безайдиган бу каби анъанавий санъат намуналари¸ Марказий Осиëда кучайиб бораëтган қашшоқлик оқибатида хорижий олиб сотарлар учун арзон ўлжага айланиб бўлган.

Иқтисодий бўҳрон домига ташлаб қўйилган тожикистонликлар ҳам қора қозонни қайнатиш илинжида ота-боболаридан қолган қадимий буюмларни чет элликларга сотиб юборишга мажбур бўлмоқдалар.

Ўтган ҳафта тожикистонлик ўзбеклар маданиятига дохил ашёларни контрабанда йўли билан Афғонистонга олиб ўтмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди.

Хатлондаги Ҳулбук музейи директори Абдулло Хўжазодага кўра, айни пайтда контрабандачилардан мусодара қилинган каштадўзлик намуналари шу музейга топширилган.

- Қуйи Панж орқали Афғонистонга, ундан сўнг Покистонга олиб кетилиши кўзланган тахминан 60 турдаги қадимий ашёлар Хатлон ҳудудидаги ўзбеклар маданиятига тегишли қўл ҳунари намуналаридир.

Божхона ходимлари томонидан мусодара қилинган бу ашёлар бизнинг ҳудудимизга тегишли бўлгани учун Маданият вазирлиги қарори билан Ҳулбук музейига топширилди, деди Абдулло Хўжазода.

Афғонистонга олиб ўтилиши режалаштирилган мазкур ашёларнинг бебаҳолилиги уларнинг ҳунарманд ўзбек аёллари томонидан бундан ярим аср аввал яратилганидадир.

Хўжазоданинг таъкидлашича, ҳозирда бундай санъат намуналари кам учрайди, чунки ипакларга ранг бериш санъатида катта фарқ бор.

Ҳулбук музейи директорига кўра, Тожикистон президенти буйруғи билан тожиклар ва тожикистонликлар маданиятига тегишли бўлган тарихий ашёларнинг ташқарига олиб кетилишининг олдини олиш учун чора-тадбирлар кучайтирилган.

Oддий тожикистонликлар расмийларнинг бу борадаги таъқиқига қарамай, молиявий зарурат туфайли ўзларига тегишли тарихий буюмларни хорижликларга сотиб юборишга мажбур бўлмоқдалар.

31 ёшли Қундузой исмли суҳбатдошимиз Тожикистондаги фуқаролик уруши чоғида ночорлик важидан момосидан мерос қолган ва 63 йиллик тарихга эга бўлган сўзанани хорижликларга сотиб юборганини айтади.

- Неча йиллардан буён сандиқларимизда сақланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келган ашёларимизни сотишга мажбур бўлдик. Масалан, қайнонам ҳам боласи кўплиги учун момоси, қайнонасидан қолган шундай нодир матоҳларни афғонларга арзонга сотиб юборди, чунки у киши қизини турмушга беришлари керак эди.

Мана энди ҳозир иқтисодий кризис шароитида ҳам ҳукуматдан бирор молиявий ёрдам бўлмаяпти. Россияда ҳам иш йўқ. Нима қиламиз - сандиқда бор нарсани сотиб еймизда, дейди Қундузой.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, тожикистонлик ўзбекларнинг лақай уруғига мансуб қиз ва жувонлар қўли билан тикилган ашёлар хорижликлар томонидан жуда қадрланар экан.

Қундузойга кўра, биргина сандиқни безайдиган мапрамаж 500 доллардан 700 долларгача сотилади.

Айни пайтда Тожикистон ҳукумати аҳолидан қадимий буюмларни сотиб олиш тараддудида бўлмаса ҳам, совет замонида мамлакат ҳудудидан топилган, аммо Россия музейларига бериб юборилган тарихий ашёларни қайтариш учун қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда экан.

- Ҳулбук шоҳлари қасридан ўтган асрнинг 70-йиллари топилган расмлар ва тангалар совет замонида Санкт-Петербургнинг Эрмитажига бериб юборилган эди.

Жуда қадимий тарихга эга бўлган ва бебаҳо бу тарихий топилмаларни Тожикистонга қайтариш учун Санкт-Петербург расмийлари билан узоқ йиллар давом этган музокараларимиз ижобий якунланди.

Шу яқин кунларда бу тарихий ёдгорликларни қайтариб оламиз, дейди Тожикистон Маданият вазирлиги масъули Шерали Хўжаев.

Расмийга кўра, Тожикистонга тегишли тарихий ашёлар Россия, Буюк Британия каби бир қатор мамлакатларда ҳам мавжуд бўлиб, уларни ортга қайтариш учун ҳозирда музокаралар давом этаётир.
XS
SM
MD
LG