Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:19

Европа парламенти таркиби деярли ўзгаришсиз қолди


Европа парламентига ўтказилган сўнгги сайловларда¸ овоз берувчилар фаоллиги мисли кўрилмаган даражада паст бўлди.
Европа парламентига ўтказилган сўнгги сайловларда¸ овоз берувчилар фаоллиги мисли кўрилмаган даражада паст бўлди.

Европа парламентига бўлиб ўтган сайлов натижалари¸ мураккаб иқтисодий вазиятни бошдан кечираëтганига қарамай¸ аксар европаликлар отларни кечувда алмаштирмаслик нақлига содиқ қолганини кўрсатди.

Айрим мустасноларни ҳисобга олмаса¸ Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат сайловчилари Европа парламентидаги сиëсий кучлар нисбатини ўзгартирмаслик ниятини намойиш қилдилар.

Давом этаëтган иқтисодий бўҳронга қарамай¸ марказ-ўнгчилар яна Европа парламентидаги аксар ўринни эгалладилар¸ социалист ва сўлчилар ҳозиргача эгаллаб турганини ҳам бот бердилар.

Иқтисодий ва сиëсий маҳвумликдан фойдалана олган ашаддий ўнгчилар эса¸ ўз позицияларини мустаҳкамлаб олдилар.

Сайлов дастлабки натижаларини эълон қилган Европа комиссияси расмийси Жоакин Алмуния сайловдан сўнг ҳам ЕИ нинг сиëсий кўриниши ўзгаришсиз қолганини билдирди.

- Менимча¸ сайлов натижалари Европа парламенти таркибининг ўзгаришсиз қолгани¸ сиëсий гуруҳлар¸ Европадаги турли сиëсий оилалар нисбатининг деярли айнан сақланганини кўрсатди¸ деди Алмуния.

Германия¸ Франция ва Италияда иқтидордаги марказ-ўнгчи партиялар осонлик билан сайловчилар овозини қозонган бўлса¸ Испанияда мухолифатдаги консерватив Халқ партияси иқтидордаги социалистлардан устун келди.

Европа парламентига сайловлар глобал иқтисодий бўҳрон¸ иттифоқнинг кенгайиши¸ муҳожирлар ва жиноятчиликнинг ортиши билан боғлиқ хавотирлар кучайган бир кезда ўтказилгани боис¸ бундай асабийлик муҳити айрим давлатларда ашаддий ўнгчиларнинг таянч қозонишига замин яратди.

Мусулмон жамоси кенгайиб бораëтган Ҳолландия ва ЕИ нинг Болқонга нисбатан ëндашуви қабул қилинишини пайсалга солиб келаëтган Австрияда сайловлар давомида айнан муҳожирлар билан боғлиқ қўрқувлар устун келди¸ дейиш мумкин. Зотан¸ бу икки мамлакат¸ шунингдек Британия сайловчилари ҳам Европа парламентига айнан муҳожирлар оқимини тўхтатиш лозимлигини таъкидлаëтган ашаддий миллатчилар вакилларини сайладилар.

Иккинчи маротаба Европа парламентига ўз вакилларини сайлаган шарқий Европа давлатларида овоз берувчилар иқтисодий бўҳрон оқибатларини бартараф эта олмаëтган иқтидордаги партияларни жазолаб¸ улар мухолифларини қўлладилар.

1979 йилда илк бор таъсис этилганидан бери Европа парламенти сайловларида овоз берувчилар фаоллигининг ҳозиргача кўрилмаган даражада паст бўлгани ва иттифоқ бўйича жами овоз берувчилар сонининг 43 фоизини ташкил этгани айтилмоқда.

Европа комиссиясининг Ахборот стратегияси бўйича вице-президенти Марго Уолстром¸ бу кўрсаткич кўпчиликнинг капалагини учириб юборганини яширмади.

- Бу жуда ҳафсалани пир қилгулик¸ айниқса овоз берувчиларни сафарбар қилиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилган Европа парламенти учун. Менимча¸ бунинг сабабларидан бири¸ сайловолди баҳсининг ҳар бир давлатда асосан ички муаммолар атрофида ўралашиб қолганидир. Биз бу сайлов жараëнини кўпроқ Европа сиëсий мубоҳасасига айлантириш устида ишламоғимиз лозим¸ деди Уолстром хоним.

Мустақил кузатувчилар¸ Европа Иттифоқи сайловчиларининг Европа парламенти сайловларига нисбатан қизиқиши пастлиги сабаби¸ парламентнинг кўпроқ рамзий характерга эга эканлиги билан боғламоқдалар.

Гарчи аъзо давлат қонунчилигига оид ҳужжатларнинг қарийб 80 фоизи Европа парламенти тасдиғидан ўтгачгина кучга кирса-да¸ ташқи сиëсат¸ фуқаролик ва муҳожират масалалари¸ бюджет ва солиқлар масаласи тўлғича миллий ҳукуматлар назоратида қолмоқда.
XS
SM
MD
LG