Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:42

Тожикистонда нефт топилди


Тожик расмийлари топилган нефт заҳирасини ўзлаштириш ишига Россиянинг "Газпром" ширкатини жалб қилмоқчи.
Тожик расмийлари топилган нефт заҳирасини ўзлаштириш ишига Россиянинг "Газпром" ширкатини жалб қилмоқчи.

Британиянинг “Тетис Петролиум Лимитед” ширкати Тожикистонда катта миқдорда нефт заҳираси борлигини аниқлаган. Аммо мамлакатда мутахассис ва техника танқислиги боис бу бойликни қазиб олиш муаммолигича қолмоқда.

Дунёдаги йирик халқаро нефт ва газ ширкатларидан бири бўлмиш “Тетис Петролиум Лимитед” нефт ва газ заҳираларини тадқиқ қилиш бўйича 2008 йил сентябрида Тожикистон томони билан шартнома имзолаган эди.

Мазкур ширкат бир йиллик тадқиқот натижалари якунига доир ўз ҳисоботида Тожикистон жанубида 1.1 миллиард баррелга тенг нефт заҳиралари аниқлангани ва агар бу нефт ўзлаштирилса, Тожикистон келгуси икки йил ичида энергетика мустақиллигини қўлга киритиш имконига эга бўлишини қайд этган.

Хўш, Тожикистон аниқланган нефт заҳираларини ўзлаштириш имконига эгами, бунинг учун мамлакатда мутахассислар ва зарур техника борми? Шундай савол билан “Тожикгеология” агентлиги масъулларига мурожаат қилдик.

- Тожикистон нефт заҳираларини мустақил ўзлаштириши учун зарур техника ва тажрибали мутахассисларга эга эмас. Шуни назарга олган ҳолда, тадқиқотлар иккинчи босқичида якуний натижалар эълон қилингач, биз Россиянинг “Газпром”и билан заҳираларни ўзлаштириш борасида шартнома имзолаймиз, деди “Тожикгеология” агентлиги расмийси Раҳмонбек Давлатов.

“Тожикгеология” масъулига кўра, 5 минг метр, балки ундан ҳам чуқурроқда экани тахмин қилинаётган нефт заҳираларини ўзлаштириш учун россияликлар замонавий техникаларини мамлакатга кирита бошлаган.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлигининг нефт ва газ заҳиралари бўйича бўлим масъули Заробиддин Файзуллоев ўзлаштириши кўзланаётган нефт заҳиралари хом-ашё сифатида ташқарига экспорт қилинишини билдирди.

- Тадқиқотлар ҳақиқатан Тожикистон ўз нефт ва газ заҳираларига эгалигини аниқлади. Энди биз хорижий ширкатлар билан ҳамкорликда бу заҳираларни ўзлаштириш тадбирларини бошлаш арафасидамиз.

Газ заҳиралари республика аҳолиси учун ўзлаштирилади. Масалан, шу йил “Тетис Петролиум Лимитед” ширкати аниқлаган ва ўзлаштирган 150 минг куб метр табиий газ Кўлоб ва Душанбе минтақаси аҳолисига узатиб берилди.

Нефт заҳираларини қайта ишлаш имконига эга бўлмаганимиз учун уни ташқарига хом-ашё сифатида сотамиз, деди Заробиддин Файзуллоев.

Вазирлик расмийси Тожикистоннинг нефт ва газ заҳиралари тахминан 3 триллион куб метрдан зиёдроқ эканини, агар хорижий ширкатлар билан уларни аниқлаш ва ўзлаштириш ишлари самарали кечса, мамлакат яқин келажакда энергетик мустақилликка эришишига ишонч билдирди.

Бироқ мустақил таҳлилчи Давлат Усмон бунга шубҳа билан қарайди.

- Ўз заҳираларимизни ўзимиз қазиб олиш имконига эга эмас эканмиз, бу ишни биз учун хорижликлар амалга оширар экан, энергетик мустақиллик ҳақида гап очишга ҳали жуда эрта, деб ўйлайман.

Чунки биз ўша хорижлик ширкатлар талабларига бўйсунишга ва улар белгилаган нархларга қаноат қилишга мажбурмиз, дейди таҳлилчи Давлат Усмон.
XS
SM
MD
LG