Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:02

Британия ва АҚШ мақоми хавф остида


Ўтган ҳафта Standard & Poor's маркази Британиянинг ҳам “ААА” мақоми хавф остида эканидан огоҳлантирди.
Ўтган ҳафта Standard & Poor's маркази Британиянинг ҳам “ААА” мақоми хавф остида эканидан огоҳлантирди.

Жорий иқтисодий инқироз¸ дунë давлатларининг кредит рейтингига ҳам таҳрир киритмоқда. Таҳлилчилар¸ яқин орада сармоя учун энг бехавотир деб қараб келинган Британия¸ ҳатто АҚШ мақомида ҳам ўзгариш бўлишини тахмин қилмоқдалар.

Жаҳоннинг етакчи молиявий таҳлил марказлари вақти-вақти билан у ёки бу давлатнинг сармоядорлар учун қанчалар қулай эканига оид маълумотни эълон қилиб туради.

Иқтисодий таҳлил билан шуғулланувчи Standard & Poor's каби агентликлар эълон қиладиган ҳисоботларда хорижий инвесторларнинг сармоя ётқизиши учун энг яхши шарт-шароитлар мавжуд бўлган бундай давлатлар рейтинги одатда учта “А” билан ифодаланади.

Молиявий бўҳрон “ААА” рейтинги бўлган давлатлар сони камайишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Испания ва Ирландия жорий йилда “ААА” мақомидан мосуво бўлганларнинг дастлабкилари бўлди. Ўтган ҳафта Standard & Poor's маркази Британиянинг ҳам “ААА” мақоми хавф остида эканидан огоҳлантирди.

Standard & Poor's га кўра, Британиядаги вазиятни салбий билан барқарор ўртасида, деб баҳолаш мумкин.

Бундай вазиятга эса, Британия ташқи қарзлари миқдорининг тез суръатларда ошаётгани ҳисса қўшмоқда. Таҳлил марказига кўра, шундай кетадиган бўлса, Британиянинг ташқи қарзлари унинг ички ялпи маҳсулотига тенглашиши мумкин.

Standard & Poor's нинг башоратлари нафақат Буюк Британия молия бозорини, балки Америка биржаларидаги вазиятга ҳам таъсир қилди.

Чунки АҚШ расмийларининг молиявий бўҳронга қарши кўраётган чоралари Британия ҳукуматиникидан фарқ қилмайди ва мутахассислар Америка ҳам “ААА” мақомидан ажралиб қолмасмикин, деган саволларни бермоқда.

Нил Микиннон Лодондаги ECU Group номли молиявий таҳлил марказининг етакчи мутахасисиларидан бири.

- Вазиятнинг бундай тус олишига инвесторларнинг ҳам Британия, ҳам АҚШ бюджетларидаги камомад ва ҳукумат қарзларининг давлат иқтисодига нисбатан миқдори ошиб бораётганига оид хавотирлари сабаб бўлмоқда. Узоқ муддатда эса, бюджетдаги камомад ва қарзлар жорий суръатларда ошиб борадиган бўлса ва, айниқса, иккала мамлакатда банкларни қутқариш учун катта маблағлар сарфланаётгани ва моливий бўҳрондан кўрилган зарар инобатга олинса, Британия ва АҚШ ўз ҳаражатларини қоплай оладими, йўқми, деган хавотирлар кучайиб боради, дейди лондонлик молиявий таҳлилчи.

Мавжуд вазиятдан жумбушга келган молия бозори ўтган жума куни доллар курсининг жорий йилда мисли кўрилмаган даражага, еврога нисбатан 1,4 доллар кўрсаткичига тушиб кетишига сабаб бўлди.

Қўшма Штатлар учта “А” мақомига 1917 йилдан бери эгалик қилади ва мамлакатнинг бундай “олий мақом”дан ажралиши жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин¸ демоқда мутахассислар.

Ҳозирча молиявий идоралар Қўшма Штатларнинг “ААА” рейтинги хавф остида, деган фикрдан йироқ бўлсада, ўтган пайшанба куни Америкадаги етакчи таҳлил марказларидан бири Американинг бу мақомни сақлаб қолиши узоқ истиқболда қийин кечишини башорат қилди.

Айни пайтда, президент Барак Обама маъмурияти сармоядорларнинг бу каби хавотирларини камайтиришга уринмоқда. Оқ уй матбуот вакили Роберт Гиббс жума кунги чиқишида мавзуга оид саволга бундай жавоб берди.

- Йўқ¸ биз кредит рейтингимиз ўзгаришидан хавотирланаётганимиз йўқ. Президент Оқ уйга келганидан бери ўз диққатини иқтисодни қутқариш режасини амалга оширишга қаратмоқда. Бу режа янги иш жойларини яратиш ва иқтисоднинг изига тушушига туртки бўлади. Ўрта ва узоқ муддатда олдимизга қўяётган мақсадларимиз моливий тизимни изига туширишдан иборатдир. Шунинг учун президент Конгресснинг келаси тўрт йил ичида камомадни икки баробар камайтиришга имконият берувчи қонунни қабул қилганидан мамнун бўлди, деди Оқ уй расмийси.

Лекин “ААА” рейтингидан айрилиш истиқболлари иқтисодий қутқарув режасини бажариш асносида моливий тизимни тартибга солишни ўта қийин вазифага айлантиришини айтмоқда мутахассислар.
XS
SM
MD
LG