Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:54

Ўзбекларни Мисрда ҳам овлашмоқда


Ислом дунëсидаги нуфузли дорилфунунлардан бири саналган Ал-Азҳар университети талабалари орасида ўзбекистонликлар ҳан анчагина.
Ислом дунëсидаги нуфузли дорилфунунлардан бири саналган Ал-Азҳар университети талабалари орасида ўзбекистонликлар ҳан анчагина.

Қоҳирада полиция тарафидан ушлаб кетилган Ал-Азҳар дорилфунунининг 37 талабаси орасида ўзбекистонликлар ҳам бор. Ҳозирча Ўзбекистон расмийлари ўз фуқароларининг нега қамалгани билан қизиқаëтгани йўқ.

Ҳозирча қўлга олинганлардан Россия фуқаролигига эга бўлган 13 нафаригина¸ ўз ҳукумати аралашуви билан¸ сешанба куни озод қилинди.

Бу хабарни билдирган Россиянинг Қоҳирадаги элчихонаси ходими Башир Малгасовга кўра¸ талабалар элчихонанинг қатъий талабидан сўнггина озод қилинган.

27 май оқшомида Қоҳиранинг Мадинат Наср мавзеида ўтказилган полиция рейди давомида Ал Азҳар дорилфунунининг юзлаб талабалари қўлга олинган.

Қўлга олинганларнинг аксарияти Россия¸ Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари экани айтилмоқда.

Миср матбуоти бу қўлга олишларни 4 июн куни АҚШ президенти Барак Ҳусайн Обаманинг Қоҳирага ташрифи арафасидаги хавфсизлик чораси дея талқин қилмоқда.

Қоҳирадаги исми айтилишини истамаган суҳбатдошдан “ҳибсдаги ўзбек талабалари озод қилиндими”¸ деб сўрадик.

- Йўқ¸ ҳали қўйиб юбормади. Уч-тўрт нафар талабани ушлаб олиб кетишган. Уларни ҳибсда сақлаб туришибди.

Озодлик: Нима сабабдан олиб кетишибди уларни?

- Ҳозир икки хил тахминни илгари суришмоқда. Биринчиси¸ АҚШ президенти Барак Обаманинг Мисрга келиши ва шу туфайли хавфсизлик чораларининг кучайтирилаëтгани.

Иккинчиси¸ Миср хавфсизлик хизмати “Сизлар ҳам бемалол юрманглар. Биз ҳам бормиз” дегандай¸ ўзини кўрсатиб қўяяпти деган тахмин.

Озодлик: Бу ўзбеклар қайси университетда ўқишади?

- Олиб кетилган ўзбекларнинг ҳаммаси Ал-Азҳар университетида таҳсил олишади.

Озодлик: Улар Ўзбекистондан Халқ таълими вазирлигининг йўлланмаси билан келганми?

- Мен аниқ маълумотга эга эмасман. Чунки талабаларнинг кўпчилиги расман Ўзбекистон ҳукумати томонидан юборилган бўлмайди. Кўпчилиги ўзи ҳужжат топшириб¸ ўзи ўқиб юрган талаба.

Ушлаб кетилган талабаларнинг ҳукумат томонидан расман юборилганлиги ҳақида маълумот йўқ.

Озодлик: Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасининг вакиллари келиб¸ улардан хабар олиб турибдими?

- Мен бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга эмасман. Бу тўғрида ҳеч ким билмайди.

Озодлик: Олдинлари шундай ҳаракат бўлганми? Яъни элчихона вакиллари келиб¸ ўзбекларнинг тарафини олганми?

- Йўқ. Мана Россия ëки Қозоғистон талабаларини қамаб қўйса¸ консуллик ëли элчихона вакиллари бориб уларни чиқариб олишга ҳаракат қилиб юришади.

Лекин Ўзбекистон вакиллари бунақа қилиб юришганини бирор марта эшитмаганмиз. Ўзбекистон консуллиги вакилларини ўзбек талабаларини ҳимоя қилиш қизиқтирмаса керак¸ дейди исмини айтилишини истамаган суҳбатдош.

Иккинчи суҳбатдошимиз Қоҳирадаги дорилфунуннинг собиқ ўзбек талабаси. У ҳам Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси ўзбекларга ҳуқуқий ëрдам кўрсатмаганлигини айтади.

- Ўзбекистондан кимдир борганини мен билмайман. Мен у ëқдалик пайтимда ҳам ҳеч ким бормаган. Булар қайтаришга “лаббай” дейишади¸ дейди икинчи суҳбатдошимиз.

Бу суҳбатдошимизга кўра¸ Қоҳирадаги қўлга олишлар Мисрда муҳожирларни рўйхатга олиш ва назорат билан боғлиқ мураккаб жараëнга бориб тақалади.

- Полиция прописка текширади. Прописка бўлмаса¸ ҳайдайди. Прописка бўлса¸ тегмайди. Лекин кўпинча прописканинг бўлмаслигида ўзининг айби бўлади.

Мана мен битта дўстимга ўзим бориб прописка талаб қилганман. Битта пропискани саккиз ойга чўзишади¸ дейди Қоҳирадаги дорилфунуннинг собиқ ўзбек талабаси.

Қоҳирадаги биринчи суҳбатдошимиз 28 ëшда. Учта фарзанди бор. Бундан сал олдин у киши ҳам Миср миршаблари қўлида тутқун бўлган эди.

- Улар нега олиб кетаëтганини сизга тушунтириб ўтирмайди. Улар кўчадан ëки уйдан олиб кетишади. Уларни визангиз бор ëки йўқлиги қизиқтирмайди. Олиб кетиб савол-жавоб қилади. Ҳатто қўйиб юборса ҳам¸ нимага олиб келганининг сабабини айтишмайди. Ҳаммаси сирли бўлади.

Кўп ҳолатларда олиб кетганда¸ визангиз бор ëки йўқлигидан қатъий назар депорт қилиб юборади. Ичкарида ейиш-ичиш қийин демаса¸ жуда қийин деб бўлмайди. Тазйиқ бўлиши мумкин. Электр токи урдирилганини ҳам эшитганмиз¸ дейди биринчи суҳбатдошимиз.

Иккинчи суҳбатдошимиз у кишини кўриш учун қамоқхонага икки марта борганини мана бундай тасвирлайди.

- Икки марта борганман. Бир марта шахсан ўзим ўша ерда ўтирганга передача олиб борганман. Кичкина бир хона. Ўша хонанинг ичига 40-50-100 нафар одам киради. Уларнинг саноғи йўқ.

Қанча ушлашса¸ ҳаммасини ўша ерга кирғизишади. Дипломат ҳам¸ кўчадаги ўғри ҳам бир қатор бўлиб ўтиради. Ҳеч қанақа тешик¸ вентиляция йўқ.

Эшик очилса¸ ичидан тутун чиқади. Чунки ҳаммаси сигарет чекади. Чой ëки бошқа нарсаларни пулга сотиб оласиз. У хонадаги ҳаводан молхонанинг ҳавоси тозароқ¸ дейди иккинчи суҳбатдошимиз.

Суҳбатдошларимизнинг ҳар иккаласи ҳам Мисрдаги қўлга олишлар доимий такрорланадиган полиция тадбири эканини айтишди.

Қоҳирадаги облавалар янги нарса эмас. Кўпинча талабалар бир бирига яқин туради. Ўша районга келиб ушлаш бўлади¸ дейди иккинчи суҳбатдошимиз.

Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги билан боғланиш учун қилган ҳаракатларимиз самара бермади.
XS
SM
MD
LG