Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:04

Ўзбекистон ўз газини Хитойга сотмоқчи


Туркманистонни Хитой билан боғловчи газ қувурларининг 2009 йил охирига қадар фойдаланишга топширилиши тахмин қилинаëтир.
Туркманистонни Хитой билан боғловчи газ қувурларининг 2009 йил охирига қадар фойдаланишга топширилиши тахмин қилинаëтир.

Қатор ахборот агентликлари тарқатган маълумотга кўра, Ўзбекистон ўз табиий газини Туркманистондан Хитойга тортилаëтган қувурлар орқали Хитой истеъмолчиларига сотишни кўзламоқда.

Ўзбекистон келажакда Хитойга ўз газини сотишни ният қилаётганини 12-14 май кунлари Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистон нефти ва гази” халқаро кўргазмаси доирасида бўлиб ўтган муҳокамалар пайтида “Ўзбекнефтегаз” бошқарув кенгаши раисининг ўринбосари Шавкат Мажитов маълум қилди.

“Ўзбекнефтегаз” матбуот хизмати раҳбари Елена Ким Мажитовнинг бу гапини тасдиқлади.

- Ҳа¸ Мажитов бу ҳақда, яъни Хитойга газ сотиш имконияти кўриб чиқилаётгани ҳақида эълон қилди, дея гапни қисқа қилди “Ўзбекнефтегаз” вакили.

“Ўзбекнефтегаз” ширкати қошидаги “ЎзЛИТИнефтегаз” лойиҳа институтининг исмини ошкор қилишни истамаган мутахассиси¸ Озодлик билан суҳбатда¸ Хитойга ўзбек газини сотиш ғояси ҳозирча узоқ истиқболдаги масала эканини таъкидлади.

- Ҳозирча Хитойга газ сотиш режаси йўқ. Бунга оид ниятлар бор¸ холос. Бу ниятлар қандай амалга ошиши эса, кўплаб факторларга боғлиқ бўлади. Агар Хитой билан келишиб олсак, нега уларга газ сотмаслигимиз керак?

Нима бўлганда ҳам, келажакда нима бўлиши, қандай бўлиши, бошқаларга газимизни сотамизми, йўқми, ҳаммаси мавжуд иқтисодий бўҳрон шароитида вазият қандай ривожланишига боғлиқ бўлади, деди “Ўзбекнефтегаз”нинг етакчи мутахассисларидан бири.

Унинг айтишича, ўзбек гази Туркманистондан Хитойга тортилиши кутилаётган газ қувури орқали сотилиши мумкин. Умуман, дея қўшимча қилди “Ўзбекнефтегаз” мутахассиси, Туркманистонда бошланиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудуди орқали Хитойгача борадиган янги қувур ўзбек газини бошқа бозорларга сотиш имкониятларини очиб беради.

Ўзбекистон 2009 йилнинг охирида якунланиши кутилаётган газ қувури орқали ўз газини экспорт қилиш нияти йўқлигини айтиб келган эди.

Ўтган ҳафта эълон қилинган янгилик эса, Ўзбекистоннинг ўз гази учун экспорт йўналишларини кўпайтиришга уринаётганига яна бир мисолдир, демоқда таҳлилчилар.

Профессор Филлип Ҳэнсон Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Россия ва Марказий Осиё масалалари бўйича мутахассиси.

- Марказий Осиёдаги газ экспорт қилувчи давлатлар, яъни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон, ўз гази учун янги бозорларни қидириш уринишларини, айниқса, кейинги пайтларда, кучайтирмоқда.

Қозоғистон Хитойга газ сотиш мажбуриятини олган, Туркманистон билан ҳам бунга оид келишувлар бор. Энди Ўзбекистон ҳам Хитойга газ сотиш ниятларини билдирмоқда.

Бу давлатлар ўз гази экспорти учун янги йўналишларни топиш орқали Россия билан олди-сотди қилишда савдолашиш имконини қўлга киритишлари мумкинлигини тушуниб қолди.

Жорий йил бошидан улар Россияга сотаётган газ нархини оширишга эришгани ҳам бунинг тасдиғидир, дейди профессор Ҳэнсон.

Ўз табиий бойликларига оид савдолашувда кенгроқ имкониятларга эга бўлиш жаҳон молиявий бўҳрони боис энергия ресурсларига эҳтиёж қисқариб, нархлар тушаётгани шароитида, айниқса долзарб масаладир.

Россия Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистондан сотиб оладиган газни Европага қимматроқ нархда сотади. Жорий йил бошидан эса, Марказий Осиё давлатлари Россияга экспорт қилинадиган газ учун жаҳон нархларида, яъни ҳар минг куб метр учун 340 АҚШ долларидан ҳақ ола бошлади.

Авж олган бўҳрон оқибатида қийин иқтисодий аҳволга тушиб қолган Россия учун бундай олиб сотарлик қимматга тушаётганини айтмоқда мутахассислар.

Ўзбекистон Россияга экспорт қилаётган газ ҳажмини ошириш ниятини билдирган бўлса-да, Россиянинг ўзида Марказий Осиёдан бугунги ҳажмдаги газни сотиб олиш эҳтиёжи келажакда ҳам сақланиб қолиши савол остида, демоқда таҳлилчилар.

Ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчи Камолиддин Раббимов шундайлардан бири.

- Менимча¸ бу глобал бозор иқтисодиëти. Битта Ўзбекистон эмас¸ мана Туркманистон ҳам¸ Қозоғистон ҳам шундай сиëсат юритаяпти. Чунки бугунги кунда Россиянинг сотиб олиш потенциали пасайган.

Бу бир томондан геосиëсатга боғланади¸ лекин иккинчи томондан Ўзбекистон барибир ўзининг манфаатларидан келиб чиқиб иш қилиш керак.

Қаергаки яхши бир нарсани сотиш имконияти бўладиган бўлса ва қабул қилиб олувчи давлатда барқарор пул тўлаш имконияти бўладиган бўлса¸ унга ¸албатта¸ сотилиши керак, дейди таҳлилчи Раббимов.

Ўзбекистон йилига ўз конларидан 60 миллиард куб метр миқдорида газ қазиб олади ва тахминан 15 миллиард куб метрини Россияга сотади. “Ўзбекнефтегаз” Россияга элтадиган газ қувурларидан оқадиган ўзбек газнинг ҳажми янада оширилиши ҳақида эълон қилган.

Профессор Филлип Ҳэнсонга кўра, Хитой Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё гази учун потенциал бозор бўлса-да, бу минтақада ҳозирда қурилаётган ва келгусида қурилиши режалаштирилаётган газ қувурларини тўлдириш учун етарли газ заҳиралари борми, деган савол очиқ қолмоқда.

- Менимча¸ бу асосий масаладир. Афтидан¸ Марказий Осиё ҳукуматлари келажакда барча бозорлар, яъни Россия, Хитой ва Европага сотиш учун етарли газ ишлаб чиқариш имкони бўлишига умид қилаётган кўринади.

Лекин бундай имконият бўладими, йўқми, деган савол очиқ қоляпти, дейди Лондондаги халқаро муносабатлар қироллик институтининг профессори Филлип Ҳэнсон.
XS
SM
MD
LG