Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:44

Толибонга қарши кураш Оқ уй марказида


Президент Обама Афғонистон ва Покистондан бошпана топган террорчилар таҳдидини йўқ қилишни ўз устивор мақсади қилиб белгилаган.
Президент Обама Афғонистон ва Покистондан бошпана топган террорчилар таҳдидини йўқ қилишни ўз устивор мақсади қилиб белгилаган.

Президент Обаманинг Афғонистон ва Покистон президентлари билан ҳам яккама-якка¸ ҳам биргаликдаги учрашуви марказига толибон ва Ал-Қоидани мағлуб қилиш стратегияси муҳокамаси қўйилган.

Сайловолди кампаниясидан бошлаб Барак Обама Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш¸ Афғонистон-Покистон чегараолди минтақаларининг террорчилар учун бошпана бўлиб қолишига барҳам бериш президент сифатида ўз устивор мақсади бўлажаги ҳақда кўп гапирган эди.

Чоршанба кунги Обама-Карзай-Зардорий учрашуви бу баëнотнинг амалий сиëсатга кўчгани ва ҳозирда афғон тугунининг Вашингтон учун энг муҳим ташқи сиëсат жумбоғига айланганини кўрсатади.

Учала президент кейинги пайтларда Афғонистон ичкарисида қайта бош кўтарган толибон жангариларини жиловлаш¸ уларнинг Покистоннинг қабилалар назоратидаги шимол-ғарбий минтақаларидаги таъсири кучайишини тўхтатиш йўл-йўриқларини муҳокама қиладилар.

Кейинги ҳафталар ичи толибларнинг¸ айниқса¸ Покистонда кучайгани¸ Сват водийсида шариат қонунлари жорий этилишига эришгач¸ қўшни минтақаларни ҳам ўз таъсир ва назоратига олишга киришгани халқаро майдонда кенг хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Толибон жангариларининг пойтахт Исломободдан 100 км масофадаги ҳудудларни ишғол қилиш уринишларини тўхтатиш мақсадида чоршанба куни Покистон қўшинлари Сват водийсига кенг кўламли ҳужум уюштирди.

Ҳужум олдидан Сват аҳолисини водийни тарк этишга чақирган Покистон ҳарбийлари жанговор амалиëтларнинг қайта бошлангани оқибатида ярим миллионга яқин одамнинг ўз уй-жойини ташлаб кетишга мажбур қолишини билдирди.

Бошпанасизларнинг бу янги армияси эса¸ Покистоннинг шимол-ғарбий ҳудудларида толибон ва экстремистик гуруҳлар билан беш йилдан бери бораëтган тўқнашувлардан омон қолиш мақсадида бу минтақани тарк этган бир миллиондан кўпроқ қочқинлар сафини янада кенгайтирмоқда.

Толибон бир пайтнинг ўзида ҳам Афғонистон¸ ҳам Покистон ҳукуматларига қарши уруш олиб боришга ўтган ҳозирги кезда¸ аксар АҚШ расмийлари иккала қўшнинининг ягона бўҳронга тортилгани ва бу бўҳроннинг Вашингтонда Афғонистон ва Покистон сўзларининг қисқа қўшилмаси – Аф-Пак бўҳрони дея аталаëтганини айтмоқдалар.

Обама-Карзай-Зардорий учрашуви арафасида Афғонистон ва Покистонга сафар қилган АҚШ перзидентининг бу икки мамлакат бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбрук толибон ва Ал-Қоида устидан ғалаба қозониш истиқболининг¸ асосан Покистон ҳукуматига боғлиқлигини билдирди.

- Покистон АҚШ учун ҳам стратегик¸ ҳам сиëсий жиҳатдан ниҳоятда муҳим давлат. Шу боис бизнинг асосий мақсадимиз президент Осиф Али Зардорий етакчилик қилаëтган демократик Покистонни барқарорлаштиришга қатъият билан ëрдам беришдир¸ деди Ҳолбрук Вашингтон саммити арафасида.

Кузатувчиларга кўра¸ чоршанба кунги учрашувда президент Обама Покистондаги зўравон экстремизм ва террорчиликни тўхтатиш борасида ўз маъмурияти Исломободга қандай ëрдам бериши борасида конкрет баëнот бериши мумкин.
XS
SM
MD
LG