Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:26

"Юқоридан ясалган аëллар"


Сиëсий ва ижтимоий фаолликни рағбатлантираман деган ҳукумат сиëсатидан норози эканини ифодалашга жазм этган аëллар йиллардан бери Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлмоқдалар.
Сиëсий ва ижтимоий фаолликни рағбатлантираман деган ҳукумат сиëсатидан норози эканини ифодалашга жазм этган аëллар йиллардан бери Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлмоқдалар.

Ўзбекистон ҳукуматининг хотин-қизлар сиëсий фаоллигини ошириш даъвоси билан ўтказаëтган тадбирларини шарҳлаган мустақил кузатувчилар¸ сиëсий фаоллик рағбат эмас¸ жазога учраëтган жамиятда бу уринишнинг бесамарлигини айтмоқдалар.

Ўзбекистонда аёлларнинг жамият ва сиёсатдаги ролини оширишга оид тадбирлар ўтказилмоқда.

Март ойи бошида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда “Бахтли бўлиш учун туғилган аёл” номли ахборот кампанияси бошлаган эди.

Айни кунларда Самарқандда “Аёлларнинг ижтимоий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга оид долзарб масалалар” мавзусида ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Бу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад хотин-қизларнинг сиёсатда иштирок этиш имкониятларини ошириш экани айтилмоқда.

“Аёлларнинг ижтимоий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга оид долзарб масалалар” мавзусида бутун мамлакат бўйлаб уюштирилаётган ўқув семинарларига ҳам “аёлнинг бахтли бўлиш учун туғилгани”ни тарғиб қилаётган Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва БМТ Тараққиёт дастури ҳомийлик қилмоқда.

Бу ташкилотлар масъуллари, ўтказилаётган семинарлар ҳақида Озодлик билан гаплашишни истамади.

Хабарларда айтилишича, аёлларнинг сиёсатдаги ўрни, хусусан сиёсий партиялар фаолиятидаги иштирокини оширишнинг долзарб масалаларига бағишланган тадбирларда мамлакатда фаолият олиб борувчи Халқ демократик, Адолат, Миллий тикланиш ва Либерал- демократик партиялари вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Партиячилар семинар қатнашчиларига ўз тажрибаларига асосланган ҳолда давлатнинг аёлларни қўллаб-қувватлашига оид сиёсати ва аёлларнинг жамиятдаги мавқеини оширишдаги сиёсий партиялар роли ҳақида гапириб бермоқда.

Мухолифатчи шоира Гулчеҳра Нуруллаева бугун ўзбек хотин-қизларининг сиëсатдаги фаоллигини жамиятдаги сиëсий иқлимдан айро олиб бўлмаслигини айтади.

- Ўзбек аëлларининг жорий сиëсатдаги ўрни шундайки¸ қайси бир аëл ҳукумат нуқтаи-назарини қўллаб-қувватласа¸ у албатта бирор бор лавозимга¸ йиғинларга¸ минбарларга чорланади. Агар ўша аëлнинг қарашлари ҳукумат қарашларига мос келмаса¸ унинг учун майдон йўқ деб айтсак ҳам бўлади¸ дейди Гулчеҳра опа.

Аёлларнинг сиёсий фаолиятини оширишга оид бу каби тадбирлар, деб давом этади шоира, улардан сиёсий мақсадларда фойдаланишнинг советча услубини эслатмоқда.

- Илгари партия котибаси нима вазифани бажарган бўлса¸ у аëллар ўртасида ташвиқот ишларини ташкил қилиб¸ одамларни партия йўл-йўриқларини бажаришга қанчалик сафарбар қилган бўлса¸ ҳозир ҳам ҳоким ўринбосари бўлган аëллар ана шундай вазифа билан банд, дейди Гулчеҳра Нуруллаева.

Айни пайтда¸ бошқа кузатувчилар Ўзбекистонда хотин-қизларнинг сиёсатдаги мавқеини ошириш бўйича конкрет натижаларга эришилганини эътироф этиш лозимлигини айтмоқда.

Хусусан¸ Ўзбекистон тадбиркор аёллар уюшмаси раиси Дилдора Алимбекова мамлакат парламентида аёл депутатлар учун 30 фоизлик квота белгиланганини ўтганда бунга мисол қилиб келтирган эди.

- Ўзбекистон аëллари аëлларга квота бўлиши учун ҳар доим курашишган. Бу ерда шу нарсани тан олиш керакки¸ бизнинг мамлакатимизда давлат арбоблари шу муаммони тушуниб¸ аëлларга қанақадир имтиëз яратиш тариқасида 30 фоизлик квотани қабул қилишди.

Бу аëлларимизга жамият ривожланишида ўз ҳиссасини қўшишга жуда катта имконият яратиб беради деб ўйлайман, деган эди Алимбекова 2004 йилги бу қарорни шарҳлай туриб.

Алимбекова каби ўзбек аëллари¸ Адолат демократик партияси собиқ етакчиси Дилором Тошмуҳаммедованинг президентлик сайловларида номзод сифатида қатнашгани ва ҳозирда Олий мажлис қуйи палатаси раиси бўлиб ишлаётгани ҳам ўзбек аёли мавқеининг ошаётганига мисол сифатида келтирмоқдалар.

Аммо шоира Гулчеҳра Нуруллаева бундай оптимиздан анча йироқ.

- Агар шу аëл мустақил партия ташкил этган бўлганда эди¸ уни одамларнинг ўзлари сайлашган бўлганда эди¸ мен сизнинг фикрингизга қўшилиб “Ҳа¸ чиндан ҳам бу олдинга ташланган катта ва жиддий бир қадам” деб айтган бўлардим.

Лекин ўша партия ҳам¸ унинг котибаси ҳам юқоридан ясалди¸ ташкил этилди. Шу маънода бу партиянинг ҳам¸ котибасининг ҳам жамиятдаги ўрни йўқ¸ деб ўйлайман, дейди мухолифатчи шоира.

Аёлларнинг сиёсатдаги мавқеини ошириш масаласи уни тарғиб этаётган партиялар учун қанчалик долзарблигига Адолат демократик партияси вакили билан мана бу суҳбатимиз ҳам чизги бўлиши мумкин.

- Ало.

Озодлик: Ало¸ ассалому алайкум.

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Бу Адолат партиясининг марказий кенгашими?

- Ҳа.

Озодлик: Мен ким билан гаплашиб турибман?

- Бу ташкилий бўлим.

Озодлик: Менинг исмим Фаррух Юсуфий. Мен сизга Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Мен бир масалада телефон қилаëтган эдим. Аëлларнинг сиëсатдаги ўрни¸ жамиятдаги ўрнига оид бир тадбир бўлаëтган экан. Шу тадбирда Адолат партияси вакиллари ҳам қатнашар экан. Сизга Адолат партиясида аëлларнинг ўрни¸ уларнинг қанақа фаолият олиб бораëтгани¸ уларга эркакларнинг муносабати қандай деган саволлар билан мурожаат қилмоқчи эдим.

- Мен бу саволларингизга жавоб бера олмайман. Ҳозир раҳбаримиз йўқ.

Озодлик: Мана Дилором опа партиянинг етакчиси сифатида президентлик сайловларида қатнашди. Ҳозир Олий мажлисда спикерлик вазифасини бажараяптилар. Сизнинг сиëсатчи сифатида¸ Адолат партиясининг аъзоси сифатида муносабатингиз қандай?

- Яна бир марта узр сўрайман. Мен ҳозирги вақтда бу саволларга жавоб бера олмайман. Бунақа компетенция менга берилмаган.

Ўзини ташкилий бўлимдан деб таништирган бу ходим шу гапларни айтиб телефон гўшагини қўйиб қўйди.
XS
SM
MD
LG