Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:20

Тан олинмаган олий маълумотлилар


Ўзбекистонлик талабалар¸ Тожикистондаги таълим сифати ҳақдаги танқидларда кўп ҳам асос йўқлигини айтишмоқда.
Ўзбекистонлик талабалар¸ Тожикистондаги таълим сифати ҳақдаги танқидларда кўп ҳам асос йўқлигини айтишмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон Таълим вазирликлари томонидан чиқарилаётган қарорлар туфайли қўшни давлат олийгоҳларида ўқиётган талабалар ўз мутахассислиги бўйича ишлай олмаяптилар.

32 ёшли Гулнора Ражабова 2004 йили Сурхандарё вилоятининг Узун туманига қарашли Амир Темур қишлоғидан Душанбега ўқиш учун келди.

Ўша йили у Тожикистон педагогика университети ўзбек филологияси факультетининг сиртқи бўлимига ҳужжат топширди.

- Ҳар йил 150 доллардан шартнома пули тўладим. Бўлиб-бўлиб ҳам тўладик, жойи келганда бирдан ҳам тўладик. Ўқиш жиҳатидан бўлса, яхши билим ололдик. Имтиҳонларни билимимиз асосида топширдик.

Масалан, кўпчилик айтарди “Тожикистонда ўқисанг, пулга ўқийсан” деб. Аммо ундай бўлмади, аксинча талаб кучли эди. Қийинчиликлар ҳам бўлди, дейди Гулнора.

Қийинчиликлар деганда Гулнора ўзбек-тожик чегараларидаги муаммолар, виза олишдаги саргардонликлар, Тожикистон олий ўқув юртларида, ким бўлишидан қатъий назар, давлат тилини билиши шартлиги кабиларни назарда тутаётган бўлса ажаб эмас.

Аммо шунча сарф-харажат, беш йиллик меҳнатдан сўнг диплом олишга муваффақ бўлган Гулнора бугун ўз ватанидаги мактабда ўқитувчилик қилиш ҳуқуқига эга бўлолмаяпти.

- Чунки Тожикистонда ўқиганларга мактабда ишлаш мумкин эмас экан. Ўзимизда нострификация қилганимиздан кейин ишлашга рухсат берилар экан. Унгача мумкин эмас экан. Ўзбекистон келажаги учун хизмат қилишни хоҳлаймиз, шунинг учун ҳам ўқидик. Лекин иккиланиш бор, дейди ўзбекистонлик Гулнора.

Суҳбатдошимиздан нега иккиланаётганини сўрадик.

- Ҳа энди, нострификациядан ўтмай қолишим ҳам мумкин-да. Нега деганда ўтган йили бир юзи неча киши ҳам ўта олмай, мана ҳозир тадбиркорлик билан шуғулланаяпти, дейди Гулнора.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Тожикистон дипломига эга ўзбекистонликларнинг кўпи бугун ишсиз қолган.

3 фарзанднинг онаси Гулнора ҳам 2008 йилгача ўзи яшаётган қишлоқ мактабида ўзбек тили ва адабиётидан болаларга дарс берган. Аммо Тожикистонда ўқиётгани сабабли у ишдан бўшатилган.

Гулнора 2009 йил давомида турмуш ўртоғи билан деҳқончилик қилиб, шунинг ҳисобидан рўзғор тебратганини айтади.

Ўзбекистон Таълим вазирлиги Тожикистон дипломларини нострификациядан ўтказишга доир қарорини эълон қилганидан кейин 2007 йил майида Тожикистон таълим вазирлиги ҳам унга муқобил қарор имзолади. Мазкур қарорга кўра, Тожикистон олий ўқув юртларига ҳужжат топширмоқчи бўлган ўзбекистонлик фуқаролар Тожикистон таълим вазирлигида нострификациядан ўтиши, барча ҳужжатлар тожик тилига таржима қилиниб, тасдиқланиши лозим.

Айни пайтда бу жараённинг ўта мураккаблиги, серхаражатлиги ҳамда Тожикистон дипломи бундан буён Ўзбекистон мактабларида тан олинмаслигига қарамай, ҳар йили ўзбекистонлик фуқаролар Душанбедаги олий ўқув юртларига ҳужжат топширишда давом этмоқдалар.

Гулноранинг айтишича, бу Тожикистонда ўқиш Ўзбекистондагидан арзонлиги, шартнома пули музлатилганлиги, қолаверса, Ўзбекистонда сиртқи бўлимда ўқиш тартиби бекор қилинганлиги билан боғлиқ. Тожикистондаги кўпгина олий ўқув юртларида эса бу тартиб амал қилиб турибди.

Суҳбатимиз сўнгида Гулнора икки мамлакат ўртасидаги муносабат келажакда ўнгланиши, таълим вазирликларининг нострификацияга оид қарорларда ҳам ўзгаришлар бўлишига умид билдирди. Акс ҳолда, суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистонда тан олинмаган олий маълумотлилар сони ўсишда давом этади.
XS
SM
MD
LG