Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:45

“Жамият эркин бўлса¸ ҳаммага яхши бўлади”


Саломатхон Бойматова ўзбек расмийлари босимига қарамасдан, ҳозирги кунда ҳам Ўзбекистон ичкарисида пикетлар ўтказишдан чўчимайдиган ўзбекистонлик кам сонли ҳуқуқ ҳимоячиларидан биридир.
Саломатхон Бойматова ўзбек расмийлари босимига қарамасдан, ҳозирги кунда ҳам Ўзбекистон ичкарисида пикетлар ўтказишдан чўчимайдиган ўзбекистонлик кам сонли ҳуқуқ ҳимоячиларидан биридир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси аъзоси Саломат Бойматова Ўзбекистонда эркин жамият қурилишини, мамлакат фуқаролари ўз ҳақ-ҳуқуқларини бемалол талаб қила оладиган кунлар келишини орзу қилади.

“Давр менинг тақдиримда” рукнининг бугунги қаҳрамони ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Саломатхон Бойматова.

Саломатхон кейинги 18 йил аксар оддий ўзбеклар каби ўз оиласига ҳам рўшнолик олиб келмаганини айтади.

- Жуда катта ўзгаришлар бўлмади¸ лекин мустақиллик даврига келиб¸ яшаш шароити ҳаммада ҳам қийинлашган бўлса керак. Шахсан менинг оиламда қийин кечаяпти. Ҳозирги шароитда нарх-наво қиммат¸ коммунал тўловлар қиммат¸ дейди Саломат Бойматова.

“Ўзингиз ҳақида гапирсангиз”¸ деймиз суҳбатдошимизга.

- Мен 1959 йил 24 ноябрда Фарғона вилоятида туғилиб, ўша ерда катта бўлдим. Кейин тақдир тақозоси билан 1987 йилда оиламиз билан Тошкентга кўчиб келганмиз.

Хўжайиним инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси Абдужалил Бойматов. Ҳозир у киши чет элда фаолият олиб бормоқда. Битта қиз¸ иккита ўғлимиз бор¸ дейди Саломат Бойматова.

Суҳбатдошимиз ëшлигида ўқитувчи бўлишни¸ болаларга таълим беришни орзу қилган¸ аммо орзусига эриша олмаган.

Ана шундан кейин Саломатхон боғчада тарбиячи бўлиб ишлади.

- Мактабни битиргандан кейин тарбиячилик касбини эгаллаб¸ 17-18 йил тарбиячи бўлиб ишладим¸ дейди Саломатхон.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Саломатхон рўзғор боқиш учун кўпчилик қатори ўзини олди-сотдига урди¸ аммо тадбиркорлар ҳуқуқларини чеклаган мулозимлар зулми боис инсон ҳақ-ҳуқуқлари учун курашчига айланди.

Саломат Бойматова: Инсон ҳуқуқлари фаолияти билан шуғулланишни 2005 йилларда бошлаганман.

Озодлик: Нима учун инсон ҳуқуқлари фаоли бўлгансиз?

Саломат Бойматова: Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланишимга битта сабаб бор. Буни энди катта сабаб демаса ҳам бўлади.

Мен тадбиркорлик билан шуғулланар эдим. 2000-2001 йилларда Тошкент бозорларида бошланган дўкон қуриш бизнинг Кадишев бозорида ҳам юз берди ва бизнинг жойларимиз бузилиб¸ дўконлар қурилди. Биз жойимиздан маҳрум бўлдик. Дўкон сотиб олишга эса имкониятимиз қолмади.

Шундан кейин инсон ҳуқуқлари фаолияти билан шуғулланишни бошланганман. Бу нарсани ҳеч ким ҳеч кимга ўргата олмайди.

Бошқалардан¸ Озодлик радиосидан эшитиб, шуғулланишни бошлаганман. Мен 90-йилларда инсон ҳуқуқлари жамияти¸ “Бирлик”¸ “Эрк” партиялари борлиги ҳақида эшитиб юрардим¸ лекин аъзо бўлишни ўйламаган эдим. 2005 йилдан кейин Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянсига аъзо бўлдим.

Озодлик: Сиз Елена Урлаева билан пикет қиласиз-а?

Саломат Бойматова: Ҳа¸ чиқиб турамиз.

Озодлик: Бундан 18 йил олдин намойишларга¸ пикетларга чиқаман, деб ўйлаганмидингиз?

- Йўқ. Бу нарса тўғрисида менинг умуман тушунчам ҳам йўқ эди. 18 йил олдин бунақа ҳолат бўлади, деб ҳам ўйламаганман¸ дейди Саломат Бойматова.

Оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси турли жойларда митинг ва пикетлар ўтказаётгани ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқиб турамиз. Намойишчилар орасида суҳбатдошимиз Саломатхон ҳам бор.

- 2008 йил 6 декабрда 10 нафар инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Бош прокуратуранинг олдига чиққан эдик. Биз тинчгина турганмиз¸ ҳеч кимга халақит ҳам бермаганмиз.

Бизни ички ишлар ходимлари олиб кетишди ва суд қилишди. Бизнинг ҳаммамизга 280 минг сўмдан жарима солинди.

Ундан кейингиси эса 13 май кунги ҳолат. 13 май куни Андижон воқеаларида ҳалок бўлганларни хотирлаб¸ гулчамбарлар қўйиб, Тошкент шаҳридаги “Матонат” ҳайкали олдида йиғилишмоқчи эдик. Лекин бунга эриша олмадик.

Уйимдан чиққан жойимда мени Ҳамза туман ИИБ ходимлари ушлаб кетишди ва кечки соат 19.00 гача ушлаб ўтиришди¸ дейди Саломат Бойматова.

Саломатхон конституцияда кафолатланган ҳуқуқларидан фойдаланиб, пикетга чиқди¸ аммо уни жавобгарликка тортишди.

- Энг охирги пикетимиз амалга ошмади. Уйимга кундуз куни ҳам¸ кечқурун ҳам участка нозирлари келган. Уйимда болаларим бор эди у пайтда. Тўғри улар қаттиқ гапирмаган. Менинг бор-йўқлигимни сўраган.

Улар 12 май куни кечқурун: “Эртага ҳеч қаëққа чиқманг”, деб огоҳлантиришга келди. Улар билган. Биз интернет орқали билдиришнома ëзганмиз-ку. Бунақа нарсалар билдирмасдан қилинмайди-ю. Ҳукуматга билдириб кейин чиқилади¸ дейди Саломат Бойматова.

Сен ëнмасанг¸ мен ëнмасам¸ биз ëнмасак¸
Қандай чиқсин қоронғуликлар ойдинликка?

Кимлар ўзи инсон ҳуқуқлари фаоллари? Нозим Ҳикмат айтганидек, одамларни қоронғуликдан чиқаришга уринаëтган мунавварларми?

Суҳбатдошимиз инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саломат Бойматова назарида¸ улар ўз ҳақини талаб қилаëтган одамлар, холос.

- Улар энди оддий инсонлар. Ëн-веримдагилардан ҳеч ким ҳали ëмон муомала қилгани йўқ. Мен инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланаëтган бўлсам¸ мен ҳеч кимга ëмонлик қилаëтганим йўқ.

Керак пайтларда норозилигимни билдириш учун пикетларга чиқиб қоламан. Менга бировнинг амали ҳам керак эмас. Мен пикетларга бировни чертиш учун чиқмайман-ку. Қўшниларим билам муомалаларимиз яхши¸ дейди Саломат Бойматова.

“Давр менинг тақдиримда” рукнинг бугунги сонига қаҳрамон қилганимиз Саломатхон ўзи бошдан кечирган ҳаëтни болаларига раво кўрмайди.

Саломат Бойматова: Шунақа қийинчилик ва оғир шароитларни ҳеч кимга раво кўрмайман. Бундан кейин ҳам фақат яхшиланишига умид қилиб яшаймиз. Ошкоралик бўлишидан¸ ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни талаб қилиб пикет ўтказа оладиган замон келишини умид қилиб яшаймиз.

Озодлик: Тошкентнинг бош майдонида талаб қилиш имкони берилса¸ нимани талаб қилган бўлардингиз?

- Сўз эркинлигини¸ пикетга бемалол чиқиш эркинлигини¸ пикетларга чиққанда ҳеч ким халақит бермаслигини талаб қилган бўлардим¸ дейди Саломат Бойматова.
XS
SM
MD
LG