Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:54

Тинчликка ўхшамаган тинчлик


Глобал тинчлик индекси хулосасига кўра¸ тинчлик қўриқчиси армия ëки силоҳ эмас¸ балки иқтисодий фаровонлик ва инсон умрига нисбатан ҳурматдир.
Глобал тинчлик индекси хулосасига кўра¸ тинчлик қўриқчиси армия ëки силоҳ эмас¸ балки иқтисодий фаровонлик ва инсон умрига нисбатан ҳурматдир.

Сешанба куни эълон қилинган Глобал тинчлик индексига кўра¸ Ўзбекистон 144 давлат ичида 106 ўринга қўйилди. Бу эса¸ Ўзбекистоннинг можаро ва очиқ зўравонлик чиқиш эҳтимоли баланд давлатлар рўйхатида эканини англатади.

2009 йилги Глобал тинчлик индекси¸ жаҳондаги етакчи сиëсий ва иқтисодий таҳлил маркази ходимлари томонидан ҳозирланган. Бу таҳлил жараëнига маркази Вашингтонда жойлашган Иқтисод ва тинчлик институти¸ шунингдек Лондондаги Иқтисодий таҳлил маркази етакчилик қилган.

Бу йил учинчи бор эълон қилинаëтган индексга кўра¸ глобал иқтисодий бўҳрон¸ озиқ-овқат ва ëнилғи нархларининг кескин ошиши ортидан 2009 йилга келиб жаҳонда тинчлик кўлами ҳам қисқарган.

У ëки бу давлатдаги тинчликнинг нақадар мустаҳкам эканини аниқлаш учун индекс муаллифлари 23 хил сифат ва сон кўрсаткичлари қўллаганлар. Булар орасида алоҳида олинган давлатнинг ҳарбий қудратию унга нисбатан мавжуд ташқи ва ички хатарлардан то мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига қадар кўрсаткичлар бор.

2009 йилги Глобал тинчлик индексининг биринчи поғонасига қўйилган Янги Зеландия¸ барча кўрсаткичлар бўйича дунëда энг мустаҳкам тинчлик ҳукм сураëтган давлат деб топилди.

Кейинги ўринлар Дания ва Норвегияга берилган ушбу индекс хулосасига кўра¸ у ëки бу давлатдаги тинчликнинг қанчалар мустаҳкамлиги унинг ҳарбий қудрати эмас¸ балки мамлакатда демократия ва инсон ҳуқуқларига қаначалар амали қилинаëтгани¸ аҳолининг сифатли таълим ва моддий фаровонликдан қанчалар баҳрамандлигига боғлиқ.

Ҳарбий жиҳатдан дунëдаги энг қудратли давлат ҳисобланмиш АҚШ нинг тинчлик мустаҳкамлиги бўйича рўйхатнинг 83 поғонасига қўйилгани¸ ëки Хитойнинг 74¸ Россиянинг эса 136 ўринга қўйилгани¸ давомли ва барқарор тинчлик асоси ҳарбий қудратга кўп ҳам боғлиқ эмаслигининг яна бир кўрсаткичидир.

- Тинчлик нафақат ижтимоий¸ балки иқтисодий жиҳатдан ҳам аниқ ўлчаниб¸ аниқ баҳоланадиган конкрет мақсаддир. Иқтисодий вазият¸ аниқроғи иқтисодий бўҳрон билан тинчликнинг камайиши ëки заифлашуви ўртасида тўғридан-тўғри алоқадорлик бор. Шу боис¸ тинчликка йўл иқтисод орқали ўтади¸ дейиш мумкин. Ишчининг ишлаши ва ишлаб чиқариши учун¸ савдогарнинг бемалол олди-сотди қилиши учун¸ олим ва муҳандисларнинг изланиб¸ ихтиро қилиши учун¸ ҳукуматларнинг тартибга солиши учун имкон бор иқлимда тинчлик барқарордир¸ дейди Глобал тинчлик индекси президенти Клайд МакКонаги.

144 давлат киритилган рўйхатнинг 106 поғонасига қўйилган Ўзбекистондаги нисбий тинчлик келажагини¸ таҳлилчиларга кўра¸ биринчи галда аҳолига берилган иқтисодий эркинликлар¸ шунингдек демократия ва инсон ҳуқуқлари вазияти белгилайди.

Марказий Осиëда можаро ва зўравонликлар чиқиш таҳдиди¸ индекс муаллифларига кўра¸ Ўзбекистонда энг кучлидир.

Қўшни Қозоғистон бу рўйхатнинг 84¸ Туркманистон эса¸ 101 ўрнига қўйилган.

Йиллардан бери уруш чангалида қолаëтган Афғонистон ва Ироқ¸ табиий равишда¸ глобал рўйхат тубидан ўрин олди.
XS
SM
MD
LG