Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:03

Эрон:Овозлар қайта саналадиган бўлди


Ички ишлар вазирлиги таъқиқига қарамай¸ 15 июн куни Мусавийнинг юз минглаб тарафдорлари яна Теҳрон марказий хиëбонига тўпланди.
Ички ишлар вазирлиги таъқиқига қарамай¸ 15 июн куни Мусавийнинг юз минглаб тарафдорлари яна Теҳрон марказий хиëбонига тўпланди.

Ислоҳотчи номзод Мусавий тарафдорларининг норозилик намойиши чоғида юзага чиққан тўқнашув оқибатида 7 одам нобуд бўлди. Мамлакат Посбонлар кенгаши кескинликни юмшатиш учун президентлик сайловида берилган овозларни қайта санаш ҳақда қарор берди.

Душанба куни Теҳрон маркази ислоҳотчи номзод Мир Ҳусайн Мусавийнинг юз минглаб тарафдорлари билан тўлиб тошди. Гарчи Эрон Ички ишлар вазирлиги душанба кунги норозилик тадбирини олдиндан таъқиқлаган бўлса-да¸ ички қўшинлар миллионга яқин норозилар юришини тўхтатишга урингани йўқ.

Шанба куни тонгда иқтидордаги президент Маҳмуд Аҳмадийнажод 12 июн кунги сайловлар ғолиби деб эълон қилинганидан саноқли соатлар ўтиб¸ Мир Ҳусайн Мусавий тарафдорлари ўз норозиликларини ифодалаш учун кўчаларга чиқдилар.

Мусавий ва унинг тарафдорлари жума кунги сайлов натижалари Аҳмадийнажод фойдасига сохталаштирилгани даъво қилиб¸ бу натижалар бекор этилишини талаб қилмоқдалар.

Мусавий тарафдорлари билан юзага чиққан қатор тўқнашувлардан сўнг¸ душанба куни Ички ишлар вазирлиги бундай тадбирларни таъқиқлади.

Бироқ бундай таъқиқ Эронда сиëсий ва иқтисодий ислоҳотлар истаëтган юз минглаб оддий халқнинг Теҳрон марказий хиëбонига чиқишига тўсиқ бўла олмади. Вазирлик таъқиқига қарамай¸ Мусавий ўз тарафдорларини Инқилоб хиëбонига юриш қилишга чақирди ва асосан Интернет орқали тарқаган бу чақириққа унинг юз минглаб тарафдорлари лаббай деб жавоб берди.

Сайловлардан сўнг мамлакатда юзага келган сиëсий кескинликка муносабат билдирган Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Ҳоманейи Мусавийни сайловларга оид ўз эътирозларини қонуний асосда тақдим этишга чақирди.

Мусавий сайловлардаги сохтагарчиликлар ҳақда ғикоят билан Посбонлар кенгашига расман мурожаат қилган ва кенгашнинг 10 кун ичида ўз қарорини билдириши кутилмоқда.

Кейинги икки кун давомида Теҳрон ва бошқа шаҳарларда 150 дан ошиқ ислоҳотчи арбоблар¸ инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистлар ҳибсга олинди. Шу муносабат билан кузатувчилар¸ мамлакатда репрессиянинг янги тўлқини бошланишидан огоҳлантирмқодалар.

Душанба тонгда хавфсизлик кучлари Теҳрон университети ëтоқхонасига бостириб кириб¸ ислоҳотчиларга тарафдор талабаларни ҳибс қилганлар. Якшанба кечқурун фаол талабалар Аҳмадийнажоднинг қайта сайланганига норозилик билдириб¸ “Йўқолсин диктатор!“ шиорларини ўртага қўйган эдилар.

Ëтоқхонада рўй берган ҳибсга олиш саҳнасини кузатган талабалардан бири¸ хавфсизлик кучлари ҳатти-ҳаракатларидан қўрқувга тушганини айтади.

- Мен ўз кўзим билан кўрганларимга ҳамон ишона олмаяпман. Аҳмадийнажод тарафдори бўлган бир талаба Мусавий тарафдорини бор кучи билан уришга ўтди. Бунга муносабат билдирган хавфсизлик ходими унга ўз ëтоқдошини калтак билан уришни тавсия қилди¸ дейди душанба кунги воқеаларга гувоҳ бўлган теҳронлик талаба.

Кузатувчиларга кўра¸ ҳозирда Эрон кўчаларида қайнаб-тошаëтган эҳтирос ва норозилик¸ 1979 йилги Эрон Ислом инқилобидан бери мисли кўрилмагандир.

Мамлакатда кескинлашиб бораëтган сиëсий бўҳрон ечими эндиликда олий руҳоний қарорига боғлиқ. Кейинги хабарларда айтилишича¸ Эрон Посбонлар кенгаши жума кунги сайловда берилган овозларни қайта санашга қарор қилган.
XS
SM
MD
LG