Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:43

Америка мусулмонлар сасини эшитмоқда


Мусулмон ўлкаларидан келган санъаткорлар¸ Американи ўз маданияти билан таништириб¸ орадаги шубҳани кўтаришга хизмат қилмоқчи.
Мусулмон ўлкаларидан келган санъаткорлар¸ Американи ўз маданияти билан таништириб¸ орадаги шубҳани кўтаришга хизмат қилмоқчи.

Ню-Йоркка ташриф буюрган 300дан зиëд мусулмон рассомлар¸раққос¸ гўянда¸ созанда ҳунарманд¸ ҳаттот ¸наққош ¸заргар¸ муқаввос ва абру-баҳор усталари 10 кун давомида исломий нафосат нималиги ҳақида Aмерикага мужда бердилар.

"Мусулмонлар саси¸ санъати ва ғоялари " деб аталган исломий санъат фестивали 10 кун давом этади.

Бу фестивал америкаликлар юзидан мусулмонлар ҳақидаги ëлғон тушунчалар пардасини сидириб ташлайди деган умид бор.

Фестивал кураторларига кўра ушбу тадбир динлар ва маданиятлараро мулоқотнинг самарали кўринишидир.

Бруклин мусиқа академиясининг маҳобатли биносидан ичкари ҳатлаган томошабин турк гулқандларининг лаззатидан тамшаниб¸ настаълиқда ҳат машқ қилаëтган ҳаттотлар ишидан ҳайратланиб¸ ҳониш қилаëтган араб мутриблари санъатидан баҳраманд бўлади.

Мутрибо созингни чал ...

Бруклин мусиқа академияси раиси Karen Brooks Hopkinsга кўра исломий фестивал ғояси анча илгари айтилган аммо тўсиқларга дуч келган.

11 сентябр портлашларидан зада бўлган қулоқлар исломий сасларга қулоқ тутармикан деган андиша бор эди.

2006 йилда Дания нашрлари ислом пайғамбарини ҳажв қилиб чиққани жанжалга сабаб бўлган пайтда исломий фестивалнинг нақадар зарурлиги аëн бўлди.

Ню–Йоркда ўтаëтган фестивал исломга нисбатан кин ва адоват пардасини очади, дейди Ҳопкинс:

- Биз муҳокама учун муштарак нуқталарни топмоғимиз лозим. Айнан муштарак нуқталар бир биримизни тушуниш ва ўзаро адоватни камайтиради. Агар биз ўзаро адоват чўғини ўчира олсак янада самарали ва уйғунроқ ҳаракат қилган бўлур эдик¸ дейди Ҳопкинс.

Фестивалда исломий санъат дарғалари сенегаллик ҳофиз Юсуф Нодир ва эронлик замонавий рассом Ширин Нешода ҳам иштирок қилмоқда.

Миср¸ Тунис ва Ливандан келган раққосларнинг оëқларига илинган қўнғроқлар жаранги қулоқни қоматга келтиради.

Раққослар гуруҳи етакчиси Ëсир Ҳалифа араб рақсларининг жозибаси америкаликларни кўлвор илон каби ўзига жалб қилганини айтади:

- Улар бу рақсларни чандон севишади. Бу рақс оҳангларида ирғишламайдиган одамни ҳали учратмадик. Сиз бизнинг оҳангларга рақс тушар экансиз демак сиз бизнинг маданиятни ҳис қиласиз. Мусулмонлар террорчилар деган иддаога биз санъатимиз¸ ғояларимиз ва маданиятимиз билан рад жавобини берамиз, дейди араб раққоси.

Фестивал АҚШнинг мусулмон дунëси билан мулоқот кўприги қураëтган бир пайтга тўғри келди.

АҚШ президенти Барак Обаманинг Қоҳирадаги мусулмонларга ҳитобидан икки кун ўтиб очилган бу фестивал санъат ҳам дипломатия қуроли бўлиши мумкинлигини исботлагандай.

Ню Йоркдаги фестивалда Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистондан санъаткорлар қатнашмаëтганидан афсусдаман¸ дейди фестивал ташкилотчиларидан бири Вишакҳа Десай:

- Ўзбекистондан фақат бир санъатшунос олим иштирок қилмоқда ҳолос. Биз Марказий Осиëдаги санъаткорлар билан яҳши мулоқот олиб бордик. Масалан¸ Бухородаги рақс гуруҳи ва Қозоғистондаги дарвеш рассомларни америкага олиб келишга қурбимиз ҳам пулимиз ҳам етмади.

Янаги сафар ўзбек санъаткорлари фестивал шоҳсупасида бўлишига ишонаман¸ дейди Вишакҳа Десай.
XS
SM
MD
LG