Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:11

Чегара ҳамон ёпиқ


Ўзбекистон чегарасидан бу мамлакатга бориш учун виза олган тожикистонликлар ҳам ўтказилмаяпти.
Ўзбекистон чегарасидан бу мамлакатга бориш учун виза олган тожикистонликлар ҳам ўтказилмаяпти.

Хонобод шаҳрида юз берган воқеалардан кейин Ўзбекистон томонидан бир тарафлама ёпилган ўзбек –тожик чегараси шу кунларда ҳам очилгани йўқ. Ўзбекистонга бориш учун виза олган тожикистонликлар ҳам чегарадан ўтказилмаяпти.

Зокиржон ака Собиржонов Душанбе шахрида яшайди. 70 ёшни қоралаб қўйган. Ўзбек-тожик чегарасидан ўтолмай, ноиложликдан бизга қўнғироқ қилиб, дардини айтди.

Маълум бўлишича, отахон ҳафта бошида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасида виза олишга эришган. Қариийб 500 километр йўл босиб, Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳрига ўтиш учун Конибодомдаги “Патар” чегара постига борган.

- Хўжанд шаҳридан Конибодом туманига бордим. У ерда автостанцияда бошқа автомашинага ўтириб, “Патар” чегара постига етиб бордим.

Тожикистон чегарачилари: “Отахон бекор келибсиз, ўзбеклар ўтказмайди, биз ўтказаяпмиз, майли борингчи, ёшингизни инобатга олиб, зора ижозат беришса”, дейишди. Лекин ўзбек чегарачилари ўтказмади, - дейди Зокиржон Собиржонов.

Озодлик: Нима учун ўтказишмади, сабабини айтишдими?

Зокиржон Собиржонов: “Тожикистонликлар ўтказилмасин, деган буйруқ чиққан, мумкин эмас”, деди ўзбек чегарачиси.

Озодлик: Шундан кейин ортингизга қайтингизми?

- Йўқ. Илтимос қилдим, визам бор, дедим. Кейин ўзбек чегарачиси: “120 сомон (қариийб 27 доллар) беринг, ўтказаман”, деди. Мен, пенсионерда бунақа пул йўқ, десам, “Ўтказмайман, орқангизга қайтинг”, деди чегарачи, - дейди Зокиржон Собиржонов.

Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида биз Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси консули Зафар Раҳимжонов билан боғландик.

Озодлик: Элчихонада Тожикистон фуқароларига виза бериляптими?

Зафар Раҳимжонов: Албатта. Виза берилиши тўхтатилгани йўқ. Белгиланган тартиб бўйича иш олиб боряпмиз.

Озодлик: Лекин виза олиб, чегарадан ўтолмай қайтиб келган
тожикистонликлар бизга қўнғироқ қилиб, уларни чегарадан ўтказмаганликлари ҳақида арз қилишди.

Зафар Раҳимжонов: Мумкин бу масала Фарғона вилояти билан боғлиқ бўлса керак.Чунки Андижондаги воқеалардан кейин Тожикистон ва Қирғизистон чегаралари ёпилган.

Озодлик: Шунингдек, Тошкент шаҳрининг тантаналари муносабати билан ҳам чегаралар ёпилган, дейишмоқда.

Зафар Раҳимжонов: Йўқ,йўқ. Биз бундай хабарни эшитганимиз йўқ. Чунки марказдан бу борада алоҳида кўрсатма келгани йўқ.

Навбатдаги суҳбатдошимиз 75 ёшли Акбарали Маъмуров Спитамен туманидаги “Плотина” чегара пости яқинида истиқомат қилади.

Спитамен Ўзбекистоннинг Бекобод тумани билан чегарадош.Отахоннинг қариндош-уруғлари Бекобод ва Пскентда яшайди.

Отахоннинг айтишича, ҳар ҳафта икки-уч марта Ўзбекистонга бориб, жигарбандларидан хабар олиб келарди. Бир ҳафтадан буён постга бориб, қайтиб келаяпти.

Чегарачиларга: “Мени танийсизларку, нега чегарадан ўтказмайсизлар?” деса ўзбекистонлик чегарачилар : “Мумкин эмас, буйруқ бор”, деб жавоб беришган.

Лекин айрим тожикистонликларнинг айтишларича, пул ҳамма нарсани ҳал қилади.

“Тожик чегарачилари ҳам Ўзбекистон чегарачилари ҳам ўз улушини олиб, чегарадан ўтказади”, дейди Фарғонага жаназага бориб келган хўжандлик аёл.

- Тожикистон божхонаси ва чегарасидан ялиниб, аранг ўтдик. Ўзбекистон чегарачилари ва божхоначиларидан ташқари милиция вакилларига ҳам пул бериш керак.

Бир азоб уқубатлар билан бордик. Қайтишда эса ўзбеклар бутунлай ўткани қўйишмади. Ёш болалар билан адирлару тоғлар орқали, дарёларни кечиб Тожикистонда ўтайлик десак, ўзимизни чегарачилар: “Қайси йўл билан ўтган бўлсаларинг, ўша йўл билан қайтинглар”,деб азоб беришди. Мажбур уларга ҳам пул бериб чегарадан ўтдик, - дейди хўжандлик аёл.
XS
SM
MD
LG