Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:06

Ўзбеклардан миннатдор миллат


Тоштурманинг собиқ сиëсий маҳбуси Мустафо Жамил ўғли бугун Қрим татарларининг миллий етакчисига айланди.
Тоштурманинг собиқ сиëсий маҳбуси Мустафо Жамил ўғли бугун Қрим татарларининг миллий етакчисига айланди.

Бугун ўз ватанидан бадарға қилинганининг 65 йиллигини хотирлаëтган Қрим татарлари¸ сургундаги ватанга айланган Ўзбекистондан миннатдорлик рамзи ўлароқ¸ Оқмачитда ҳайкал тикладилар.

Бундан 65 йил муқаддам Қрим татарлари ўз уйларидан бадарға қилинган эди.

Бундан 65 йил баҳор муқаддам айни шу кунларда Қрим татарлари бир кечанинг ўзида юк вагонларига ортилиб¸ олис юртларга олиб кетилди.

Қрим татарларини бадарға қилиш амалиëтининг ўша пайтдаги советлар доҳийси Сталин буйруғига кўра ўта шафқатсиз бир тарзда амалга оширилгани эсланади.

Ҳозир архивда сақланаëтган ҳужжатларга кўра¸ 1944 йили татарларнинг183 минг 155 нафари бадарға қилинган. Шундан 151 минг 136 нафари Ўзбекистонга жўнатилган.

1944 йилда Сталин қарорига кўра бадарға қилинган Қрим татарлари 1989 йил Горбачëв изни билан ватанларига қайта олдилар¸ холос.

Бугунга келиб Қрим татарлари Ўзбекистонни миннатдорлик туйғулари билан эслашмоқда.

18 май куни ана шу миннатдорлик рамзи ўлароқ қад ростлаган ëдгорлик пойи гуллар билан тўлди.

Ватан ҳақида дарс

1982 йилда Тошкентдаги Низомий номидаги педагогика институтидан бизни Мирзачўлга пахтага олиб кетишди. Қрим татар филологияси талабалари ҳам биз билан бир баракка жойлашди.

Биздан сал наридаги колхоз дўконига ул-бул олгани кириб¸ рус рассомининг “Қрим манзараси” деган асари репродукциясига кўзим тушди. Олган нарсаларнинг қайтимига бу расмни олиб баракдаги чорпоямга илиб қўйдим.

Шу пайт ëнимга бир Қрим татар талаба келиб¸ нега айнан бу расмни осганим билан қизиқди. Мен бу рассом услубига қизиқишимни айтдим. Талаба мен учун тушунарсиз ҳиссиëт билан “Қрим менинг ватанимдир” деди ва расмни совға қилишимни сўради.

Ëмонотлиқ қилинган эл

Кейинчалик мен Қрим татарларини ўз уйидан қувиб чиқарган Сталин фармони билан танишдим. Устига ўта махфий дея унвон қўйилган 5859 рақамли бу ҳужжатга 1944 йилнинг 11 майида имзо чекилган.

Бу ҳужжат Қрим татарларни расман “ватан хоинлари” дея эълон қилиб уларни сургун ҳолатда ушлаб туришни кўзда тутади.

Сургун кунлари

Ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Усмон Юсупов зиммасига Қрим татарларни жойлаштириш билан биргаликда уларга қарши ўзбек халқи орасида нафрат уйғотиш вазифаси ҳам юкланади.

Сургунда дунëга келган Диловар ака Усмон гапиради.

- Қрим татарлари Ўзбекистонга келиши олдидан Ўзбекистонда Қрим татарларига қарши сиëсат¸ пропаганда олиб борилди. Советлар ҳокимияти томонидан “Қрим татарлари сотқин¸ хоин” деган пропаганда амалга оширилди.

Қрим татарлар ҳайвонлар учун мўлжалланган вагонларда Ўзбекистонга олиб келинган пайтда¸ уларни одамлар қўлларида тошлар¸ таëқлар билан кутиб турган.

Ўша одамлар вагондаги ëш болалар¸ аëллар¸ қарияларни кўрган пайтда¸ қўлларидан тошлари ва таëқлари тушиб кетган. Улар бизнинг абгор аҳволимизни кўриб раҳмлари келган. Улар бизга нон бериб¸ сув бериб ëрдам қилишди¸ дейди Диловар Усмон.

Оқмачитдаги Исмоил Гаспиринский кутубхонаси раҳбари Айдар Эмировга кўра¸ Ўзбекистондаги сургун ҳаëтида татарлар яхши кунларни ҳам¸ ëмон кунларни ҳам кўришган.

- Ҳар бир жамиятда ҳар турли кишилар бор. Буларнинг ичида яхшилари ҳам бор¸ ëмонлари ҳам бор. “Кет бу ердан” деган одамлар ҳам бўлди¸ дейди Айдар Эмиров.

“Аммо биз татарлар учун Ўзбекистонда яхши кунлар кўп бўлди. Ҳатто¸ яхши деган калима Қрим татар луғатига айнан Ўзбекистонда кирди”¸ дейди Айдар Эмиров.

- Масалан¸ яхши деган сўз олдин Қримда “ору” деб айтилган экан¸ дейди Айдар Эмиров.

Яна бир суҳбатдош Диловар Усмонга кўра¸ нафақат луғат¸ балки Қрим татарларнинг дастурхони ҳам бойиган.

- Ўзбек ошлари¸ лағмони¸ мантиларини ўзимиз билан бирга олиб келдик¸ дейди Диловар Усмон.

“Ўзбекистон биз учун сургун уйи эмас¸ балки ўз уйимиз каби қадрдон. Ҳали ҳали ўзбек қўшиқлари қулоғимда жаранглайди”¸ дея туриб¸ "Наманганнинг олмаси" қўшиғини хиргойи қилиб¸ кўзига ëш олди Диловар Усмон.

Қрим татарларининг илк исëни

Диловар Усмонга кўра¸ Қрим татарларининг ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун кураш майдони ҳам Ўзбекистон бўлган.

- Биринчи пикетлар¸ биринчи митинглар 1966 йилда Бекободда бўлган эди. Бу пикетни милиция ëрдамида¸ ўт ўчирувчи машиналар ëрдамида тарқатишган эди¸ дея эслайди Диловар Усмон.

Ҳали гўзал Қрим олис¸ ҳали тотор узоқларда

Қрим татарларининг бу исëни ўзбек мухолифатчиларини илҳомлантирган эди. 1989 йилда ўзбек шоири Мирза Кенжабек “Ҳали гўзал Қрим олис¸ ҳали тотор узоқларда” деган сатрларни ëзди.

Қримдаги Оқмачит (Симферепол) шаҳрида татарларга бошпана берган ўзбек халқига миннатдорлик ëзувлари битилган ëдгорлик ҳам ўрнатилди.

Ҳукумат ўқларидан қочиб Руминияга келган андижонликларни илк зиëрат қилганлар ҳам Ўзбекистон сувини ичган Қрим татарлари бўлди

- Андижон воқеалари бўлганда бизнинг Қрим татарлари Руминияга бориб¸ андижонлик қочқинлар билан учрашиб¸ ошлар пишириб¸ ëрдам бердилар¸ дейди Диловар Усмон.

Бизнинг кунлар

Ҳозир Ўзбекистонда 100 мингдан зиëд Қрим татарлари истиқомат қилади. Ўзбекистон ҳукумати уларга чиқиш визаси бермаяпти¸ дейди Диловар Усмон.

- Билмайман¸ бу кимнинг қилаëтган сиëсати¸ лекин Қрим татарларининг чиқишлари кейинги вақтда жуда қийинлашди. Ўзбекистондан Қримга келиш қийинлашди¸ дейди Диловар Усмон.

Бундан 65 йил олдин ўз уйларидан Ўзбекистонга бадарға қилинган ва ҳозир яна ватан қўйнида яшаëтган Қрим татарлари “Бир кун туз ичган жойингга қирқ кун салом бериш керак” деган фикрда собит.
XS
SM
MD
LG