Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:35

"Президент бўлсам¸ Россияга ишга кетардим"


Оталари пул ишлаш учун мардикорликка кетган аксар тожикистонлик болалар¸ ота тарбияси ва меҳридан мосуво катта бўлмоқда.
Оталари пул ишлаш учун мардикорликка кетган аксар тожикистонлик болалар¸ ота тарбияси ва меҳридан мосуво катта бўлмоқда.

Оталари йиллардан бери Россияда мардикорлик қилиб юрган хўжандликларнинг оналари¸ буви-боболари қарамоғида қолган болаларининг айримлари¸ Халқаро болалар кунида ана шундай орзу қилишди.

Тожикистон шимоли¸ Сўғд вилоятининг Хўжанд шаҳар марказида жойлашган Камоли Хўжанди номли истироҳат боғи шу куни том маънода болаларга аталган эди. Болаликнинг ёқимли дамларини ёдга соладиган куй-қўшиқлар янграмоқда.

Бу ерда “Сорос” халқаро ташкилоти “Офтобак” ижодий акциясини уюштирди. Мазкур акция давомида мактаб ўқувчилари ва болалар боғчалари тарбияланувчилари фортепиано ва ғижжакда ўз санъатларини намойиш қилишди.

Россиянинг “Евроосиё тадқиқотлари институти” жамғармаси болалар кутубхонасига китоблар, болалар боғчаларига зарур жиҳозлар тақдим этди; асфальтда расм чизиш тадбирларини молиявий жиҳатдан таъминлади.

Боққа кираверишдаги йўлакнинг икки томонида дўконлар саф тортган. Бу ерда вилоятдаги мактабу боғчалар вакиллари қўли билан тикилган, тайёрланган турли маҳсулотлар намойиш қилинмоқда.

Кенг майдонда эса 100 га яқин турли ёшдаги болалар ерга расм чизарди. Уларнинг олдига яқинлашамиз. 8 яшар Манижа исмли қизчадан ниманинг расмини чизаётганини сўраймиз:

- Мен офтоб, дарахт, ўсимликларнинг суратини чиздим. Чунки қуёш бизни иситади. Дарахт мева беради, салқин қилади, дейди Мавзуна.

Нарироқда эса, чамаси 10 ёшли бола ғамгин кўринарди. Уни суҳбатга чорладик.

Озодлик: Отинг нима?

- Рустам.

Озодлик: Рустамжон, агар президент бўлсанг¸ биринчи навбатда нима қилардинг?

- Президент бўлсам. (бироз ўйланиб) Президент бўлсам¸ Россияга ишга кетардим, деди.

Ёнимизда турган ўрта ёшдаги одам ҳазиллашиб:

- Ахир президент бўлгандан кейин Россияга бориш шарт эмаску, деди.

- Нега, ҳамма кетяптику…

Суҳбатимизни тинглаб турган 12 ешли Фарангиз гап ташлади:

Фарангиз: Агар мен президент бўлсам, ҳамма болаларга бепул авиабилет олиб берардим.

Озодлик: Билет нимага керак?

-Улар билан Россияга, дадаларимизнинг олдига борардик¸ деди Фарангиз.

Кўрдингизми, қандай даврда яшаяпмиз. Ахир болалар шу ҳақда ўйлаши керакми, дейди қизчаси билан байрам сайрига чиққан Хуршид Қодиров.

- Эътибор билан қаранг, нечта эркакни кўраяпсиз? Болалар билан юрганларнинг 90 фоизи аёллар. Чунки эркакларнинг аксарият қисми Россияга мардикорликка кетган.

Баъзилари йиллаб келмайди. Болаларни тарбиялаш ва қараш фақат оналарнинг зиммасида, дейди Хуршид Қодиров.

Феруза исмли аёлнинг айтишича, бугунги байрамда ҳамма болалар ҳам қатнаша олмаган. Тожикистондаги камбағалона ҳаёт ҳамма ота-оналарга бундай имконият бермайди.

- Мен бугунги болалар байрами билан ҳамма фарзандларимизни уларни вояга етказаётган ота-оналарни табриклайман. Лекин мана шундай байрам бир йилда бир марта бўлади. Кейин эса бир давомида болалар унутилади.

Айтмоқчиманки, болаларимиз ҳали болаликнинг бутун нашидасини тотиб кўрмаяпти. Айниқса қишлоқлардаги оғир ҳаёт болаларнинг ақалли тузукроқ кийинишига ҳам имкон бермайди, дейди Феруза.
XS
SM
MD
LG