Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:36

Сув масаласи яна кун тартибида


4 июн куни Душанбе шаҳрида Марказий Осиё сув хўжалигини назорат қилиш комиссиясининг навбатдаги 53-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Марказий Осиёнинг барча давлатларидан вакиллар қатнашди.

Мазкур йиғилишининг кун тартибидан жой олган асосий масала жорий йилда Амударё ва Сирдарё сув заҳираларидан тўғри фойдаланиш масаласи бўлди.

Комиссиясининг навбатдаги йиғилиши жорий йил минтақа сув заҳираларини тақсимлаш юзасидан қизғин баҳслар билан бошланди.

Йиғилишида қатнашаётган Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Шавкат Ҳамроев ўз давлати Марказий Осиё давлатларининг жорий йилда Тўқтоғул сув омбори заҳираларидан фойдаланишга доир Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон таклиф этган тўрт ёқлама баённомани имзоламаслигини маълум қилди.

Ўзбекистонлик вакил бунга ҳужжатда Ўзбекистон улуши оз қилиб кўрсатилгани сабаб эканини айтди. У Тўқтоғул сув омборидан Ўзбекистонга узатиладиган сув ҳажми секундига 200 куб/метр эмас, балки 350 куб/метр қилиб кўрсатилишини таклиф қилди.

Қозоғистон сув заҳиралари бўйича қўмита раиси ўринбосари Амирхон Кеншимов минтақада сув тақсимотига доир баҳслар ҳануз давом этаётгани ва позициялар барчага маъқул томонга ўзгармаётганида Ўзбекистонни айблади.

- Сув масалалари бўйича музокаралар ўтказиш ва унда тегишли протоколлар имзолаш борасида позицияларимиз турли хил. Хусусан, Ўзбекистон ҳар гал ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда икки ёқлама шартномалар имзолашни истайди. Уларнинг назарида бу тўғри йўл.

Аммо, бизнингча, минтақадаги сув муаммоси умумий муаммо, биз ҳаммамиз биргаликда ишлашимиз ва муаммони ҳамжиҳатликда ҳал қилишимиз керак. Акс ҳолда, баҳс жараёни чўзилиши табиий, деди қозоғистонлик вакил.

Амирхон Кеншимовга кўра, минтақа давлатлари ўртасида давом этаётган сув жанжалининг яна бир сабаби “айрим давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий мақсадларда давлатлараро имзоланган ҳужжатлар шартларини бажармаслигида”дир.

Тожикистон сув ва миллорация вазири Саид Ёқубзод минтақа давлатлари орасида сув заҳираларини тақсимлаш ва тўғри фойдаланиш борасидаги англашмовчиликка барҳам бериш ва давлатлар томонидан фойдаланилаётган сув заҳираларини биргаликда назорат қилиб туриш мақсадида минтақада ягона гидропост қуриш таклифини илгари сурди.

- Минтақа сув заҳираларининг 9,5 куб/метри Тожикистонга тегишли. Аммо биз шу миқдор сувнинг 5,5 куб/метрини сарфлаймиз. Қолган 3,5 куб/метр сув Орол денгизи учун Тожикистон ажратаётган ҳиссага қўшилиш ўрнига дарёлар қуйида жойлашган давлатлар томонидан ўзлаштирилиб олинаяпти. Буни биз яхши биламиз. Аммо аксарият оммавий ахборот воситалари Оролнинг қуриётганида Тожикистонни айблаши аламли, деди тожикистонлик вакил.

Саид Ёқубзод давлатлар орасида “сув ўғирлаш”га барҳам бериш ва Оролга тегишли улушнинг Оролга етиб боришини таъминлаш учун ҳам минтақа давлатлари фойдаланаётган сув заҳираларини биргаликда назорат этиб туриш ва зарур ахборотлар олиш мақсадида бугун минтақада ягона замонавий гидропост қуриш зарурлигини таъкидлади.

Бу таклиф Ўзбекистондан бошқа давлатлар вакиллари томонидан маъқулланди.

- Мен тожикистонлик касбдошим Саид Ёқубзоднинг таклифини қувватлайман. Ҳозирда ҳар бир давлат ҳудудида мавжуд гидропостларга ўтиб, зарур маълумотларни олиш жуда қийин. Чунки давлатларо мавжуд виза режими эмин-эркин ҳаракатланишимизга, ишлашимизга халақит беради.

Менимча, ягона гидропостнинг қурилиши ҳаммамиз учун қулайлик туғдиради ва аниқ маълумотлар олиш ҳам осон кечади. Орадаги бир-биридан хавфсирашга ҳам, муаммоларга ҳам барҳам берилади, деди Қирғизистон сув хўжалиги департаменти бош директори Равшанбек Қамчибеков.

Биз бу борада Ўзбекистон томонининг ҳам фикрини ўрганишга уриндик. Аммо ўзбекистонлик вакил Шавкат Ҳамроев минтақа сув заҳиралари ва Тожикистондан ортиб қолаётган сувнинг дарёлар қуйидаги давлатлар томондан яширинча ўзлаштирилаётганига борасидаги Тожикистон иддаосига оид ўз фикрини Комиссия йиғилиши якунида билдиришини маълум қилди. Бироқ Душанбе вақти билан соат 19.20 да тугаган йиғилишдан кейин ҳам Шавкат Ҳамроев журналистлар саволига жавоб беришни истамади.

Тожикистон сув ва мелиорация вазири Саид Ёқубзод Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида давлатлараро шартнома имзоланмагани учун бу икки давлат вакиллари Тўқтоғул сув омборидаги сув заҳираларидан фойдаланиш борасида ўзаро келиша олмаганларини айтди.

Айни пайтда тожикистон вакили Амударё сувини тақсимлаш юзасидан томонлар ўзаро бир битимга кела олганларини қайд этди.
XS
SM
MD
LG